Nokia шуҳратини Zeiss оптикаси ёрдамида қайтаришмоқчи

  •   DiMaX
  •  1141
  •  06.07.2017 16:03

Nokia шуҳратини Zeiss оптикаси ёрдамида қайтаришмоқчи

Яхши эслаймиз – Nokia уяли телефонлар бозорида етакчи бўлганидек, мобил фотография соҳасида ҳам ўзига яраша обрўга эга эди. Бунда эса Carl Zeiss оптикасидан фойдаланганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, N95 ёки Lumia 1020 моделларини ишлатиб кўрганлар буни яхши билишади.

Энди эса, ишлаб чиқарувчи яна Nokia брендининг ўша даврдаги шуҳратини қайтармоқчи, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru. Гап шундаки, ҳозирда Nokia бренди остидаги қурилмаларни ишлаб чиқараётган HMD компанияси Zeiss’нинг сифатли тасвирга олиш технологиясини смартфонларга қайтариш бўйича битим имзолади.

Бу ерда ҳамкорлик фақат объективлар билан чекланиб қолмайди. Компаниялар «визуализациянинг стандартлаштирилган имкониятлари» устида ҳамкорликда ишлашни режалаштиришмоқда. Бу эса тасвирлар билан боғлиқ барча жиҳатларни қамраб олади – дастурий таъминотдан тортиб смартфонлар экранининг сифатигача.

Zeiss оптикаси билан жиҳозланган илк Nokia смартфони қачон тақдим этилишини ҳозирча иккала компания ҳам ошкор этмаяпти. Бироқ HMD эндиликда Nokia номини тиклашда маҳсулотларнинг сифатли камерасига кўпроқ таянмоқчи эканлиги маълум.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!