“Қаҳрамон” гаджетлар: қизиқ воқеалар тўплами

“Қаҳрамон” гаджетлар: қизиқ воқеалар тўплами

Замонавий технологиялар инсонларнинг бугунги кундаги энг яқин ҳамроҳи ва эрмагига айланиб улгурди. Ҳатто гаджетлар инсон ҳаётини турли кўнгилсизликлардан асраб қолгани ҳақидаги воқеалар ҳам учраб турибди. Қуйида ҳикоя қилинадиган воқеалар “қаҳрамонлари” айнан мана шу замонавий ахборот технологияларидир.

Ўқларга қалқон смартфон

Ҳамён ёки қўлдаги смартфонлар ўз эгаларини қутқариб қолгани бир неча маротаба кузатилган. Масалан, жорий йилнинг ноябрь ойида Париж шаҳрида терактлар содир бўлганидан хабарингиз бор. Теракт нуқтасига яқин жойда телефонда гаплашаётган бир йигитни портловчи модданинг парчаларидан мобиль қурилма тўсиб қолди. Воқеа “қаҳрамони” Samsung Galaxy S6 edge. Афғонистондаги портлаш чоғида америкалик аскарни iPhone 5 “қутқариб қолди”.

Яқинда Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳрида бўлган отишма чоғида 24 ёшли йигитнинг кўксига томон йўналган ўққа iPhone “қалқон” бўлди, Британияда эса iPhone 5 смартфони бир одамни сочма ўқнинг зарбидан асраб, жароҳатланишни камайтирди. Таиландлик полиция ходимини эса Samsung Galaxy Note 2 “асраб қолди”.

Суриядаги отишмада Nokia Lumia бир одамни муқаррар фалокатдан сақлади. Яна бир Nokia (Lumia 520) қурилмаси эса интернет-мемга айланиб улгурди. Гап шимининг орқа чўнатигига смартфонини солиб қўйган полиция ходими ҳақида кетмоқда.

Қиммати баланд қўнғироқ

Автоҳалокатларда биринчи ёрдамнинг аҳамияти катта. Агар у шаҳарда, одамлар гавжум жойда бўлса-ку, яхши, бироқ аҳоли яшаш пунктларидан йироқ жойда содир бўлса-чи?

АҚШда бир қиз йўл транспорти ҳодисасига учрайди ва воқеа содир бўлган жой “iPhon`ни топиш” функцияси ёрдамида аниқланди. Биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш орқали эса унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Яна бир ҳолатда анҳорга тушиб кетган эркак Apple Watch`даги Ping-тест`дан фойдаланиб, қутқарув хабарини жўнатишга эришади. Бу билан ўз ҳаётини асраб қолади.

Антиқа қутқарув тарихи

Бу турдаги воқеалар орасида болалари билан гаровга олинган аёлнинг тарихи ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Флоридада истиқомат қилувчи аёлни жиноятчилар болалари билан гаровга олади. У пица буюртма қилинадиган махсус Pizza Hut иловасига, аниқроғи, буюртманинг шарҳ ёзиладиган қисмига “Илтимос, ёрдам беринг. Менга 911 ни чақиринг” ва “911гаров ёрдам беринг” деб ёзиб юборади. Айнан шу чақириқ орқали улар қутқариб олинади.

Ана шундай воқеа-ҳодисаларни яна кўплаб мисол келтириш мумкин. Бундан англаш мумкин-ки, гаджетлар чиндан ҳам ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!