Google Search’га “илтимос” ва “раҳмат” изҳор қилган буви қаҳрамонга айланди

Google Search’га “илтимос” ва “раҳмат” изҳор қилган буви қаҳрамонга айланди

Бугун “интернет одамлари” деган янги тоифадагилар пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти интернетда хушмуомалаликни унутиб қўяди. Интернетдан ўзларига керак маълумотни топишади ва ундан фойдаланишади. У маълумотни тармоққа киритган кишининг меҳнати билан деярли ҳеч кимнинг иши йўқ.

Аммо кечагина британиялик 86 ёшлик онахоннинг Google қидирув тизимига савол йўллаб билдирган “илтимос” ва “раҳмат сенга” деган изҳорлари интернетда ҳам қанчалар хушмуомала, боадаб бўлиш мумкинлигини кўрсатди.

Мэй Ашворт исмли инглиз хоними Google’да “илтимос, “mcmxcviii” рим рақамларини ўгиришга ёрдам берсанг, сенга катта раҳмат” деган ёзувни қидирувга берган ва “1998” деган жавобни олган.

Бу ёзувни унинг ноутбукида невараси Бен Эккерсли кўриб қолиб, бувисидан нега Google’дан илтимос қилгани ва тизимга раҳмат айтганини сўраган. Мэй хоним эса илтимос қилиш ва ёрдам берганларга раҳмат айтиш умуминсоний удумлигини айтади. Бундан таъсирланган Бен бу ҳодисани жамоатчиликка етказмасликка ўзида куч топа олмаган.

Сиз кўриб турган, онахон қидирув тизимига киритган ёзув қисқа фурсатда оммалашиб кетиб, Мэй Ашворт интернет оламининг энг боадаб ва севимли фойдаланувчисига айланади.

Мазкур ҳодисадан хабар топган Google бунга қуйидаги муносабат билдирди.

“Қадрли Беннинг бувиси,

Ишонамизки, аҳволингиз жуда яхши.

Жаҳон бўйлаб миллиардлаб қидирувлар орасидан сизникига ҳузурланиб кулдик.

Сиз берган саволнинг жавоби “1998” эди.

Сизга катта раҳмат!”

— @Google’нинг Британия бўлинмаси

Қадрли, бувижон,

Раҳматга ҳожат йўқ.

Самимият билан,

— @Google

Шундай қилиб, хушмуомала инглиз буви жаҳон интернет фойдаланувчиларга инсонга хос умумбашарий анъанани эслатиб қўйди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!