iPhone ва iPad’лардаги жой муаммосини iOS 11 ҳал этади

  •   DiMaX
  •  790
  •  18.07.2017 18:19

iPhone ва iPad’лардаги жой муаммосини iOS 11 ҳал этади

Apple компанияси iOS 11 операцион тизим версиясига яна битта янгилик қўшди: iPhone ҳамда iPad’ларда маълумотларни бошқариш бўйича тавсиялар берилади. Улар туфайли қурилмалар эгалари қайси илова кўп жой эгаллаганини аниқлабгина қолмасдан, балки унинг хотирасини тозалашлари ҳам мумкин бўлади.

Ўтган йили macOS Sierra версиясида ҳам шунга ўхшаш функция қўшилган эди: «Ушбу Mac ҳақида» – «Сақлаш жойи» – «Бошқариш» («Об этом Mac» – «Хранилище» – «Управлять»).

iOS 11 тизим версияси ўрнатилган iPhone ёки iPad’да эса, бунинг учун «Созламалар» («Настройки»)ни очиб, кейин «iPhone сақлаш жойи» («Хранилище iPhone») бўлимига ўтишингиз керак. Шу ерда сизга қурилмангизнинг хотирасини бўшатиш бўйича тавсиялар берилади. Янги функционал у ёки бу иловани охирги марта қачон ишлатганингизни кўриш имконини беради. Агарда бирор дастурдан анчадан бери фойдаланмаётган бўлсангиз, балки уни ўчириб ташлаш вақти келгандир?

Худди iOS 10 версиясида бўлгани каби, iOS 11 операцион тизим версиясида ҳам бирор илова хусусида батафсилроқ маълумот олиш учун унинг белгичаси устига босиш керак. Уларнинг айримларида (масалан, Safari браузерида) иловада тўпланиб қолган маълумотларни шу очилган менюнинг ўзиданоқ тозалаб ташлаш имкони бор. Баъзи дастурларни эса маълумотларини сақлаган ҳолда «олиб ташлаш» ёки бутунлай ўчириб ташлаш мумкин, холос.

Бунда, агарда iTunes Store ва App Store бўлимида «Ишлатилмаётганларини олиб ташлаш» («Сгрузить неиспользуемое») функцияси ёқилган бўлса, натижада фойдаланилмаётган иловалар автоматик тарзда ўчириб ташланади, аммо уларнинг ҳужжатлари ва маълумотлари сақланиб қолади. Агарда ўчирилган иловаларни App Store’дан ўрнатиб олиш имкони бўлса, кейинчалик уларни «битта чертиш орқали» қайтаришингиз мумкин бўлади.

Яна битта янги функция эса iPhone созламаларининг энг пастида жойлашган. Бу – «Тизим» («Система») бўлими бўлиб, ўрнатилган iOS қурилманинг хотирасида қанча жой эгаллаганини билиш имконини беради.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.