Ўзбекистонда кибержиноятнинг яна бир тури учун жавобгарлик белгиланмоқда

Ўзбекистонда кибержиноятнинг яна бир тури учун жавобгарлик белгиланмоқда

Ижтимоий тармоқлар Ўзбекистонда ҳам оммалашиб борар экан, улар билан боғлиқ кибержиноятлар ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда Telegram орқали ўзганинг интим суратларини унинг рухсатисиз тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан пул талаб қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Адлия Вазирлиги томонидан таклиф қилинаётган янги қонун лойиҳаси эса, эҳтимол, бундай кибер-зўравонликларнинг олдини олиши мумкин.

Адлия Вазирлиги томонидан хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Унга кўра хотин-қизлар, болалар ҳуқуқий ҳимояси тизимини кучайтириш мақсадида янги жавобгарлик турларини жорий этиш таклиф этилмоқда. Хусусан, интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра Жиноят кодекси қуйидаги мазмундаги 1413-модда билан тўлдирилади:

"Шахснинг розилигисиз унинг танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото- ва (ёки) видео тасвирини ўз ичига олган маълумотларни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникасия тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай маълумотларни тарқатиш билан қўрқитиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача (120 миллион сўмдан 180 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли ресидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, –

уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Маълум бўлишича, ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 26 январга қадар давом этади.

ЎҚИНГ: Йўлни кесиб ўтаётганда телефондан фойдаланиш жаримага сабаб бўладими?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!