Oppo янги "камерафон"ни тақдим қилди!

Oppo янги

Oppo компанияси Хитойда ўзининг Find X6 сериясидаги янги смартфонларини тақдим қилди. Қаторда иккита: Oppo Find X6 ва Oppo Find X6 Pro моделлари мавжуд ва улар билан қуйида батафсил танишишингиз мумкин.

Oppo Find X6 Pro

Pro модел "шоунинг ҳақиқий юлдузи" ҳисобланади. Унинг энг ўзига хос хусусияти камераларида – смартфон орқа томонида учлик камералар тизимига эга.

Камераларнинг асосийси Sony'нинг 1 дюймли IMX989 сенсори бўлиб, биз уни аввал Xiaomi 13 Pro ва Vivo Х90 Pro смартфонларида кўрган эдик. Ушбу 23 мм фокус узунглигига эга бўлган камера 50 MP бўлиб, у тасвирни оптик барқарорлаштириш, f/1.8 диафрагма ва бошқа бир қанча хусусиятларга эга. Қолган икки камералар ҳам 50 MP ва уларнинг иккови 1/1,56 дюймли IMX890 сенсори билан жиҳозланган. Ултра-кенг камера сенсори 15 мм фокус узунлиги ва f/2.2 диафрагма, перископ камера сенсори эса 65 мм фокус узунлиги ва f/2.6 диафрагмага эга. Ушбу камералар сизга 4К форматида секундига 60 кадр тезликда видеолар олиш имконини беради.

Бу уччала камералар билан LED чироғини юмалоқ орол ўз ичига олади ва унинг ўртасида сиз Hasselblad бренди туширилганлигини кўришингиз мумкин. Бу сиз тасвирга олиш борасида ранглар мослашиши учун Hasselblad Natural Colour, панорамали суратлар олиш учун XPAN режими, шу билан бирга Hasselblad Pro режими ва бошқа хусусиятларга эга бўлишингизни англатади. Янада оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, тасвирга олишда фотографик компютер амалларини Hasselblad амалга оширади. Шунингдек, тасвир сифатини яхшилаш ва унга сунъий интеллект билан ишлов беришнинг бир қисмини Oppo'нинг MariSiliconX чипи амалга оширади ва унинг номини ҳам сиз камера оролида кўришингиз мумкин.

Олд томонга ўтадиган бўлсак, экран юқори марказидаги юмалоқ тирқишда селфилар учун 32 MP (Sony IMX709, f/2.4) камера жойлашган.

Камералардан ташқари қурилманинг бошқа хусусиятлари ҳам жуда ажойиб. Oppo Find X6 Pro смартфони Corning Gorilla Glass Victus 2 билан ҳимояланган 6.82 дюймли 3168×1440 пиксел резолюциясидаги AMOLED экранга эга, албатта, 120 герц янгиланиш тезлиги билан. Компаниянинг таъкидлашича, унинг флагмани экрани 2500 нит максимал ёрқинликка чиқа олади. Таққошлаш учун Samsung'нинг энг сўнгги Galaxy S23 Ultra флагмани экрани максимал 1750 нит ёрқинликка чиқа олади.

Қурилма капоти остига Snapdragon 8 Gen 2 чипсети 12/16 GB LPDDR5Х RAM ва 256/512 GB UFS 4.0 хотира (microSD уяси йўқ) ўрнатилган. Улар 5000 мА/соат батарея билан ColorOS 13.1 версиясида ишлайди. Батареяни эса USB-C порти орқали 100 Вт тезликда симли (28 дақиқада 100%), 50 Вт тезликда эса симсиз (52 дақиқада 100%) зарядлаш мумкин. Oppo смартфон батареяси 1600 марта зарядлаш сиклидан кейин ҳам ўзининг 80% оригинал ҳолатини сақлаб қола олишини ваъда қилади.

Қурилманинг қолган эътиборга молик хусусиятлари сифатида унинг IP68 билан сув ва чангга чидамли эканлиги, инфрақизил нур узатувчиси ва Wi-Fi 7 технологияси қўллаб-қувватланишини келтириш мумкин.

Oppo Find X6

Бошланғич моделга тўхталадиган бўлсак, у билан Pro ўртасида "катта жарлик" бор. Қурилмага 6.74 дюймли 2772×1240 пикселлар ўлчамидаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга AMOLED дисплей қўйилган ва унинг максимал ёрқинлиги 1450 нит. У Dimensity 9200 чипсетида ишлайди ва Pro модел каби хотира вариантларига эга. Ушбу модел бирозгина кичикроқ батарея билан таклиф қилинади: 4800 мА/соат батареяни симли 80 Вт тезликда қувватлаш мумкин. Симсиз зарядлаш эса имконсиз. Смартфон сув ва чангдан IP64 билан ҳимояланган.

Оддий модел ҳам учлик 50 MP камераларга эга, лекин улар Pro модел камералари каби кучли эмас. Асосий камера сифатида қурилмага IMX890 сенсори ўрнатилган. Айтиш керакки, бу Pro моделнинг 1 дюймли сенсоридан кичикроқдир. Ултра-кенг сенсор ҳам бироз кичик – 1/2.76 дюйм. Фақат перископ камера ўзгаришсиз қолган. Албатта, бу жуда ёмон дегани эмас. Масалан, бу камералар билан ҳам сиз 60 кадр/секунд тезликдаги 4К видеолар олишингиз мумкин.

Нархлар ва таклифлар

Oppo Find X6 Pro смартфони жигарранг, яшил ва қора рангларда таклиф қилинади. Бунда жигарранг вариантдаги смартфон орқасининг юқори оқ рангли қисми металлга ўхшаш шиша, қолган пастки жигарранг қисми эса тери билан қопланган. Яшил ва қора рангли вариантлар эса кўринишидан бармоқ изини сақламайдиган шишадан тайёрланган. Камера ороли эса аерокосмик алюминийдан ясалган.

Оддий модел эса олтин, яшил ва қора рангларда чиқарилади.

Нархлар қуйидагича:

  • Oppo Find X6 Pro 12/256 GB – 5,999 юан, ≈871 доллар
  • Oppo Find X6 Pro 16/256 GB – 6,499 юан, ≈943 доллар
  • Oppo Find X6 Pro 16/512 GB – 6,999 юан, ≈1015 доллар

  • Oppo Find X6 12/256 GB – 4,499 юан, ≈653 доллар
  • Oppo Find X6 16/512 GB – 4,999 юан, ≈726 доллар

Oppo Find X6 серияси ҳозирда фақат Хитойда сотувга чиқарилган. Смартфонларнинг глобал бозорга чиқарилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.