Ҳамёнбоп “Honor 5C” эртадан халқаро бозорда сотила бошлайди

Ҳамёнбоп “Honor 5C” эртадан халқаро бозорда сотила бошлайди

Huawei компанияси бу ҳақда ўзининг Twitter саҳифасида эълон қилди. Смартфон биринчи бўлиб, 20 ва 22 юнда Буюк Британия ва Ҳиндистонда намойиш этилади ва сотувга чиқарилади.

Бунинг учун Honor 5C смартфонининг махсус халқаро талқини ишлаб чиқилган.  Honor 5C Хитойда шу йилнинг апрель ойида тақдим этилган эди.

Honor 5C металл корпусли, бармоқ излари сканерига эга ҳамёнбоп мобиль алоқа воситаси бўлиб, Хитой смартфон бозорида 3G алоқа тармоғига мўлжалланган талқини 139 АҚШ долларидан сотилмоқда. Унинг 4G талқини бир оз қимматроқ.

Huawei Honor 5C 5,2 дюймли Full HD (1920 х 1080 пиксель сиғимига эга) дисплейга, 13 мегапикселли бош ҳамда 8 мегапикселли олд камераларга эга.

Смартфоннинг аппарат дастурий таъминоти 8 ядроли Kirin 650 процессори, 2 ГБ тезкор хотира ва 16 ГБ доимий ички хотирада фаолият кўрсатади. Шунингдек, унинг хотирасини microSD қўшимча хотира бўлмачаси ёрдамида катталаштириш мумкин.

Смартфон 2 та SIM-картани, LTE Cat.6 (4G-модель), Bluetooth 4.1, Wi-Fi (802.11 b/g/n), GPS, ГЛОНАСС ва Beidou, FM-радио каби алоқа технологияларини қўллаб-қувватлайди.

Унинг аккумулятори 3000 мА соат электр токи сиғимига эга.

Huawei Honor 5C ўлчамлари: 147,1 x 73,8 x 8,3 мм, оғирлиги — 156 грамм.

“Ақлли телефон” Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг EMUI 4.1 мослаштирилган талқинида фаолият кўрсатади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!