Firefox браузери энди кучсиз компьютерларда ҳам яхши ишлайди

  •   DiMaX
  •  870
  •  17.04.2017 11:05

Firefox браузери энди кучсиз компьютерларда ҳам яхши ишлайди

Веб-браузерлар қурилманинг тезкор хотираси ҳажмига ўта боғлиқ дастурлар қаторига киради. Шу боис ҳам дастурчилар, иш вақтида камроқ хотира эгаллаши учун браузерларни ҳамиша оптималлаштириб боришади.

Масалан, ўтган йили Chrome дастури тезкор хотирани аввалгисига нисбатан 50 фоизга кам талаб қиладиган бўлиб қолди. Mozilla компанияси эса янада катта қадам ташлади – унинг Firefox дастури янги версиясида браузерни ҳар бир компьютернинг айнан ўзига, аниқроғи – тезкор хотирасининг бўш жой ҳажмига мослаб созлаш имконияти вужудга келмоқда.

Firefox чет кенгайтмалар билан ҳам яхши келишади, аммо, Mozilla’нинг таъкидлашича, улардан айримлари компьютер ишини сезиларли даражада секинлатиши мумкин. Шу боис ишлаб чиқувчилар браузерга «Firefox’ни оптималлаштириш» тугмачасини киритишмоқчи. Унда браузер ўчириб-ёқилганидан кейин барча кенгайтмалар ёпилади. Бу ҳаракат зарурат туғилганда браузер ишини тезлаштириш имконини беради. Кейин фойдаланувчи керакли кенгайтмаларни ўзи ёқиб олиши мумкин бўлади.

Firefox 55 версиясида «Контент-жараёнлар» деган яна бир фойдали функция пайдо бўлади. Айни дамда Firefox фақат иккита жараённи (ядро ва контент учун) қўллаб-қувватлайди, лекин 55-версиясидан бошлаб у, худди Chrome ва Safari сингари, учта ёки ундан ортиқ жараёнлар билан ишлай оладиган бўлади. Бунинг эвазига эса Firefox бир нечта варақа очиқ турганида ҳам яхши ишлай билади.

«Контент жараёнлари сонининг оширилиши Firefox’нинг бир неча варақадан фойдаланишда ҳам янада тезкорроқ ишлашига ёрдам беради, аммо бу хотирани кўпроқ сарфлашга ҳам олиб келади», – дейишмоқда ишлаб чиқувчилар.

Кучсиз компьютер соҳиблари учун яна бир имконият тақдим этилади – варақалар, меню ва бошқа жойларда фойдаланувчи интерфейсининг анимациясини ўчириб қўйиш мумкин бўлади.

Таъкидлаш керакки, Firefox’да жиддий ўзгаришлар шу йилнинг охирига борибгина жорий этилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!