Кун фотожамланмаси: Xiaomi Mi A2

Кун фотожамланмаси: Xiaomi Mi A2

Ишончли инсайдерлар илк маротаба Xiaomi Mi A2 модели тўлиқ акс этган суратларни эълон қилдилар. Шу кунга қадар Xiaomi Mi A2 девайсини олд ва орқа томонидан томоша қилган эдик.

Жорий ойнинг якунида тақдимоти кутилаётган девайс бугун ўзини тўлиқ намойиш қилди.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi Mi A2 модели Mi 6X девайсининг халқаро бозорга мўлжалланган, яъни "тоза" Android операцион тизимига эга бўладиган талқини ҳисобланади. Унда фирманинг ўзлаштирилган дастурий таъминот тизими бўлмайди.

Суратларда акс этишича, корпус етарли даражада юпқа. Орқа панелдаги бош камера модулининг корпусдан бўртиб чиқиб тургани ҳам бу фикрни асослайди.

Корпус қуйисида овоз динамикларининг туйнуклари, шунингдек USB-C портига жой ажратилган. Корпус юқорисида эса маиший техника воситаларини смартфон ёрдамида бошқариш имконини берадиган Инфра-қизил порт мавжуд.

Mi A2 смартфони 2,2 ГГц частота интервалида ишловчи 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 660 процессорига эга бўлади. Adreno 512 график чипи тасвирларни тезкор ишлайди. Смартфоннинг 5,99 дюймли IPS-экранининг томонлар нисбати 18:9 ўлчамда бўлиб, тасвир аниқлиги 2160х1080 пикселга тенг (Full HD+ формати).

Xiaomi Mi A2 асосий камераси қўш сенсорли: 20 ва 12 мегапикселли датчиклардан иборат. iPhone X бош камераси каби юқори чап бурчакда тикка жойлашади. Смартфоннинг олд камераси 20 мегапикселли сурат олади.

USB Type-C порти, Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган 3010 мА/соат аккумулятори, Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0, A-GPS ҳамда 4G VoLTE модуллари билан бу модел ўзига хос.

320 АҚШ долларидан бошлаб сотилиши кутилаётган Xiaomi Mi A2 смартфони 24 июлда, нисбатан соддароқ талқин бўлиши кутилаётган Xiaomi Mi A2 Lite билан бирга тақдим қилинади.