Фуқарони 52 та маълумотномани тўплашдан халос қилувчи “Нотариус” тизими ишга тушади

Фуқарони 52 та маълумотномани тўплашдан халос қилувчи  “Нотариус” тизими ишга тушади

Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистонда бирмунча кўп мурожаат қилинадиган давлат хизматларидан бири ҳисобланади. Нотариусда олди-сотди битимини рўйхатдан ўтказиш ҳаётимиздаги энг оғир ва қийин жараён эканлигини ҳар биримиз биламиз. Боиси, бу нозик жараён фуқародан 11 та идорага мурожаат қилиб, 52 та маълумотни тўплаш (кўпинча бир бирини такрорловчи 17 турдаги маълумот), энг камида 14 кун югур-югур билан банд бўлишни талаб қилади.

Тошкент шаҳрида 2017 йил 1 июлидан, Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида эса 2018 йил 1 июлидан  “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилади. Натижада, аҳоли нотариал битим учун зарур ҳужжатлар учун давлат идораларида навбат кутиб, вақт йўқотмайди, керакли маълумотларни шахсан йиғиш заруратига ҳожат қолмайди. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар тарқатмоқда.

Ўзаро электрон алоқа қилишга асосланган автоматлаштирилган ахборот тизимини киритиш ёрдамида эса Нотариал идорага фақат ариза беришнинг ўзи кифоя (шахсий кадастр рақами ва паспорт маълумотларинигина тақдим этганча).

Ушбу тизим қуйидагиларни кўзда тутади:

  • Турли муассасалардан кўп сонли, масалан, коммунал корхонадан коммунал хизматлар бўйича қарздорликнинг йўқлиги, кадастр органларидан мулкни бошқариш ҳуқуқи ва ушбу кўчмас мулкни сотиш мумкин эмаслиги бўйича хатловнинг йўқлиги, паспорт столи ёки фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари (маҳалла) дан яшовчи шахслар миқдори, солиқ органларидан солиқ тўловлари бўйича қарзларнинг йўқлиги тўғрисидаги ва ҳ.к. қоғоз-маълумотларни йиғиш бўйича талабларни бекор қилади;
  • нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган процедураларни автоматлаштиради;
  • кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини сотиш ҳамда бегоналаштиришга таъқиқ бўйича маълумотларнинг ягона базасини шакллантириш;
  • нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро ўзаро электрон алоқа қилиш йўли билан давлат хизматларини кўрсатиш;
  • регламентация, шунингдек, фуқароларга қулай бўлиши учун коммунал корхоналар томонидан сотишдан олдинги инспекцияга аризалар беришни соддалаштириш.

Мулкка ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишга аризани икки усул – Ягона интерфаол давлат хизматлари портали (ЯИДХП)  (www.my.gov.uz) даги шахсий кабинети орқали ёхуд ариза берувчида Интернет тармоғига уланиш имкони бўлмаган ҳолларда – шахсан нотариал идорага мурожаат қилганча бериш мумкин.

Нотариуснинг  ўзи 3-5 иш куни давомида  кўчмас мулкнинг олди-сотди (алмаштириш ёки ҳадя қилиш) битимини нотариал қайд қилиш истагини билдирган шахсларда мулкка бўлган ҳуқуқ ва қарздорликнинг мавжудлигини текширади.

Ушбу маълумотларни тақдим этишга сўров Нотариус томонидан алоҳида идоралар ва хўжалик органларига электрон тарзда юборилади. Қарздорликнинг йўқлиги ҳақидаги тасдиқ ҳам давлат органларининг ўзаро электро алоқаси йўли билан реал вақт тартибида олинади. Бунда уй ва квартираларни назорат қилиш Нотариус томонидан сўровнома тушган кундан бошлаб уч кун ичида амалга оширилади. Шундай қилиб, рўйхатдан ўтказишнинг бутун жараёни 5 иш кунида ҳал бўлади.

Ушбу тизим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги  “Идоралараро электрон ўзаро алоқани қўллаш билан битимларнинг нотариал гувоҳномасини тартибга солишни такомиллаштириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори асосида, Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагидаги “Э-Ҳукумат самарали давлат бошқаруви учун” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралида тасдиқланган  2017-2021 йилларда Ўзбекистон ривожланиши бўйича ҳаракатлар Стратегиясида нотариал идоралар фаолиятини идоралараро ўзаро электрон алоқа қилиш йўли билан, шунингдек, нотариат соҳасида аҳоли ва бизнесга хизмат кўрсатишнинг интерфаол давлат хизматини кўрсатиш йўли билан автоматлаштириш вазифаси қўйилган. Шу муносабат билан кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг янги тартибини татбиқ этиш ушбу соҳада тўлақонли интерфаол давлат хизматларини жорий қилиш бўйича дастлабки қадам бўлади.