Galaxy S9 тақдимотидан олдин ундан кучли, аммо 5 карра арзон «хитойча S9» тайёрланди

  •   DiMaX
  •  3568
  •  22.12.2017 12:53

Galaxy S9 тақдимотидан олдин ундан кучли, аммо 5 карра арзон «хитойча S9» тайёрланди

Жанубий кореялик техногигантнинг Galaxy S9 смартфони ҳамда унинг «плюсли» талқини 2018 йилнинг феврали сўнгида – MWC 2018 кўргазмаси доирасида тақдим этилиши кутилаётир. Бироқ ундан аввал – кеча Хитойдаги Bluboo компанияси ўзининг янги смартфонини – «хитойча S9»ни тайёрлаганини ва у Samsung’нинг бўлажак флагманидан кўра устунликларга эга эканлигини маълум қилди. Бу тўғрида AKKet нашри хабар берган.

ЎҚИНГ: Samsung’нинг тақдим этилмаган бу смартфони Geekbench’да энг юқори балл тўплади!

Ишлаб чиқарувчи компания ушбу Bluboo S9 смартфонининг суратларини тақдим этди ва уни Samsung Galaxy S9 билан таққослаб кўрсатди. Хитойча бренднинг таъкидлашича, унинг янги қурилмаси жанубий кореяликларнинг флагманидан яхшироқдир. Зеро, у Galaxy S9’дан кўра 3–5 бараварга арзон турса-да, худди уникидек хусусиятларга эга, тағин ташқи кўриниши ҳам деярли фарқ қилмайди.

Шунингдек, Bluboo S9 смартфонининг техник хусусиятлари ҳам ошкор этилди. Мазкур гаджетнинг ромсиз OLED-экрани томонлари ўзаро 18,5:9 нисбатига эга. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2960х1440 пикселли, яъни Quad HD+ форматида.

Девайснинг «юраги» сифатида 10 ядроли MediaTek Helio X30 процессори танланган. Смартфон 6/8 ГБ тезкор ва 64/128 ГБ доимий флеш-хотирага эга.

Bluboo S9 моделининг асосий камераси 16 мегапикселлик иккита Sony сенсорини ўз ичига олади. Селфи учун эса 12 мегапикселли камера ўрнатилган. Булардан ташқари, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, унинг бу янги қурилмаси юз сканерига ҳам эга. Афтидан, бу ерда қиёфасига кўра шахсни тасдиқлашнинг дастурий усули ҳақида гап кетмоқда, у эса iPhone X суперфлагманидаги Face ID даражасида ишончли эмас.

ЎҚИНГ: Android учун «дунёдаги энг зўр» юзни таниш тизими Россияда яратилди

Samsung Galaxy S9 флагманидан кучлироқ Bluboo S9 смартфони қора, кумушранг, тилларанг ва мовий тусли корпусларда ишлаб чиқарилади. Унга Android 8.0 Oreo операцион тизим талқини ўрнатилган.

Бу қизиқарли смартфоннинг оммавий намойиши қачон бўлиб ўтишига Bluboo аниқлик киритмаган. Бироқ тахминларга кўра, уни 2018 йилниyг январь–февраль ойларида тақдим этишса керак.

Табиийки, Galaxy S9’дан 3-5 карра ҳамёнбоп ҳолида ҳам 8/128 гигабайтлик хотирага, яна Samsung флагманининг классик версиясида йўқ қўшалоқ объективли асосий камерага эга бўлган Bluboo S9 – фойдаланувчилар учун қизиқ вариант. Энди ҳақиқий таққослаб кўриш учун бу иккала қурилманинг расмий тақдимотини кутиш қолди, холос. Бу борада янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Эксклюзив: Galaxy S9 тақдимот куни маълум, янги видеосини томоша қилинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!