Ҳаптик тугмалар "отмен", ўзимизни босиладиган тугмалардан қўймасин

Ҳаптик тугмалар

Apple'нинг бўлажак iPhone 15 сериясидаги Pro моделлар анъанавий босиладиган тугмалар ўрнига босимни сезувчи ва вибрация билан жавоб қайтарадиган "қаттиқ тугмалар" билан жиҳозланиши анчадан бери миш-миш қилиб келинаётган эди. Бироқ, таниқли Apple таҳлилчиси, Минг-Чи Куонинг сўнгги "башорати"га кўра, янги авлод iPhone Pro смартфонлари бундай ҳаптикларга эга бўлмайди.

Куонинг сўзларига кўра, iPhone 15 Pro смартфонлари ҳам "техник носозликлар туфайли" оддий моделлари каби жисмоний, босиладиган тугмаларга эга бўлади:

"Менинг сўнгги таҳлилларим шуни кўрсатадики, оммавий ишлаб чиқаришдан олдин ҳал этилмаган техник муаммолар туфайли иккала юқори сифатли iPhone 15 Pro моделлари (Pro ва Pro Мах) яқиндан кузатилган қаттиқ ҳолатдаги тугмалар дизайнидан воз кечиб, анъанавий жисмоний тугмалар дизайнига қайтади", – дейди Минг-Чи Куо.

Таъкидлаш жоизки, iPhone 15 Pro смартфонлари худди iPhone 7 моделининг бош тугмасига ўхшаш босимни сезувчи ва вибрация билан жавоб қайтарувчи тугмаларга эга бўлиши ҳақида ҳам биринчилардан бўлиб Минг-Чи Куо хабар ўтган йилнинг октабр ойида хабар берган эди.

Куонинг айтишича, янгилик амалга оширилиши учун ҳали умид қилсак бўлади: iPhone 15 Pro ҳали муҳандислик текшируви ва синовидан ўтиш жараёнида ва Apple'да унинг дизайнини ўзгартириш учун вақт бор. Лекин, агар ҳаптик тугмалар янги смартфонлар кўриниш бермайдиган бўлса, унда улар 2024 йилги iPhone смартфонларига ўрнатилиши айтилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!