Facebook очмаяпти. Бу бизнеслар учун нима дегани?

Facebook очмаяпти. Бу бизнеслар учун нима дегани?

IWC  ва Global Stats берган маълумотларга кўра Ўзбекистон аҳолисининг 47% бугунги кунда интернетга киради. Булардан айнан Facebook ва YouTube тармоғида вақт ўтказадиганлар ўртача ҳисобда 1М~1.2 миллион кишини ташкил этади. Лекин бугунги кунда бу иккала тармоқ ҳам мамлакат ҳудудида ишламаяпти. Қуйида каминанинг шу борадаги шахсий фикрлари билан ўртоқлашаман.

БИЗНEС ВА ОНЛАЙН САВДОГА ТАЪСИРИ

Нима бўлганда ҳам, бугун масалани бизнес томонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Мамлакатимизда инновациялар ва IT соҳасига катта эътибор берилаётгани ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кундаги бу икки ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилиши маркетингда камида битта муаммони белгилаб беради. Чунки, янги очилаётган бизнес стартаплари ва мавжуд бизнеслар учун реклама майдонини сезиларли даражада торайиши яхшилик аломати эмас. Ҳар қалай фаcэбоок бутун дунёда бўлаётган digital marketing (интернет рекламанинг) 19.7% га эгалик қилади.

Келинг энди бугунги кундаги ҳолатни мисол тариқасида кўриб чиқайлик. Масалан, Абдужалил янги мобил иловасини реклама қилишни хоҳлайди. Янги онлайн стартап бўлганлиги сабабли, телевидение, газета ва биллбоардлар иқтисодий ва платформа тарафдан қулай танлов эмас. Абдужалил 15-20 ёшдаги йигитлар учун эркаклар кийимини харид қилиш мумкин бўлган мобил иловасини реклама қилиши керак. Унинг учун энг қулай танлов - СММ (Social Media Marketing), яъни ижтимоий тармоқларда реклама қилиш. Бугунги кунда энг қулай вариант (Facebook ва YouTubeнинг блокланганлиги сабабидан) - телеграм каналлари. Аммо телеграм каналларида реклама бераётганда “target audience profiling” деган нарсани унутишга тўғри келади. Кун.узда 500минг дан ортиқ фойдаланувчи бўлса ҳам, уларнинг сонини биз ёш категорияси, жойлашган вилояти, жинси бўйича била олмаймиз. Телеграмда эса глобал реклама платформаси йўқ. Бу дегани Абдужалил турли каналларда ҳар бирига алоҳида пул тўлаб, реклама қилишига тўғри келади. Агар Facebook ишлаётган бўлганида қуйидаги ҳолат юзага келар эди:
Абдужалил ўз ҳисобига 100$ пул ўтказади ва қўйилган рекламани кимлар кўришини белгилаши мумкин - “фақат эркаклар, ёш гуруҳи 18-20, фақат Ўзбекистон ҳудудида бўлганларга бу реклама кўринсин” деган тугмаларни босади вассалом. Facebook унга қанча одамга рекламаси етиб бориши, қанча одам унинг дастурини реклама орқали юклаб олгани ҳақидаги маълумотларни чиройли графа шаклида таклиф қилади.

Аслини олганда Абдужалил бу ишларни ҳозир ҳам қилиши мумкин. Лекин Facebook нинг аксар ўзбек сегменти ВПН дастурлар орқали унга кираётганини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга Абдужалилнинг рекламаси кўринмайди. Чунки ВПН аллақачон уларнинг ИП адресини Нидерландия, Америка ёки дунёнинг бошқа бир бурчагидаги серверидан олиб ишлатаётган бўлади.

Айтганча, кимдир Хитой каби давлатларни мисол қилиб келтириб, биз шунга ўхшаш “виртуал изоляция” йўлидан кетмоқдамиз деб айтиши мумкин. Лекин биз ҳали Хитойнинг “Baidoo” ёки “WeChat” каби бир пайтнинг ўзида онлайн-тўлов, ижтимоий тармоқ ва қидирув системасини ўрнини босадиган тармоқ яратганимиз йўқ.

Хуршид Марозиқов

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!