Meizu 15 смартфонлари рўйхатдан ўтказилганида уларнинг дизайни ва жиҳатлари фош бўлди

  •   DiMaX
  •  1057
  •  27.03.2018 10:53

Meizu 15 смартфонлари рўйхатдан ўтказилганида уларнинг дизайни ва жиҳатлари фош бўлди

Хитой телекоммуникациалар агентлиги – TENAA сайтида ҳали тақдим этилмаган Meizu 15 туркумига мансуб смартфонлар рўйхатга олинди. Шу билан бирга, уларнинг ташқи қиёфаси ҳам тўлиғича маълум бўлди, деб ёзади Gizchina нашри.

ЎҚИНГ: Етакчи смартфонсозлар уддалай олмаган технологияни Meizu қойиллатди!

Ушбу компания ўзининг 15 йиллигига бағишлаб учта юбилей смартфонини тақдим этмоқчи. Булар – оддий Meizu 15, илғор 15 Pro ва нисбатан ҳамёнбоп 15 Lite моделларидир.

Ромсиз ва «ўйиқ»ли экран трендларига эргашмасдан, Meizu бу смартфонлар экранларининг тепаси ва пастида каттагина ромлар қолдирган. Пастки ромида жойлашган доирасимон «Уйга» тугмачасига бармоқ изи сканери татбиқ этилган ва бу билан улар iPhone’га ҳам ўхшаб қолган.

Оддий Meizu 15 корпусининг ўлчамлари 143х72х7,25 миллиметрга тенг. Экранининг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, ўлчами эса диагоналига 5,46 дюймни ташкил этади. Унинг асосий камераси қўш модулли, аккумуляторининг сиғими бўлса 2940 мА/соатга тенг.

ЎҚИНГ: Meizu ёки Xiaomi: кимнинг смартфони яхшироқ?

Meizu 15 Pro (олдин 15 Plus дея тахмин қилинган) модели эса ундан каттароқ ўлчамларга эга: корпуси 153,8х78,25х7,25 миллиметрлик, дисплейи 5,95 дюймлик. Табиийки, унинг ҳам бош камераси  иккита объективли. Унинг автономлигини таъминлашга 3420 мА/соат сиғимли батарея масъул.

Нисбатан ҳамёнбоп 15 Lite қурилмаси эса, худди оддий Meizu 15 моделидаги сингари 5,46 дюймлик дисплейга ва уникидан каттароқ – 3000 мА/соат сиғмли аккумуляторга эга. «Ака»ларидан фарқли равишда, унинг асосий камераси қўшалоқ эмас.

Meizu юбилей смартфонларининг тақдимот санаси ва нархлари ҳозирча аниқ эмас. Аммо мазкур компания булардан ташқари ҳам бир қатор моделлардаги смартфонлар устида ишлаётгани маълум.

ЎҚИНГ: Meizu 15’дан ташқари, Meizu 16 туркуми флагманлари ҳам тайёрланяпти!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!