HP Elite x2 1012 G2 – ҳали тақдим этилмаган Surface Pro 5 рақиби

  •   DiMaX
  •  853
  •  09.06.2017 12:45

HP Elite x2 1012 G2 – ҳали тақдим этилмаган Surface Pro 5 рақиби

Яқиндагина Microsoft компанияси, ўзининг Surface Pro 5’ни яқин келажакда кутмаслик кераклигини, бунақа қурилма ҳозир шунчаки мавжуд эмаслигини айтган эди. Мазкур янгилик ушбу турдаги гаджетлар ишқибозларининг ҳафсаласини пир қилган эди, аммо кутилмаганда HP компанияси шунга ўхшаш ечим таклиф қилди. У иккинчи авлод Elite x2 1012 планшеткомпьютерини тақдим этди, деб ёзади 4pda.ru.

Таъкидлаш керакки, оригинал Elite x2 1012 қурилмаси 2015 йили ишлаб чиқарилган эди. Янги модель ҳам ташқи кўриниши жиҳатидан ўз авлодидан унчалик фарқ қилмайди, бироқ унинг «ички дунёси» янгиланган. Янги – HP Elite x2 1012 G2 модели худди Microsoft’нинг Surface Pro туркумидаги планшетлари дизайнида ишланган. У планшетни стол устида ёки бошқа текис юзада қулай жойлаштириш  учун кўтарма таглик билан жиҳозланган.

Иккинчи авлод HP Elite x2 1012 планшети тўрт хил модификацияда тақдим этилади:

  • Intel HD Graphics 620 графикали Core i3 7100U (2,4 ГГц, икки ядро);
  • Intel HD Graphics 620 графикали Core i5-7200U (2,5-3,1 ГГц, икки ядро);
  • Intel HD Graphics 620 графикали Core i5-7300U (2,6-3,5 ГГц, икки ядро);
  • Intel HD Graphics 620 графикали Core i7-7600U (2,8-3,9 ГГц, икки ядро).

Илғор жамланмада планшет 16 ГБлик тезкор хотира ҳамда 1 терабайтлик SSD-диск билан таъминланган. Core i3 процессори ўрнатилган энг ҳамёнбоп версиясига эса 1 866 МГц частотада ишловчи LPDDR3 туридаги 4 ГБлик тезкор хотира ҳамда M.2 SATA турига мансуб 128 ГБ ҳажмли SSD-ташувчи ўрнатилган.

HP Elite x2 1012 G2 планшетига 2736×1824 пиксел сиғимли, диагонали 12,3 дюймлик сенсорли дисплей қўйилган ва у Corning Gorilla Glass тобланган шишаси билан ҳимояланган. Кўтарма таглик қурилмани стол юзасига нисбатан 165 даражагача бурчак остида кўтариб жойлаштириш имконини беради.

Жамланмада HP Elite x2 1012 G2 билан бирга стилус ҳамда уланувчи клавиатура ҳам тақдим этилади. Клавиатура планшетнинг версиясига боғлиқ ҳолда ўзаро фарқланади. Маълум бўлгани шуки, энг ҳамёнбоп жамланмада видеоанжуманлар учун ишлаб чиқилган Collaboration Keyboard клавиатураси бўлади. Унда тақвим – календарни ишга туширувчи, тақдимотларни бошқарувчи, шунингдек кирувчи қўнғироқларга жавоб берувчи тугмачалар ҳам ўрин олган. Планшетнинг қимматроқ версиялари жамланмасида келувчи Advanced Keyboard клавиатураси эса NFC-модул ва смарт-карталарни ўқиш қурилмаси билан жиҳозланган.

Хабарга кўра, HP Elite x2 1012 G2 шу йилнинг июль ойида $1 099 дан бошланувчи нархларда бозорга чиқарилади.