Электрон тижорат қоидалари ишлаб чиқилди

Электрон тижорат қоидалари ишлаб чиқилди

Ўзбекистон Республикасида Электрон тижорат қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси Давлат хизматлари ягона порталига муҳокама учун жойлаштирилди. Муҳокамалар февраль ойи сўнгига қадар давом этади. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.

Ҳужжатда ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилган ҳужжат ёзма кўринишда таркиб топган ҳамда тарафлар томонидан имзоланиб, уларнинг муҳрлари билан тасдиқланган шартнома билан тенглаштирилгани қайд этилди.

Қоидалар лойиҳасида келтирилишича, электрон тижорат шаклида маҳсулотларни сотиш, ишларни амалга ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш учун рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Бундан ташқари, шахсий автомобиль транспортида маҳсулотларни ташиш учун лицензия олиш ҳам шарт эмас (қонунда кўрсатиб ўтилган истиснолардан ташқари).

Электрон тижорат шаклида маҳсулотларни сотиш, ишларни амалга ошириш ва хизмат кўрсатишда алоҳида бухгалтерлик ҳисобини юритиш ҳам зарур эмас.

Қоидаларда электрон савдо майдонлари (электрон тижорат учун вебсайтлар ёки мобиль иловалар) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан шакллантириладиган вебсайтлар ва бошқа электрон манбалар ягона реестрига киритилиши шарт.

Шунингдек, ҳужжатда электрон тижорат майдонлари, электрон шартнома, етказиб бериш ва тўловларни амалга ошириш масалалари, электрон тижоратда экспортни амалга оширишнинг ўзига хосликлари ҳам келтириб ўтилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!