"Малика"дан савол: "iPhone X'нинг Galaxy S9'дан қандай устунликлари бор?"

Айни пайтда смартфон бозорининг иккита кучли девайси бор: кореялик Galaxy S9 ҳамда америкалик iPhone X. Келинг, уларни ўзига хос жиҳатлари билан танишиб чиқамиз. Аввал iPhone X флагманининг устун жиҳатлари билан танишсак.

  1. A11 Bionic ҳозирча энг кучли мобил процессор

Ҳар бир янги авлод флагманининг янада кучли процессорга эга бўлиши анъанавий воқеага айланди. Samsung Galaxy S9 талқинларидан бири 8 ядроли Snapdragon 845 чипига эга бўлди. Snapdragon 835 чипининг ўрнига келган бу чип Qualcomm ҳозирча ишлаб чиқарган ва Android девайсларга мўлжалланган энг кучли процессор. Бироқ Apple чипсети тестларда устунлигини намойиш қилмоқда.

Мисол учун, Geekbench 4 бенчмаркининг кўп ядрода ишлаш имтиҳонларида  Snapdragon 845 чипига эга Galaxy S9+ флагмани 8 295 балл тўплаган. Аndroid-смартфонлар орасида бу энг зўр натижа. Бироқ,  A11 Bionic чипига эга iPhone X 10 357 балл тўплаган.

Смартфондан фойдаланганда бундай чип мураккаб вазифаларни осонлик билан бажаради. Мисол учун, видео тасвирни қайта ишлаганда. Дейлик 2 дақиқалик ва 4К сиғимли роликни Adobe Premiere Clip иловасида 1080p сиғимга айлантириш вазифаси қўйилди. Galaxy S9+ бу ишни 2 минут 32 секундда бажарса, iPhone X флагманига бунинг учун бор-йўғи 42 секунд вақт керак.

  1. Аниможи технологияси селфиможини доғда қолдиради

Apple ишлаб чиққан аниможи функцияси сизнинг қиёфангизга тақлид қилади ва унинг виртуал шаклини яратади. Эксперт ва фойдаланувчиларнинг фикрича, бу технология Samsung Galaxy S9'да татбиқ қилинган селфиможидан анча яхши.

Боиси селфиможи кўпроқ виртуал аватар яратишга ўхшайди. Яъни, смартфон ишлаган сурат фойдаланувчи кўринишига ўхшамайди. Мисол учун, Samsung технологияси юз мимикасини ифодалаб бера олмайди.  Шунингдек, фойдали созламалар ҳам чегараланган.

  1. Face ID ҳозирча кучли технология

iPhone X эга бўлган қиёфани таниш технологияси ҳозирча энг ишончли ва келажаги бор. Яқинда тақдим қилинган Mi8 смартфонини ҳисобга олмаганда, ҳали бошқа бирор мобил телефон бундай жиҳатга эга бўлмаган. TrueDepth номли датчикларга асосланган Face ID юздаги 30 000 дан зиёд кўзга кўринмас белгиларни сканер қилади ва унинг харитасини ишлаб чиқади. Apple бундай технологиядан тўловларни амалга оширишда ҳам фойдаланиш, унга ишониш мумкинлигига ишонади. Galaxy S9 ишлаб чиқарувчиси эса ўзининг смартфонига бунчалик ишонч билдирмайди.

Samsung флагманлари ҳам фойдаланувчининг қиёфасини танийди. Бироқ, бунинг учун фақатгина дастурий алгоритмга асосланган селфи-камера ишлайди. Натижада бундай функция камера қаршисида кўзойнак ёки соқолда пайдо бўлиб қолсангиз, сизни танимайди. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқарувчи гаджетга кўзнинг рангдор пардасини текширувдан ўтказиш технологиясини жорий қилган. Бироқ бу ҳам Face ID'нинг ўрнини боса олмайди.

 

  1. Bixby ҳали Siri бўла олмайди

Apple жорий қилган овозли ёрдамчи камчиликлардан тўлиқ холи эмас. Буни ундан фойдаланиб кўрган ҳар бир инсон билади. Бироқ айрим ҳолларда Siri бехато ишлайди ва фойдаланувчининг кўнглидан жой олади: будильникни созлаш, матнни таниш ҳамда териш, эслатмаларни тайёрлаш. Буларнинг барчасини iPhone X флагманида овоз ёрдамида, яъни қўлни ишлатмай туриб бажариш мумкин.

Samsung флагманларидаги Bixby ёрдамчиси эса такомиллашбиб ораётган бўлса ҳам, ҳали-бери у Siri'га ета олмайди. Ҳаттоки унинг тил борасидаги имкониятлари ҳам чегараланган. Эҳтимол кун келиб у ҳам Apple ва Microsoft ишлаб чиққан овозли ёрдамчилар қаторидан ўрин эгаллар. Бироқ бунгача ҳали бор.

  1. iPhone X селфи-камераси жуда кучли

Юқорида қайд этганимдек, iPhone X эга бўлган TrueDepth датчиклари нафақат юзни таниб, тизимни очишга хизмат қилади, шу билан бирга улар селфи-мўъжизани ҳам тақдим қилади. Яъни, орқа фони ғира-шира қилинган автопортретлар олишда олд камера студиянинг эффектини ваъда қилади. Бунинг учун дастурий таъминот алгоритмлари ҳам ишлаб чиқарилган. Улар ёруғликни тўғри бериш ва қиёфани жозибадор қилиб муҳрлаш, умумий муҳитга тўғри баҳо беришда бехато ишлашади.

Galaxy S9 эса Galaxy S8 эга бўлган одатий камера билан таъминланган. У ҳам орқа фони ғира-шира қилинган сурат олишга уриниб кўради. Бироқ сифат борасида рақибидан анча паст. Кучли ва такомиллашган селфи-модулларни эса кореялик гигантнинг кейинги смартфонларидан кутиш мумкин.

  1. iOS тезкор янгиланиш бўйича мутлоқ ғолиб

Galaxy S9 фойдаланувчилари уни қадоқдан олганларида смартфон Android Oreo операцион тизимида ишлайди. Бироқ, айрим мамлакатлардаги фойдаланувчилар ҳаттоки ўтган йилги флагманларнинг дастурий таъминотини ҳали ҳам янгилаш имконига эга бўлмаганлар. Samsung апдейтларни тақдим этишга у қадар ҳам шошмайди. Galaxy S9 масаласида ҳам вазият ўзгаришсиз қолиши аниқ.

iPhone фойдаланувчилари эса бундай ташвишни чекмасалар ҳам бўлади. Улар қисқа вақт ичида қаерда бўлсалар ҳам барча янгиланишарни олиб турадилар. Одатда iOS тизимининг энг сўнгги талқини тақдим этилганидан сўнг бир неча кун ўтиб ҳамма учун очиқ бўлади. Сўнгги статистик ҳолат бу фикримни исботлайди. Янгиланишдан кейинги кутилмаган носозликларни ҳам Apple тезда бартараф қилади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.