KOICA Ўзбекистондаги стартапларни қўллаб-қувватламоқчи

  •   DiMaX
  •  981
  •  02.02.2018 12:26

KOICA Ўзбекистондаги стартапларни қўллаб-қувватламоқчи

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) делегацияси шу кунларда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф мақсади – Савдо-саноат палатаси томонидан 2019 йилга режалаштирилаётган «Ўзбекистонда стартапларнинг потенциалини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» потенциал лойиҳаси бўйича дастлабки тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, иш бўйича ҳамкорлар, жумладан, Мирзо Улуғбек инновацион маркази ҳамда унинг резидентлари билан алоқалар ўрнатишдир.

ЎҚИНГ: Бобур Оқилхонов: «АҚШ инвесторлари Ўзбекистон билан жиддий қизиқишаяпти!»

Маҳаллий стартаплар экотизими тараққиётига Жанубий Корея мутахассисларини жалб этиш стратегик аҳамиятга эга. Зеро, мазкур мамлакат бир неча йилдан буён Bloomberg агентлигининг «Энг инновацион 50 мамлакат» рейтингида етакчилик қилиб келмоқда. Ушбу рейтингни тузишда илмий-техник тадқиқотлар ва ишланмаларга сарфланмалар, юксак технологияларнинг татбиқ этиш даражаси, олий таълимнинг кенг тарқалганлиги ҳамда патентлар соҳасидаги фаоллик асосий мезонлар бўлиб ҳисобланади.

Мирзо Улуғбек инновацион марказида меҳмонлар билан бўлиб ўтган учрашув ҳукумат ва хусусий тадбиркорликнинг ўзаро ҳамкорлиги соҳасига Жанубий Корея тажрибасини жорий этиш, шунингдек, юқори технологик потенциалга эга бўлган стартаплар ва янги бизнес йўналишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланди.

«Ўзбекистонда стартапларнинг потенциалини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» лойиҳасининг мақсад ва вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кореялик мутахассисларга унда етакчилик мақоми берилди. Улар мазкур лойиҳа амалга оширилишининг барча босқичларини назорат этишлари режалаштирилмоқда.

ЎҚИНГ: Йирик сармоядор Ўзбекистон IT-саноатига қизиқиш билдирмоқда

Шунингдек, KOICA делегацияси Мирзо Улуғбек инновацион марказининг резидентларидан бўлмиш «SSP-Maroqand» компанияси офисида ҳам меҳмон бўлди. FinTech базасида дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ушбу компания томонидан амалга оширилган йирик лойиҳалардан бири – электрон тўловларнинг UPAY универсал сервисидир.

Таъкидлаш керакки, «Ўзбекистонда стартапларнинг потенциалини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар» лойиҳасини 2019-2021 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

ЎҚИНГ: "Xавфсиз шаҳар" қуришда Ўзбекистоннинг биринчи йирик ҳамкори маълум бўлди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!