Oʻ ва Gʻ ҳарфлари, тутуқ белгиси: муаммолар ва ечимлар

Oʻ ва Gʻ ҳарфлари, тутуқ белгиси: муаммолар ва ечимлар

I. МУАММОЛАР

1.1. Бу ҳарфлардаги махсус белгиларнинг уникал эмаслиги, шунингдек, уларни ёзишда O ва G ҳарфларидан кейин айнан қайси белгини ишлатиш тўғри эканлиги ҳеч ерда расман белгиланмаган.

Бу ҳарфларни ёзишда ҳар ким ўзи билган ва клавиатурасида (Windows, Mac, Android, iOS ва ҳ.к.) мавжуд белгидан фойдаланиб келмоқда. Хусусан, одамлар шароитдан келиб чиқиб қуйидаги белгилардан фойдаланишмоқда:

а) O'zbekiston | to'g'ri | ma'naviyat

' – бу белгининг номи инглиз тилида APOSTROPHE (апостроф) дейилади ва унинг UNICODE тизимидаги коди U+0027 ҳисобланади. Бу белги тиниш белгиси ҳисобланади. Бу белги стандарт апостроф ҳисоблангани туфайли, одатда, барча турдаги клавиатураларда мавжуд, шунинг учун ўзбек тилида ёзганда ҳам одамлар хоҳ компьютер, хоҳ мобил қурилмада бўлсин, шу белгидан осонгина фойдаланиб кетишади.

Хусусан, мобил қурилмалардан ёзганда 99% одам Oʻ ва Gʻ ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси учун шу белгидан фойдаланади, десак бўлаверади.

б) O`zbekiston | to`g`ri | ma`naviyat

` – бу белгининг номи инглиз тилида GRAVE ACCENT (гравис) дейилади ва унинг UNICODE тизимидаги коди U+0060 ҳисобланади. Бу белги ҳам тиниш белгиси ҳисобланади. Бу белги компьютер клавиатураларида Tab тугмасининг тепасида жойлашган, шунинг учун одамлар компьютерда ёзаётганда кўпинча Oʻ ва Gʻ ҳарфларидаги белги учун ундан фойдаланишади, бироқ тутуқ белгиси сифатида бу белгидан камроқ ҳолатда фойдаланишади.

в) O’zbekiston | to’g’ri | ma’naviyat

– бу белгининг номи инглиз тилида RIGHT SINGLE QUOTATION MARK (ўнг бир тирноқ) дейилади ва унинг UNICODE тизимидаги коди U+2019 ҳисобланади. Бу белги ҳам тиниш белгисидир. Бу белги аслида юқорида (а) тилган олинган стандарт апострофнинг (ʼ) бир кўриниши ҳисобланади. Шунинг учун ҳам инглиз тилидаги матнларга эътибор берсангиз апостроф сифатида ҳар иккаласидан ҳам фойдаланишаверади ва бу улар учун тўғри ҳисобланади. Масалан:

I don't like yoga. (стандарт апостроф, U+0027)

I don’t like yoga. (ўнг бир тирноқ, U+2019)

Бу, одатда, матн ёзилаётган шрифтга ва матн қаерда ёзилаётганига боғлиқ. Иккала белги ҳам компьютер клавиатурадасидаги битта тугма орқали – Enter тугмасининг чап томонидаги тугма орқали ёзилади. Хусусан, Microsoft Word дастурида матн ёзаётганда мазкур тугма босилганда ўнг бир тирноқ (ʼ) чиқса, дейлик, Facebook сайтида пост ёзаётганда ёки Telegram орқали хабар ёзаётганда мазкур тугма босилса стандарт апостроф (') чиқади.

Инглиз тилшунослари орасида ҳам қайси апострофни ишлатиш мақсадга мувофиқ экани юзасидан кўп баҳслар бўлади. Хусусан, стандарт апостроф ёзув машинкаси пайдо бўлган пайтда унинг клавиатурасига апостроф сифатида киритилган ягона белги ҳисобланади. Бироқ, кейинчалик компьютерлар пайдо бўлиши билан апострофнинг гулли кўриниши – (ўнг бир тирноқ, U+2019) пайдо бўлган. Шунинг учун аксарият тизимларда стандарт апостроф (') матнда автоматик равишда ўнг бир тирноққа () алмаштирилади.

Ўзбек лотин ёзувида тўғри ёзишга қарор қилган одамлар (тилшунослар, олимлар, таржимонлар ва ҳ.к.) тутуқ белгиси учун мана шу ўнг бир тирноқни (’) ишлатиш тўғри, деб ҳисоблашади, чунки лотин ёзуви жорий қилинган пайтдан бошлаб турли плакатларда, дарсликларда тутуқ белгиси учун айнан шу белги ишлатилган.

Келинг, шартли равишда тутуқ белгиси учун шу ўнг бир тирноқни () ишлатиш тўғри, деб қабул қилиб турайлик.

г) O‘zbekiston | to‘g‘ri | ma‘naviyat

– бу белгининг инглиз тилидаги номи LEFT SINGLE QUOTATION MARK (чап бир тирноқ ёки тескари бир тирноқ) дейилади ва унинг UNICODE тизимидаги коди U+2018 ҳисобланади. Юқорида (в) тилга олинган чап бир тирноқ (‘) ва ушбу ўнг бир тирноқ (’) бир-бирининг жуфти ҳисобланади, шунинг учун ҳам уларнинг UNICODE тизимидаги кодлари мос равишда U+2018 ва U+2019 ҳисобланади. Масалан, инглиз тилида бу белгилар ички иқтибос белгиларини (inner quotes) ифодалаш учун ишлатилади:

Bobbi asked, “Did Delia say, ‘This will never work’?”

Яна лотин ёзувимизга қайтсак, ўзбек лотин ёзувида тўғри ёзишга қарор қилган одамлар (тилшунослар, олимлар, таржимонлар ва ҳ.к.) Oʻ ва Gʻ ҳарфларида мана шу чап бир тирноқни (‘) ишлатиш тўғри деб ҳисоблашади, чунки лотин ёзуви жорий қилинган пайтдан бошлаб турли плакатларда, дарсликларда Oʻ ва Gʻ ҳарфларидаги белги визуал жиҳатдан айнан шундай.

Келинг, шартли равишда Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун шу чап бир тирноқни (‘) ишлатиш тўғри, деб қабул қилиб турайлик.

д) O´zbekiston | to´g´ri | ma´naviyat

´ – бу белгининг номи инглиз тилида ACUTE ACCENT (акут) дейилади ҳамда унинг UNICODE тизимидаги коди U+00B4 ҳисобланади. Бу белги ҳам тиниш белгиси ҳисобланади. Акут – юқорида (б) тилга олинган гравис (`) белгисининг жуфти ҳисобланади.

Бу белгини ёзиш компьютер клавиатураларида ҳам, мобил қурилмалар клавиатураларида ҳам жуда қийин, шунинг учун бўлса керак, бу белгини одамлар жуда камдан-кам ҳолатда ишлатишади, лекин шахсан ўзим бу белги ишлатиб ёзилган матнларни кўрганман.

Шундай қилиб, Oʻ ва Gʻ ҳарфларини ҳамда тутуқ белгисини ёзишда одамлар ишлатадиган белгилар шулар. Бироқ, бундай белгилар юқорида келтириб ўтилган 5 хил белги билан чекланиб қолмайди, биз асосийларини келтирдик холос. UNICODE тизимида тиниш белгилари, хусусан, кўриниши чап ва бир тирноққа ўхшаш белгилар жуда кўп.

Юқоридагиларни хулоса қилиб, шартли равишда қуйидаги белгиларни тўғри деб қабул қилиб турайлик:

Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун – ‘ (чап бир тирноқ, U+2019)

Тутуқ белгиси учун эса – ’ (ўнг бир тирноқ, U+2018)

Хусусан, ёзувда:

Ozbekiston | togri

Manaviyat | surat

Демак, ўзимиз учун тўғри белгиларни танлаб олдик. Бироқ, аслида, Oʻ ва Gʻ ҳарфларида чап бир тирноқни (‘), тутуқ белгиси учун эса ўнг бир тирноқни (’) ишлатиш ҳам нотўғри! Бу гапимдан кўпчилик шокка тушиши мумкин. Хато дейишимни мақоланинг пастроғида изоҳлайман ва энг тўғри белгини сизларга айтаман.

Ҳозирча, юқорида айтганимдек, Oʻ ва Gʻ ҳарфларида шартли равишда чап бир тирноқни (‘), тутуқ белгиси учун эса ўнг бир тирноқни () ишлатиш тўғри, деб қабул қилиб турайлик.

Энди, мана шу биз тўғри деб ҳисоблаётган белгилар қандай муаммоларга сабаб бўлиши ҳақида гаплашамиз.

1.2. Бу белгиларни компьютер ва мобил қурилмалар клавиатуралари орқали ёзишнинг жуда мураккаблиги

Юқорида айтилганидек, компьютер ва мобил қурилмаларнинг клавиатураларида биз юқорида тўғри деб қабул қилган белгилар стандарт ҳолатда мавжуд эмас. Уларни ёзиш учун ҳар хил мураккаб усуллардан фойдаланилади. Хусусан:

Компьютерда Word дастурида (1) Oʻ ва Gʻ ҳарфларини ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, кейин битта бўш жой (пробел) ташлаб, кейин Enter тугмасининг чап томонида жойлашган апостроф тугмаси босилса, бизга керакли чап бир тирноқ (тескари бир тирноқ ҳам дейилади) ёзилади; (2) алоҳида рақамлар панели бор клавиатурада Alt + 0145 тугмалари бирикмасини босиш орқали. Тасаввур қиляпсизми, биргина ҳарфни ёзиш учун нақ 5 та (!) тугма босилиши керак; (3) ўзбек тилида таркибида Oʻ ва Gʻ ҳарфлари қатнашган сўзларнинг кўплиги боис юқоридаги икки усул каттароқ матн ёзишда жуда-жуда мураккаблик қилади. Шунинг учун «ишбилармон» одамлар аввал Word дастурида матнни исталган апостроф ёрдамида киритиб олиб, кейин дастурнинг қидириб топиш ва алмаштириш (Find & Replace) функцияси ёрдамида бир тирноқларни автоматик тузатиб чиқишади. Бу усул ҳар доим ҳам тўғри ишлайвермайди, унинг ҳам ўзига хос камчиликлари бор, бу ҳақда тўхталиш менимча шарт эмас.

Компьютерда тутуқ белгисини ёзишда ҳам айнан Oʻ ва Gʻ ҳарфларидаги белгини ёзишдаги муаммолар мавжуд. Тўғри, баъзи ҳолатларда тутуқ белгисини Word каби дастурларда ёзиш осон, бу ҳақда юқорида ҳам айтиб ўтдим. Лекин бошқа ҳолатларда муаммо сақланиб қолаверади.

Мобил қурилмаларда эса бу белгини ёзишнинг бирдан-бир усули клавиатуранинг тиниш белгилари панелига ўтиб, стандарт апостроф (') жойлашган тугма бироз босиб турилса, унинг тепасида бошқа турдаги бир тирноқлар чиқиб келади, кейин шулардан моси танлаб олинади.

Мобил қурилмаларда одамлар тез ёзишни ёқтиришади, шунга одатланишган, шунинг учун деярли ҳеч ким юқоридаги усул ёрдамида Oʻ ва Gʻ ҳарфларидаги ёки тутуқ белгисидаги бир тирноқни ёзмайди!

1.3. Бу белгилар матннинг визуал кўринишига салбий таъсир кўрсатиб, лотин ёзувидаги ўзбекча матнларни ўқишда кўзнинг толиқишига сабаб бўлади

Хўп, ҳар қандай қийинчилик билан бўлмасин, юқорида ўзимиз учун тўғри деб қабул қилган белгиларни ёзишга муваффақ бўлдик дейлик, лекин ундан кейин ҳосил қилинган матн билан ишлаш, уни ўқиш қанчалик қулай?

Бу белгилар ҳар хил шрифтларда турлича кўриниши, баъзан эса сўзлар орасини бузиб юбориши ҳам мумкин.

Юқоридаги расмда барча қаторларда Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун чап бир тирноқ (U+2018) ва тутуқ белгиси учун эса ўнг бир тирноқ (U+2019) ишлатилган. Кўриб турганингиздек, Verdana ва Tahoma каби шрифтларда бу белгилар бошқа шрифтлардагидан кескин фарқ қилмоқда.

Қолаверса, Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг ёзма кўриниши уларнинг босма кўринишидан кескин фарқ қилади:

Босма шаклда чап бир тирноқ (U+2018) шаклида бўлган бу белги ёзма шаклга ўтганда тўлқинли чизиқчага айланиб қолган. Шахсан мен мана шу ерда мантиқсизликни кўраман доим, чунки ана ўша ёзма шаклдаги тўлқинли чизиқчанинг UNICODE тизимидаги номи COMBINING TILDE (бирлаштирувчи тилда) дейилади ва унинг коди U+0303 ҳисобланади. Кўриб турганингиздек, чап бир тирноқ (U+2018) ва бирлаштирувчи тилда (U+0303) алоҳида белгилар ҳисобланади. Ҳозирги ўзбек лотин алифбосининг бошқа ҳеч қайси ҳарфида бундай ҳолат учрамайди.

1.4. Лотин ёзувидаги рўйхатларни алифбо тартибида автоматик саралашнинг имконсизлиги

Исталган тилдаги бирор рўйхатни (масалан, бирор тадбирда қатнашувчиларнинг исм-фамилиялари) алифбо тартибида саралаш функциясининг ишлаш принципи жуда оддий: бу функцияга олдиндан ҳар бир тилнинг алифбоси киритилган бўлади, функция рўйхатдаги сўзларни шу алифбо асосида тартиблайди.

Лекин, ўзбек лотин ёзувида бундай ишни автоматик бажариш имкони йўқ, сабаби ўша функцияга Oʻ ва Gʻ ҳарфлари биттадан ҳарф эканлигини уқтира олмайсиз, чунки ҳар қандай компьютер тизими бу ҳарфлардаги белгини тиниш белгиси сифатида, Oʻ ва Gʻ ҳарфларини эса мос равишда 2 тадан белги сифатида қабул қилади. Шунинг учун ҳам бундай функция Oʻ билан бошланувчи сўзларни ҳам O билан бошланувчи сўзлар қаторига киритади. Худди шундай қилиб, Gʻ билан бошланувчи сўзларни ҳам G билан бошланувчи сўзлар қаторига киритади.

Муаммо сўзнинг биринчи ҳарфини ҳал қилиш билан тугамайди. Хабарингиз бўлса, сўзларни алифбо тартибида саралашда сўздаги ҳар бир ҳарфнинг алифбодаги тартиби ҳисобга олинади. Масалан, 2 та сўз O ҳарфи билан бошланса, уларнинг иккинчи ҳарфи таққосланади ва ҳ.к. Шунинг учун, Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг муаммоси сўзлар тугагунча ҳам давом этмайди, яъни бу ишни одам қўли билан бажариш жуда мушкул. Компьютер тизимлари эса, масалан, Microsoft Word дастури бу ишни инглиз тилида бир сонияга қолмасдан бажаради.

Шу ўринда Sh ва Ch ҳарфларида ҳам худди шу муаммо борлигини айтиб ўтиш жоиз. Бу ҳақда кейинроқ Sh ва Ch ҳарфларига бағишланган мақолада батафсил гаплашамиз.

1.5. Бу белгиларни ёзишда ҳар ким ўзига қулай усулдан фойдалангани туфайли, интернетдаги ўзбекча материалларни қидириб топиш, улар билан ишлаш янада қийинлашади.

Ишонмасангиз, Google орқали (1) O'zbekiston (2) O`zbekiston (3) O’zbekiston ёки (4) O‘zbekiston деб қидириб кўринг, ҳар сафар ҳар хил сондаги натижаларни оласиз. Янаям сўнгги йилларда Google қидирув тизими апострофлар билан ишлашни такомиллаштириб, қидирувда уларни эътиборга олмасликка ўтди. Лекин барибир интернет биргина Google билан чекланмаслигини ҳисобга олсак, бу муаммо интернетдаги бутун ўзбекча материалларни қамраб олган.

1.6. Бу белгилар тиниш белгилари ҳисоблангани боис улар сўзни иккига бўлиб юборади

Бу ерда «бўлиб юборади» дейилганда сўзнинг компьютер тизимлари томонидан қабул қилиниши, қайд қилиниши назарда тутилмоқда.

Мана шу муаммо аслида бу белгиларнинг энг катта муаммоси ҳисобланади. Ҳар хил «трюклар» билан юқоридаги 5 та муаммони бартараф қилсангиз ҳам, мазкур муаммони ҳал қила олмайсиз, чунки бу халқаро стандарт – тиниш белгилари доим сўзнинг тугаганини билдиради.

Масалан, Ozbekiston деган сўзни компьютер тизимлари яхлит Oʻzbekiston сифатида эмас, балки [O] ва [zbekiston] тарзида қабул қилинади. Худди шундай, malumot деган сўз ҳам [ma] ва [lumot] тарзида қабул қилинади.

Компьютер тизимлари сўзни қандай қабул қилиши ва тушунишини қуйида ҳештег (#) ёрдамида визуал ифодалаб беришга ҳаракат қиламан. Ҳештег шундай нарсаки, у доим яхлит бир сўзни қамраб олади, масалан, Telegramда мана бундай:

Юқоридаги расмда кўриб турганингиздек, барча ҳолларда ҳештег фақат сўзнинг тиниш белгиси қўйилган жойгача қисмини қамраб оляпти. Мен Telegramда ҳештегнинг қўлланилишини мисол сифатида келтирдим холос, тушунишга осон бўлиши учун.

1.7. Ҳозирги шароитда Oʻ ва Gʻ ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси учун энг тўғри белги қайси?

Юқоридаги аргументлардан ва манбалардан келиб чиқиб, шартли равишда Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун – ʻ (чап бир тирноқ, U+2018), тутуқ белгиси учун эса – ʼ (ўнг бир тирноқ, U+2019) белгиларини тўғри деб қабул қилган эдик. Бироқ, 1.6. бандда бу белгилар ҳам аслида хато эканлигини асослаб бердик.

Хўш, ундай бўлса, қайси белгини ишлатиш тўғри ҳисобланади? Бу саволнинг жавобини топиш учун UNICODE сайтидаги ушбу эслатмага юзланамиз:

The combinations gʻ (Cyrillic ғ) and oʻ (Cyrillic ў) are represented using U+02BB ʻ MODIFIER LETTER TURNED COMMA.

The other apostrophe-like signs, which are used for glottal stop, are represented using U+02BC ʼ MODIFIER LETTER APOSTROPHE.

Таржимаси:

Ўзбек лотин ёзувидаги gʻ (кириллча ғ) ва oʻ (кириллча ў) ҳарфий бирикмаларини ёзишда ʻ (U+02BB, MODIFIER LETTER TURNED COMMA) (ҳарфни ўзгартирувчи тескари вергул) белгисидан фойдаланилади.

Тутуқни билдирувчи апострофга ўхшаган белгини ёзишда эса ʼ (U+02BC, MODIFIER LETTER APOSTROPHE) (ҳарфни ўзгартирувчи апостроф) белгисидан фойдаланилади.

UNICODE тавсия қилган белгиларни индамай қабул қилаверамизми, дейдиганлар учун ҳақиқатан ҳам улар таклиф этган белгилар биз учун энг тўғриси эканлигини асослаб бераман.

Биринчидан, ҳарфни ўзгартирувчи тескари вергул – ʻ (U+02BB) белгиси ҳақиқатан ҳам визуал жиҳатдан юқорида биз Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун шартли равишда тўғри деб қабул қилган чап бир тирноқ – ‘ (U+2018) белгиси билан бир хил. Уларнинг кўриниши фақат айрим шрифтларда бироз фарқ қилиши мумкин, холос. Худди шундай, ҳарфни ўзгартирувчи апостроф – ʼ (U+02BC) белгиси ҳақиқатан ҳам визуал жиҳатдан юқорида биз тутуқ белгиси учун шартли равишда тўғри деб қабул қилган ўнг бир тирноқ – ʼ (U+2019) белгиси билан бир хил.

Иккинчидан, UNICODE тавсия қилган белгилар сўзни бўлиб юбормайди, унинг бир бутунлигига зарар етказмайди. Эсингизда бўлса, чап ва ўнг бир тирноқлар сўзни бўлиб юбораётган эди. Буни қуйидаги расмда визуал ифодалаб беришга ҳаракат қиламан, яна юқоридаги мисолдагидек ҳештегдан фойдаланамиз.

Юқоридаги расмда кўриб турганингиздек, белгилар визуал жиҳатдан бир хил, лекин UNICODE тавсия қилган белгилар сўзнинг бутунлигига путур етказмаяпти, шунинг учун ҳам шу белгилар биз учун энг тўғриси ҳисобланади.

UNICODE тавсия қилган ҳарфни ўзгартирувчи тескари вергул – ʻ (U+02BB) белгисини содда қилиб «окина» белгиси дейишимиз ҳам мумкин. Худди шундай, тутуқ белгиси ўрнида ишлатиладиган ҳарфни ўзгартирувчи апостроф – ʼ (U+02BC) белгисини эса «окинанинг жуфти» деб атаймиз, чунки бу белгилар бир-бирининг жуфти ҳисобланади.

Oʻ ва Gʻ ҳарфлари ҳамда тутуқ белгиси учун энг тўғри ҳисобланган белгини аниқлаб олганимиз билан бу ҳарфлар муаммоси ҳеч қачон ҳал бўлмайди. Чунки, окина ва унинг жуфтини хоҳ компьютер, хоҳ мобил клавиатуралардан бўлсин, уларни ёзиш жуда қийин. Уларни клавиатуралардан киритиш чап ва ўнг бир тирноқдан ҳам қийин. Чап ва ўнг бир тирноқни компьютер ёки мобил қурилмаларнинг клавиатураларидан бир нечта «трюкни» ишлатиб ёзиш мумкиндир, лекин окина ва унинг жуфтини ҳеч қайси клавиатурадан ёзиб бўлмайди, чунки бу белгилар кам ишлатиладиган белгилар сирасига киради. Уларни ёзиш учун бу белгилар клавиатура дастурини тузган компаниялар томонидан олдиндан киритилган бўлиши лозим, бу эса аксарият ҳолларда имконсиз нарса.

Шунинг учун, рационал жиҳатдан энг тўғри белгини топганимиз билан, биз муаммонинг бир қисмини ҳал қиламизу, лекин бошқа муаммолар ўз ҳолича қолади, айримлари эса кучаяди. Мақоламиз бошида 5 хил белги ҳақида гапирган бўлсин, энди уларнинг сони 7 тага етади. Бу эса, ўз навбатида, халқ учун жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман, Oʻ ва Gʻ ҳарфларидаги махсус белги қанчалик муаммо яратса, тутуқ белгиси ҳам шунчалик муаммо яратади, шунинг учун муаммони батамом йўқ қилиш учун нафақат Oʻ ва Gʻ ҳарфларини алмаштириш, балки тутуқ белгисини ҳам алмаштириш талаб этилади!

II. ЕЧИМЛАР

2.1. Oʻ ва Gʻ ҳарфлари учун диактрик белгили ҳарфлардан фойдаланиш

Диактрик белги деганда, ҳарфнинг устига ёки остига муайян белгиларни қўшиш орқали янги ҳарфлар ёки товушлар ҳосил қилинадиган белгилар тушунилади. Диактрик белгилар жуда кўп, уларга қизиққанлар Википедиядаги ушбу мақола орқали танишиши мумкин.

Демак, Ў ҳарфи учун қуйидаги асосий диактрик белгили ҳарфлар мос келиши мумкин:

Ҳарф

Номи

UNICODE

(катта ҳарф)

UNICODE

(кичик ҳарф)

1

Ö / ö

диерезис белгили O

U+00D6

U+00F6

2

Ŏ / ŏ

бревис белгили O

U+014E

U+014F

3

Õ / õ

тилда белгили O

U+00D5

U+00F5

4

Ō / ō

макрон белгили O

U+014C

U+014D

5

Ó / ó

акут белгили O

U+00D3

U+00F3

6

Ò / ò

гравис белгили O

U+00D2

U+00F2

7

Ô / ô

циркумфлекс белгили O

U+00D4

U+00F4

Юқоридаги белгилардан биринчи учтаси Oʻ ҳарфи учун асосий даъвогар деб ҳисоблайман. Қуйида изоҳларимни келтириб ўтаман.

1) Ö – диерезисли O (умлаутли O ҳам дейилади), кенгайтирилган лотин алифбоси таркибига киради. Бу белги кўпчиликка таниш, чунки 1993 йилги лотин алифбомизда ҳозирги Oʻ ҳарфи учун айнан шу Ö ишлатилган, бироқ орадан атиги икки йил ўтиб, 1995 йилда бу ҳарф Ў ҳарфий бирикмаси билан алмаштирилган. Қолаверса, бу ҳарф турк, озарбайжон, туркман каби туркий халқлар алифбосида ҳамда немис ва бошқа тиллар алифбосида ҳам мавжуд. Бу белгини аксарият мобил қурилмалар клавиатураларида ҳам қийинчиликсиз ёзиш мумкин (янги ўзбек лотин алифбоси учун клавиатура терилмаси ишлаб чиқилгунича вақтинчалик ечим сифатида).

2) Ŏ – бревисли O, диактрик белгиси кириллчадаги Oʻ ҳарфидаги белги билан бир хил. Шунингдек, Gʻ ҳарфи учун Ğ ҳарфи қабул қилинадиган бўлса, у билан жуда мос тушади. Натижада, қабул қилинаётган ҳарфлардаги диактрик белгиларнинг тури кўпаймайди ва бу одамларга анча қулайлик яратади.

3) Õ – тилдали O, диактрик белгиси ҳозирги пайтдаги Oʻ ҳарфининг ёзма кўринишидаги тўлқинли чизиқча билан бир хил, бироқ шундан бошқа афзаллиги йўқ биз учун, шунинг учун бу ҳарфни даъвогарлар сафидан чиқариш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

4) Ō (макронли O) ва Ô (циркумфлексли O) ҳарфлари бизга умуман нотаниш, шунинг учун улардан фойдаланмаган маъқул.

5) Ó (акутли O) ва Ò (грависли O) ҳарфларидаги диактрик белгилар бир-бирига визуал жиҳатдан яқин бўлгани боис одамларда иккиланиш ва чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабдан бу ҳарфларни ҳам даъвогарлар сафидан чиқарганимиз яхши.

Юқоридагиларни хулоса қилиб, Oʻ ҳарфи учун Ö ёки Ŏ энг мақбул вариант, деб ҳисоблайман.

Энди Gʻ ҳарфига келсак, унинг учун қуйидаги асосий диактрик белгили ҳарфлар мос келиши мумкин:

Ҳарф

Номи

UNICODE

(катта ҳарф)

UNICODE

(кичик ҳарф)

1

Ğ / ğ

бревис белгили G

U+011E

U+011F

2

Ǵ / ǵ

акут белгили G

U+01F4

U+01F5

3

Ḡ / ḡ

макрон белгили G

U+1E20

U+1E21

4

Ǧ / ǧ

карон белгили G

U+01E6

U+01E7

5

Ĝ / ĝ

циркумфлекс белгили G

U+011C

U+011D

Юқоридаги белгилардан фақат биринчиси Gʻ ҳарфи учун асосий даъвогар деб ҳисоблайман. Қуйида изоҳларимни келтириб ўтаман.

1) Ğ – бревисли G, кенгайтирилган лотин алифбоси таркибига киради. Бу белги кўпчиликка таниш, чунки 1993 йилги лотин алифбомизда ҳозирги Gʻ ҳарфи учун айнан шу Ğ ишлатилган, бироқ орадан атиги икки йил ўтиб, 1995 йилда бу ҳарф Gʻ ҳарфий бирикмаси билан алмаштирилган. Қолаверса, бу ҳарф турк, озарбайжон, туркман каби туркий халқлар алифбосида ҳам мавжуд. Бу белгини аксарият мобил қурилмалар клавиатураларида ҳам қийинчиликсиз ёзиш мумкин (янги ўзбек лотин алифбоси учун клавиатура терилмаси ишлаб чиқилгунича вақтинчалик ечим сифатида). Шунингдек, Oʻ ҳарфи учун Ŏ ҳарфи қабул қилинадиган бўлса, диактрик белгиси у билан жуда мос тушади. Натижада, қабул қилинаётган ҳарфлардаги диактрик белгиларнинг тури кўпаймайди ва бу одамларга анча қулайлик яратади.

2) Ḡ (макронли G) ва Ǵ (акутли G) ҳарфлари бизга умуман нотаниш, шунинг учун улардан фойдаланмаган маъқул.

3) Ǧ (каронли G) ва Ĝ (циркумфексли G) ҳарфларидаги диактрик белгилар бир-бирига визуал жиҳатдан яқин бўлгани боис одамларда иккиланиш ва чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабдан бу ҳарфларни ҳам даъвогарлар сафидан чиқарганимиз яхши.

Юқоридагиларни хулоса қилиб, Gʻ ҳарфи учун Ğ энг мақбул вариант, деб ҳисоблайман.

Демак, қуйидаги ўзгариш амалга оширилгани энг мақбул вариант:

Oʻ / oʻ > Ö / ö ёки Ŏ / ŏ

Gʻ / gʻ > Ğ / ğ

Oʻ ҳарфи учун қайси бирини танлашни ҳар хил усулларда аниқлаш мумкин: овоз бериш, сўровнома ўтказиш, илмий мушоҳада ва ҳ.к. Ҳар иккисидан бири танланса ҳам бу биз лотинсеварлар учун ютуқ ҳисобланади.

2.2. Тутуқ белгисини нима қиламиз?

Юқоридаги барча муҳокамалардадан бир нарса аниқ бўладику, тутуқ белгиси яратадиган муаммолар Oʻ ва Gʻ ҳарфлари яратадиган муаммолар билан бир хил, шундай экан тутуқ белгисини ҳам шу ҳолича қолдириш яхши иш эмас. Алифбони ислоҳ қилишга бел боғладикми, уни охиригача етказишимиз, алифбодаги ҳар қандай хато ва камчиликларни тузатишимиз даркор.

Тутуқ белгиси юзасидан олдимизда 3 та йўл бор:

1) Тутуқ белгисини ўзбек лотин ёзувидан олиб ташлаш

Бу фикрим анча кескин туюлиши мумкин, лекин қуйида буни асослаб бераман.

Биринчидан, кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтилаётган пайтда шунга ўхшаш учта иш қилинган:

биринчиси – кирилл ёзувимиздаги юмшатиш белгиси (ь, мягкий знак) шунчаки олиб ташланган, масалан, апрель > aprel бўлиб ўтган;

иккинчиси – объект, субъект каби рус тилидан ўзлашган сўзлардаги айириш белгиси (ъ, твёрдый знак) ҳам олиб ташланган, масалан, объект > obyekt, субъект > subyekt бўлиб ўтган лотинга;

учинчиси – мўъжиза, мўътабар каби ўзбекча сўзлардаги айириш белгиси (лотиндаги тутуқ белгиси) ҳам муайян сабабларга кўра олиб ташланган эди, хусусан, мўъжиза > moʻjiza, мўътабар > moʻtabar бўлиб ўтган лотинга.

Иккинчидан, ўзбек тилидаги тутуқ белгили сўзларнинг аксарияти (русчадан ўзлашган сўзлар чиқиб кетса, ҳаммаси, менимча) бизга араб тилидан кириб келган. Бундай сўзларнинг арабчасида «айн» ҳарфи бўлгани учун лотин ёзувига шу «айн» ҳарфи тутуқ белгиси (ʼ) бўлиб кирган. Бироқ, масаланинг бошқа томони шундаки, бу принцип доим ҳам ишлайвермаган, балки бу луғат тузувчиларнинг хатосидир, балки бошқа қоида сабаб, арабча сўзлардаги «айн» баъзан ўзбек тилида шунчаки ташлаб кетилган. Масалан, қуйидаги мисолга қарайлик:

Taʼqib – бу сўзнинг арабчасида «айн» ҳарфи мавжуд, шунинг учун ўзбек тилига ўзлашганда ҳам тутуқ белгиси билан олинган. Қуйидаги скриншот Ўзбек тилининг изоҳли луғатидан олинган (А.Мадвалиев таҳрири остида, 2006–2008)

Taqiq – бу сўзнинг ҳам арабчасида «айн» ҳарфи бор, лекин ўзбек тилига ўзлашганда ҳеч қандай тутуқ белгиси йўқ. Қуйидаги скриншот Ўзбек тилининг изоҳли луғатидан олинган (А.Мадвалиев таҳрири остида, 2006–2008)

Бунақа мисоллар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, мен ҳозирча шу иккитаси билан чекландим. Шу пайтгача бир нечта ҳолатда тутуқ белгиси олиб ташланган экан, нимага уни барча тутуқ белгили сўзларга нисбатан қўлламаймиз? Бундан кўринадики, тутуқ белгиси олиб ташланса биз кўп нарса ютқизмаймиз. Фақат айрим сўзларда омонимлик хусусияти пайдо бўлади холос, бу эса тилимизда мавжуд ҳодиса:

taʼlim > talim

maʼnaviyat > manaviyat

surʼat > surat (омонимлик хусусияти пайдо бўлади)

Тутуқ белгисининг олиб ташланиши тилимизга ва ёзувимизга жуда кўп жиҳатдан фойдалар келтиради, хусусан:

а) тутуқ белгисининг ҳар хил ифодаланиши муаммосининг бартараф этилишига (юқорида бу ҳақда жуда кўп муаммоларни санаб ўтганман)

б) интернетда белгилар билан боғлиқ муаммонинг камайишига.

2) Тутуқ белгиси ўрнига бошқа бирор ҳарфий белгини жорий қилиш

Агар тилшуносларимизнинг (ва бошқаларнинг) ҳаммаси бир овоздан тутуқ белгисидан воз кеча олмаймиз деб, унга асосли сабаблар келтира олса, биз учун иккинчи йўл бу белгини бошқа бирор ҳарфий белги билан алмаштириш ҳисобланади.

Тутуқ белгисининг ҳозирги шакли қандай муаммоларни келтириб чиқишини юқорида санаб ўтдик, шунинг учун уни худди кирилл ёзувидаги айириш белгиси (ъ) каби бирор ҳарфий белги билан алмаштирсак, муаммонинг ечимини топган бўламиз. Чунки кирилл ёзувидаги айириш белгиси (ъ) ёзишга қулай (уни ҳам компьютер, ҳам мобил қурилмалар клавиатураларидаги кириллча терилмада ёзиш қулай), сўзни иккига бўлиб юбормайди (компьютер тизимлари кирилл ёзувидаги айириш белгиси бор сўзларни ҳам бир бутун сўз сифатида қабул қилади ва тушунади, кўриниши ҳам уникал (уни бошқа бирор белги билан адаштириб юбориш жуда қийин).

Шунга ўхшаш ишни беларуслар ҳам лотин алифбосида жорий қилишган, гарчи уларда лотин ёзувига ўтилмаган бўлсада. Беларус лотин алифбосида кирилл ёзувидаги апостроф белгиси ўрнига «j» ҳарфи киритилган, масалан: аб'ект > abjekt.

Эсингизда бўлса, юқорироқда бу ҳолатда бизда лотин ёзувига ўтишда «объект», «субъект» каби рус тилидан ўзлашган сўзлардаги айириш белгиси (ъ, твёрдый знак) олиб ташлангани ҳақида ёзган эдик: объект > obyekt, субъект > subyekt бўлиб ўтган лотинга.

Хўш, тутуқ белгисини қайси белгига алмаштириш мақсадга мувофиқ? Бу борада ҳозирча менда аниқ бир таклиф йўқ. Агар ўзбек лотин ёзувини ислоҳ қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ шундай қарорга келадиган бўлса, энг мос белгини UNICODE тизимидан топиш муаммо эмас.

Кўзингизга жуда нотаниш кўриняптими? Шунинг учун ҳам тутуқ белгисини ёзувимиздан умуман олиб ташлаш тарафдориман мен. Қолаверса, UNICODE белгилари яхшилаб ўрганиб чиқилса, бундан яхшироқ вариант чиқиши мумкин, бунга ишонаман.

3) Тутуқ белгисини шундайлигича қолдириш

Мабодо, ишчи гуруҳ юқоридаги икки таклифдан ҳеч бирига кўнмаса, тутуқ белгисини шундайлигича қолдиришга, у келтириб чиқарадиган муаммоларни ҳам шундайлигича қабул қилишга тўғри келади. Бундай бўлмаслигига умид қилиб қоламан.

Ёзувида апостроф мавжуд украинлар ва беларусларнинг бу борадаги муаммо ва ечимлари билан қизиқиб кўрдим. Иккаласида ҳам ёзуви кирилл алифбосига асосланган, бироқ улар русларнинг кирилл ёзувидан фарқли ўлароқ айириш белгисини эмас, апостроф белгисидан фойдаланишади. Бу ҳақда юқорида ҳам бир икки мисолларни келтирган эдим.

Апостроф борасида UNICODE қуйидаги қоидани илгари суради – апострофларнинг 3 хил тури мавжуд:

(1) ' – APOSTROPHE (апостроф), UNICODE коди – U+0027. Уни ёзув машинкасидаги апостроф ҳам дейишади.

(2)  – RIGHT SINGLE QUOTATION MARK (ўнг бир тирноқ), UNICODE коди – U+2019

(3) ʼ – MODIFIER LETTER APOSTROPHE (ҳарфни ўзгартирувчи апостроф), UNICODE коди – U+02BC

Инглиз тилида апостроф учун (1) ва (2) туридаги апострофлардан фойдаланаверишади, чунки юқорида айтганимдек, аксарият компьютер тизимлари, дастурлар (1) апострофни автоматик равишда (2) апострофга айлантириб беради. Лекин инглиз тилида апостроф бошқа мақсадда, тўғрироқ айтганда ўз мақсадида – бирор сўзга қўшимча қўшганда, иккита сўз қўшиб юборилганда уларни қисқартирганда ва бошқа мақсадларда фойдаланилади.

Бироқ, ўзбек тилида, шунингдек, украин ва беларус тилларида эса апостроф бошқа мақсадда – сўзнинг орасида ишлатилади. Шунинг учун инглиз тилидаги апостроф қоидаси бу тилларга мос тушмайди. Шуни инобатга олган ҳолда ҳам беларус, ҳам украин тилида юқоридаги 3 хил апострофдан энг тўғриси (3) ʼ – MODIFIER LETTER APOSTROPHE (ҳарфни ўзгартирувчи апостроф) экани таъкидланган ва ҳужжатлаштирилган. Шундай бўлсада, уларда ҳам апострофларни чалкаштириб ишлатиш ҳолатлари кўп кузатилар экан.

Агар ўзбек лотин ёзувида ҳам тутуқ белгиси қолдириладиган бўлса, унинг учун энг тўғри белги – MODIFIER LETTER APOSTROPHE (ʼ, U+02BC) эканлиги ҳужжатлаштирилиши лозим. Бироқ, худди украинлар ва беларусларда бўлганида бизда ҳам одамлар бу белгини бошқа апострофлар билан чалкаштириб ишлатиш ҳолатлари бўлиши аниқ, буни албатта ҳисобга олиш лозим.

III. ХУЛОСА ЎРНИДА

Бу муаммолар, ўз навбатида, ўзбек лотин ёзуви учун имлони текширувчи, грамматикани текширувчи, матнни нутққа айлантирувчи ҳамда нутқни матнга айлантирувчи дастурларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Тўғри, Microsoft Word дастурига ўзбек лотин ёзуви учун имлони текшириш функцияси қўшилди, лекин унинг ишлаш принципини тайёрлашда мазкур муаммонинг олдини олиш учун алоҳида қоидалар киритилди. Ҳозирги кунда компьютер технологиялари ривожланиб, бу муаммонинг ҳам олдини олса бўлади, фақат иш кўпаяди холос. Лекин бу ечимлар ҳеч қачон универсал бўлмайди, ҳаммаси хусусий ҳол учун ўринли бўлади холос.

Ҳозир бутун дунёда ривожланиб бораётган сунъий интеллект соҳасининг бир қисми ҳисобланган табиий тил билан ишлаш (Natural Language Processing) соҳаси ривожи учун юқоридаги муаммолар қанчалик тез ҳал бўлса, шунчалик яхши. Ана шундагина ўзбек тилида ҳам матнни ўқиб эшиттириш ёки аксинча нутқни матнга айланириш функциялари, яқин келажакда эса виртуал овозли ёрдамчилар (Siri, Google Assistant, Amazon Alexa каби) ва бошқалар пайдо бўлишини орзу қилишимиз мумкин.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!