Mobile World Congress: Бир неча дақиқа илгари Барселонада LG G5 тақдимоти бўлиб ўтди

Mobile World Congress: Бир неча дақиқа илгари  Барселонада LG G5 тақдимоти бўлиб ўтди

LG Electronics бугун Барселонада маҳаллий вақт билан соат 14:00 да ўзининг навбатдаги LG G5 смартфонини намойиш этди.

“Ҳаёт гўзал, қачонки кўпроқ ўйин-кулги сен билан бўлса” шиори остида ўтган тақдимот жуда қизиқарли кечди. У “LG ва унинг дўстлари”га бой бўлди. Яъни, LG G5 билан биргаликда қурилмага ва қурилмани ўрнатиш мумкин бўлган, халқаро ахборот технологиялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги аксессуарлар туркуми ҳам тақдим қилинди.

Мазкур тақдимот LG G5 смартфонлар ҳаётига янгича келажак олиб келганини кўрсатмқода. Қурилма бошқа смартфонлар эга бўлмаган, ажралиб чиқадиган аккумуляторга эга. Уни ажратиб олиб, ўрнига бошқа гаджетларни ўрнатиш орқали, смартфон ёрдамида вақтни мазмунли ташкил этиш мумкин.

Қурилма кутилганидек, Snapdragon 820 процессори, 4 ГБ тезкор хотира, 2.800 мАс электр токи сиғимига эга қувват тоши – аккумулятор ва  Android 6.0. операцион тизимининг LG UX 5.0 талқинига эга.

Гарчи ташқи дизайнда G5 жуда нафис бўлмаса ҳам, унинг “ички олами” фойдаланувчилар диққатини ўзига жалб қила олади. Гаджетнинг QHD дисплей 5.3 дюймли ва 2560 x 1440 пиксель сиғимига эга.

Илгари тахмин қилинганидек, қурилмада иккита 16 ва 8 МП бош камералар мавжуд ва улар кенг – 135 даражали бурчак остидаги суратларни олиш имконини беради. Яъни, бу инсон иккала кўзи билан кўриб турган манзара кенглигидан ҳам кенгроқ. Смартфоннинг олд камераси 8 МП.

LG G5 қора, кумуш, тилла ва пушти рангли корпусларда сотувга чиқарилади.

LG компанияси томонидан берилган маълумотларга кўра, қурилма апрелнинг бошларида сотувга чиқади.

Бизда тақдимотга оид янгиликларни кузатишда давом этинг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!