Mi 8 SE -- арзон флагманнинг юртимизда кутилаётган нархи

Mi 8 SE -- арзон флагманнинг юртимизда кутилаётган нархи

Mi 8 ҳамда Mi 8 Explorer Edition флагманлари билан бирга тақдим қилинган Xiaomi Mi 8 SE модели техник жиҳатларига кўра Mi 8 моделининг "укаси" ҳисобланади, нархи ҳам шунга яраша арзонроқ.

Xiaomi Mi 8 SE 5.88 дюймли, FHD+ сиғимли ҳамда AMOLED матрицали экран билан таъминланган. Экраннинг томонлари нисбати 18:9 стандартли. Девайснинг платформасига яп-янги ва 8 ядроли Snapdragon 710 процессори ўрнатилган. Бу процессор "сунъий ақл" технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли айрим жиҳатларига кўра аввалги илғор чипларни ҳам доғда қолдиради.

График-тасвирларни қайта ишлаш учун Adreno 616 видео картаси масъул бўлган. Смартфон тезкор хотираси 4 ёки 6 гигабайтли, доимий хотира сиғими эса 64 гигабайтли. Доимий хотирани қўшимча хотари картаси ёрдамида кенгайтириш мумкин.

Xiaomi Mi 8 SE "қувват тоши"нинг электр токи сиғими 3,120 мА соат ҳамда уни USB Type-C орқали тезкор ёки симсиз ҳам қувватлаш мумкин.

Камера масаласида ҳам имкониятлар ёмон эмас. Бош камерада 12 + 5 мегапикселли сенсорлар мавжуд. Камера тўрт ўқли оптик барқарорлаштиришни ҳамда қўш пикселли фазали автофокусни, 2 карралик яқинлаштириб сурат олиш функциясини, портрет режимини қўллаб-қувватлайди. Селфи ишқибозлари учун яхши хабар: смартфон 20 мегапикселли " сунъий ақл"га эга олд камерага эга бўлган.

Xiaomi Mi 8 SE смартфонида юз орқали тизимни очиш, бармоқ изи сканери, WiFi, Bluetooth, 4G LTE стандартлари ва технологиялари татбиқ қилинган. Смартфон қадоқдаёқ Android Oreo'нинг ўзлаштирилган MIUI 10 тизими бошқарувида ишлайди.

Xiaomi Mi 8 SE баҳоси 280 АҚШ долларидан бошланади. Унинг юқори талқини (6 ГБ) 312 АҚШ долларидан сотилади. Гаджетни Хитойда 5 июндан бошлаб харид қилиш мумкин бўлади.

Гаджетнинг юртимиздаги нарх-навосини ҳозирдан айтиш мумкин. Мисол учун, Xiaomi компанияси 10 май куни Redmi S2 моделини тақдим қилган эди. Бу гаджет 18:9 стандартли ўлчамган эга экрани, қўш сенсорли бош камераси билан ўзига хосдир. Унинг қуйи талқини (3-32 Гб) Хитойда 156 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган эди. Орадан қисқа фурсат ўтиб, аниқроғи 23 май куни бу смартфон Тошкентга етиб келди. Унинг қуйи талқини 1 558 000 сўмга баҳоланган. Яъни, Redmi S2 юртимизда ўртача 200 АҚШ долларидан сотила бошланган.

Бу дегани девайс Хитойдан етиб келгунига қадар 50 долларга қимматлашган. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, Xiaomi Mi 8 SE моделини яқин ҳафталар ичида юртимизда 330-350 АҚШ долларидан харид қилиш мумкин бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!