Google Pixel 4 ва 4 XL'ларнинг тақдимот санаси расман маълум қилинди

Google Pixel 4 ва 4 XL'ларнинг тақдимот санаси расман маълум қилинди

Аввал ҳам хабар берганимиздек, Google ўзининг янги Pixel смартфонларини 15 октябрь санасида тақдим қилиши кутилаётган эди.Кеча Google ОАВларга яқинлашиб келаётган тақдимот учун таклифномалар жўнатди. Уларда бу тахминий сана тасдиқланган.

Таклифномада кўп нарса маълум қилинмаган — фақатгина воқеа санаси (15 октябрь) ва у ўтказиладиган шаҳар (Нью-Йорк) кўрсатиб ўтилган.

Расман очиқланган расмлар ва сизиб чиққан бир қатор батафсил маълумотлар сабаб ҳозирда Google Pixel 4 ва 4 XL'ларнинг техник жиҳатлари ҳақида анча кўп маълумотга эгамиз, деб айта оламиз.

Агар аввалги миш-мишлар тўғри бўлса, унда Pixel 4 XL 90Hz частотали 6.3" AMOLED дисплейга эга бўлади, Pixel 4'га ҳам худди шундай жиҳатли 5.8 дюймли экран ўрнатилган бўлади.

Смартфонларда биометрик маълумотлардан юзни таниш тизими бўлади, худди iPhone'лардаги каби. Pixel 4 XL'нинг аккумулятори 3,700 мА/соат сиғимли бўлса, Pixel 4'да 2,800 мА/соат бўлади. Ҳар икки қурилма ҳам 6ГБ оператив, 128ГБ доимий хотирада ишлайди.

Асосий орқа камера f/1.7 апертурали 12МП Sony IMX363 датчиги бўлса, телефото камера эса 16МП Sony IMX481 сенсоридан фойдаланади.

Қуйидаги видеода бўлгани каби Motion Sense (“Ҳаракатни сезиш“) номли функция сизга қўлингизни силкитиш билан турли амаллар бажариш — масалан, қўшиқни ўзгартириш, қўнғироқлар ва будулникни овозсиз қилиш — имконини беради.

"Reach to check phone" ("Телефонни текшириш учун яқинлашинг") номли функция ҳам бўлиб, кафтингизни экран юзаси бўйлаб ҳавода ҳаракатлантирсангиз, билдиришномалар, вақт ва бошқа маълумотлар экранда кўринади. Бу жиҳат бир қатор Motorola телефонларида ҳам бор. 

Смартфон ҳақида кўплаб маълумотлар ошкор қилинган бўлса ҳам, тақдимотда яна кўплаб янгиликлар бизни кутиб турган бўлиши мумкин. Шунингдек, нархни ҳам билиб оламиз. Тафсилотларни биз билан кузатиб боринг. 

ЎҚИНГ: Google Pixel 4 XL ва Samsung Galaxy Note 10 Plus'ларнинг камераси таққосланди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!