MIT.uz миллий интернет танловининг тақдирлаш маросими 6 октябрь куни бўлиб ўтади

MIT.uz миллий интернет танловининг тақдирлаш маросими 6 октябрь куни бўлиб ўтади

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан «Соғлом ахборот муҳити сари» шоири остида ташкил этилган 2015 йилги «Миллий интернет танлови» (MIT.uz)нинг тақдирлаш маросими 6 октябрга қолдирилди. Бу ҳақда ҳаракат расмий сайтида 18 сентябрь куни ахборот берилган.

«2015 йил 6 октябрь куни соат 18:00да «Туркистон» саройида танлов совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Тақдирлаш маросими давомида иқтидорли веб-дастурчилар томонидан тайёрланган энг яхши веб-ишланмалар кўргазмаси, турли ўйинлар ҳамда маросимнинг шоу-концертига гувоҳ бўласиз», — дейилади ташкилот ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки режа бўйича танловнинг тақдирлаш маросими 2015 йилги Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги — ICTWEEK доирасида 17 сентябрь куни бўлиб ўтиши керак эди. Танлов низомига кўра, иштирокчилар 2015 йил 1 августгача (кейинчалик муддат 1 сентябргача узайтирилди) ариза топширишлари мумкин эди, тақдирлаш маросими сентябрь ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилиши кўзда тутилган эди.

MIT.uz танловида юридик шахслар, шунингдек, 14-30 ёш оралиғидаги жисмоний шахслар қатнашиши мумкин. Унда «Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати, тарихи ҳамда истиқлол ғоялари ва маънавий қадриятларини ёритувчи энг яхши сайт», «Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаровон ҳаётни ёритган энг яхши сайт», «Давлат тилидаги энг яхши сайт», «Энг яхши янгиликлар сайти», «Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти акс этган энг яхши сайт», «Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти акс этган энг яхши сайт», «Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт», «Фан ва таълим соҳасидаги энг яхши сайт», «Икки тилда яратилган энг яхши сайт», «Тиббиёт соҳасидаги энг яхши сайт» каби асосий, шунингдек, «Йил мазмунига доир энг яхши сайт», «Спорт соҳасида энг яхши сайт», «Мобил алоқа воситалари учун мўлжалланган энг яхши дастур», «Энг яхши шахсий блог», «Энг яхши сайт дизайни», «Тармоқ сервислари соҳасидаги энг яхши сайт» каби қўшимча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2007 йилдан бери мунтазам равишда ўтказиб келинаётган UZ миллий домени интернет-фестивали жорий йилда ташкил этилмади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!