Huawei Honor 9 “эконом-флагмани” тақдим қилинди

Huawei Honor 9 “эконом-флагмани” тақдим қилинди

Huawei компанияси янги “Honor 9” смартфонини тақдим қилди. Honor 9 флагманга хос жиҳатларга эга қулай нархдаги мобил алоқа воситаси. Гаджет ташқи кўринишидан аввалги авлод — “Honor 8” смартфонини эслатиб юборади: олд томонида 2D эффектига эга шиша панел ҳамда орқа корпусни қоплаб олган 3D шаклидаги безак шишаси ва металл синч.

Бироқ, “аждоди”дан фарқли равишда, Honor 9’нинг бармоқ излари сканери орқа эмас, олд панелдаги тугмадан ўрин олган. Орқа панелга эса бренднинг логотипи туширилган. Смартфон кўк, кумуш ва тилла рангли корпусларда ишлаб чиқарилади. Унинг ён томондаги — шиша панелларни бирлаштириб турган металлдан тайёрланган синчлари корпус рангига бўялаган.

Бир қараганда, Honor 9 телефони айни пайтда Хитойда эҳтиёж юқори бўлган Xiaomi Mi 6 флагманига ҳам ўхшаб кетади ва инсайдерлар томонидан бозорга унга қарши чиқарилиши ҳам маълум қилинган.

Honor 9 смартфонининг 5,15 дюймли (IPS матрица) Full HD дисплейи олд панелнинг 70 фоиз майдонини эгаллаган. Маълум қилинишича, экраннинг сезгирлиги аввалги смартфонларга нисбатан 25 фоизга, ҳар бир тугмани босганда смартфоннинг ишлаш тезкорлиги 10 фоизга ошган.

Янги смартфон 8 ядроли, частота тезлиги 2,4 ГГц бўлган Kirin 960 процессори, Mali-G71 видеокартасига эга. Бу процессор, шунингдек Huawei P10 ва Mate 9 флагманларига ҳам ўрнатилган. Унинг доимий хотирасини microSD бўлмаси орқали кенгайтириш мумкин. Honor 9 Android 7.1.1’нинг ўзлаштирилган EMUI 5.1 талқинида фаолият кўрсатади.

Анъанага кўра, Honor 9 ҳам қўш объективли бош камерага эга бўлган. Бу модуллардан бири 12, бошқаси 20 мегапикселли. Уларнинг апертураси f/2,2. Бу сенсорларнинг бири монохром — манзарани оқ-қора, бошқаси рангли суратга олади. Натижада, суратнинг динамик диапазони кенгайиб, деталларга бой бўлади.

Бош камерада оптик барқарорлаштириш, лазерли автофокус, 2 каррали оптик яқинлаштириш функциялари, портрет жанрида суратга олиш режими мавжуд. Гаджетнинг олд камера сиғими 8 мегапиксел.

Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3200 мА соат бўлиб, смартфон USB Type-C универсал порти ҳамда Super Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувват олади. Яъни, 60 дақиқада қувватини 90 фоизга тўлдиради. Гаджетда инфра-қизил порт, Hi-Fi аудио процессори, NFC модеми мавжуд.

Ўлчамлари: 147,3 х 70,9 х 7,45 мм, 155 грамм.

Honor 9’нинг бош ўзига хослиги — бу нархи. 16 июндан Хитой бозорига унинг энг қуйи жиҳатларга эга талқини, яъни 4/64 ГБ хотирали талқини $338, 6/64 гигабайтли хотира талқини $390, энг юқори — 6/128 ГБ версияси эса $441 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳоннинг энг илғор процессори бўлган Snapdragon 835’да ишлайдиган Xiaomi Mi6 смартфонининг энг арзон, яъни 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 доллардан сотувга чиқарилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!