Google 4 октябрда Andromeda номли операцион дастурни тақдим этиши мумкин

Google 4 октябрда Andromeda номли операцион дастурни тақдим этиши мумкин

АҚШнинг Google компанияси 4 октябр куни бир қатор янги маҳсулотларини оммага намойиш қилади. Уларга янги сериядаги Pixel смартфонлари, Android Nougat версиясининг қўшимча  имкониятлари, смарт-рутер Google Wi-Fi қурилмасини киритиш мумкин. Шунингдек, компания вице-президенти Хироши Локхеймер томонидан эълон қилинган твитга кўра, 4 октябрда Google Android ва Chrome OS операцион тизимлари гибридини намойиш этишни ҳам режалаштирган. Ҳозирча янги операцион тизим Andromeda номи билан юритилмоқда ва у кейинги йилда сўнгги форматда ишга туширилади.

Android ва Chrome OS операцион тизимлари бирлашувидан яратиладиган янги дастур ҳақида кўпдан бери турли тахминлар берилади. Сабаби Android дастури кодларида Chrome OS операцион тизими фрагментларининг пайдо бўлиши “яшил робот” функцияларини кескин ошириб, уни турли мобил қурилмалар, жумладан, ноутбук-трансформерларга ҳам қўллаш имкониятини тақдим қилади. Янги дастурнинг дебюти билан боғлиқ маълумот оммабоп The Wall Street Journal нашри томонидан ҳам тасдиқланган. Барча тафсилотларга 4 октябрда ойдинлик киритилади Кутамиз, бу сафар қидирув гиганти нима янгиликларни ҳавола этар экан.