Кореянинг 500 млн доллар кредитига Ўзбекистон ўта керакли лойиҳани амалга оширади

Кореянинг 500 млн доллар кредитига Ўзбекистон ўта керакли лойиҳани амалга оширади

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълум қилишича, Корея Республикасининг Иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳамкорлик жамғармаси (Economic Development Cooperation Fund (EDCF) делегацияси ҳамда вазирлик раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда қайд этилгани каби, ахборот технологиялари, янги технологияларни ўзлаштириш ҳамда жорий қилиш мамлакат иқтисодиётини ривожлантирувчи ва барқарор ривожланиш суръатини таъминловчи муҳим омиллар сафига қўшилиб бўлди.

Жанубий Корея ҳукумати томонидан 1987 йилда асос солинган Иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳамкорлик жамғармаси айни пайтда кўплаб ривожланаётган мамлакатлар билан яқин иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган.

Жамғарманинг фаолият йўналиши ва лойиҳаларни Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш мамлакат иқтисодиёти ва ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шуни ҳисобга олиб, учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

Хусусан, учрашувда Иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳамкорлик жамғармаси Ўзбекистонга йўналтирадиган 500 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи эвазига амалга ошириладиган янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Шундай лойиҳалардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида коворкинг марказларини ташкил қилиш ташаббусидир. Бундай марказларда мунтазам равишда сармоядор ва ғоя эгаси иштирокида муҳокамалар, шунингдек машғулот ва семинарлар ўтказиш мумкин бўлади.

Учрашувда ҳар икки томон АКТ соҳасида истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканини маълум қилдилар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!