Кўламдор инновацияларга бой Windows 10’ни бепул юклаб олиш мумкин

Кўламдор инновацияларга бой Windows 10’ни бепул юклаб олиш мумкин

Microsoft компанияси бундан роппа-роса 1 йил муқаддам, 29 июль куни эълон қилган Windows 10 операцион тизими компания тарихидаги энг муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлди. Шу кунга қадар ушбу операцион тизим 170 миллиондан зиёд электрон қурилмаларга ўрнатилган.  Яъни, Windows 7 тизими шу давр оралиғида кўрсатган натижадан 145 фоизга кўп дегани.

Айни кунгача жаҳон бўйлаб фойдаланувчилар 100 млрд соатга яқин вақтини ушбу тизимда ўтказдилар. Мазкур натижа ва муваффақиятдан руҳланиб кетган компания операцион тизимнинг тақдим қилинганининг бир йиллиги муносабати билан унинг Windows 10 Anniversary (Юбилей талқини) талқинини  эълон қилди.

Компаниянинг маълум қилишича, жаҳон бўйлаб 350 миллиондан зиёд қурилмалар ўз тизимларини бепул янгилаб олишлари мумкин.

Windows 10 Anniversary’да амалга оширилган кенг миқёсли ўзгаришлар операцион тизимни нафақат такомиллаштирган, балки қўшимча функциялар билан ҳам бойитган. Ҳозир уни персонал компьютерларга, бир неча ҳафта ичида бошқа қурилмаларга ҳам юклаб олиш мумкин бўлади.

Янгиланишлар

Windows 10 Anniversary’да “Пуск” менюси ўзгартирилиб, энди ўрнатилган дастур ва иловаларнинг тўлиқ рўйхати, шунингдек огоҳлантириш ва билдиришномалар маркази акс этиб туради.

Шу билан бирга, дастурчилар Cortana овозли ёрдамчиси ҳақида ҳам унутмаганлар: энди мазкур ёрдамчи тизим блокировка тизимида ҳам фаолият кўрсатиб, унга буйруқ беришда фойдаланиш учун бир нечта янги тиллар ҳам қўшилган.

Windows иловалар дўконида Cortana овозли тизимида ишлашга мўлжалланган 1000 дан ошиқ иловалар мавжуд.

Энди тизим фойдаланувчидан унинг кундалик режаларидан келиб чиқиб, тушликка буюртма бериш, такси чақиртириш каби таклифларни сўраб кўради.

Экран блокировка қилинган бўлса ҳам, Cortana виртуал котиба сизга ёрдам беради. У бир вақтнинг ўзида бир неча қурилмаларга ишлашда мўлжалланган ягона дастур. Мисол учун, сиз Cortana огоҳлантиришини смартфондан олдингиз дейлик. Уни персонал компьютерда ўтириб ҳал қилсангиз ҳам бўлади. У сизни бу ерда ҳам танийди.

“Қани, Cortana, менга классик мусиқалардан қўйиб бер-чи”, десангиз бўлди, ёрдамчи зудлик билан сизнинг айтганингизни бажаради.

“Жонли плиткалар” ҳам ўзгаришлардан бебаҳра қолмаган. Энди улар бўлимларга бўлиб чиқилган. Microsoft Edge браузери ҳам янада қулайлаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар уни Windows дўконидан юклаб олишлари мумкин.

Шу билан бирга, Windows 10’нинг янги талқинида тўқ кўк рангли “мавзу” (тема) безаги ҳам қўшилган.

Windows Hello хавфсизлик тизими

Windows Hello тизими фойдаланувчилар учун аллақачон таниш. Компьютер камераси фойдаланувчининг юзи, кўзининг рангдор пардасини сканер қилиб, эгасини таниса, сўнг тизимга киритади.

Шунингдек, бармоқ изларини ўқувчи қурилма ёрдамида ҳам ушбу тизим хавфсизликни таъминлайди.

Янги талқинда Window’нинг Hello хавфсизликни таъминлаш тизимидан Windows Store’даги пуллик иловалар ёрдамида фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, янги талқиндаги операцион тизимда  Microsoft Edge браузеридан фойдаланиш учун ҳам биологик сканердан ўтиш керак бўлади.

Windows Ink орқали тизимни қаламча ёрдамида бошқариш

70% одамлар кун давомида ҳар соатда бир марта ручка ёки қалам ёрдамида қайдлар, эслатмалар ёзади. Блокнот, доскага ёзиш, ручкадан фойдаланишга одатланганлар учун Windows Ink функцияси тақдим этилмоқда. У орқали Windows’ни  махсус стилус ёрдамида бошқариш, эслатмалар ёзиш, чизмалар чизиш, доскадаги каби стикерлар тайёрлаш мумкин.

Windows Ink функцияси Харита, Microsoft Edge ва Office каби иловалар билан ўзаро боғлаб қўйилган.

Тизим ишлаб чиқарувчиларининг маълум қилишларича, Windows 10 Anniversary бундан кейин ҳам мунтазам янгилиб борилади ва имо-ишораларни, қайдномалар ёзиш ва чизиш функцияси бойитилади. Яқин ойларда операцион тизимнинг HoloLens голограмма виртуал воқелик шлеми ҳамда Surface Hub интерактив доскасига мўлжалланган талқинлари эълон қилинади.

1985 йилнинг 20 ноябрида икл маротаба тақдим қилинган Windows мана, 30 йилдан ошибди ҳамки, Windows очиқ эко-тизимга эга операцион тизим сифатида дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиб келмоқда. Биз эса булардан баҳраманд бўлишда давом этамиз.

Янги талқинни қандай олиш мумкин?
Windows 10’нинг “Юбилей талқини” Windows 10 операцион тизими бошқарувидаги компьютерларга уларнинг янги ёки аввалги қурилма эканлигидан келиб чиқиб, босқичма-босқич дунё миқёсида тарқатилади.
Янгиланишни олиш учун ҳеч нима қилиш шарт эмас: агар сиз автоматик янгиланишни ўрнатиш режимини танлаган бўлсангиз, тизим Windows Update хизмати орқали ўзи янгиланади.

Ёки «Windows’ни янгилаш маркази»га кириб, «Янгиланиш мавжудлигини текшириш»ни танланг. «Юбилей талқини» «Windows 10 Функциональ янгиланиш, 1607 талқин»ни танлаб “Ўрнатиш” тугмасини босса бўлди.