Razr 40 ва Razr 40 Ultra букламафонларининг эҳтимолий расмий рендерлари тарқалиб кетди!

Razr 40 ва Razr 40 Ultra букламафонларининг эҳтимолий расмий рендерлари тарқалиб кетди!

Букламафонлар бозори кундан-кунга янги ўйинчилар билан тўлиб, букланадиган смартфонлар оммалашишда давом этмоқда ва биз эндиликда бир вақтнинг ўзида ҳам оддий ва ҳам флагман моделлар тақдим қилинадиган даврга қадам қўймоқдамиз – Motorola компанияси тез орада ўзининг Razr 40 букламафонлари сериясини тақдим қилишга тайёрланмоқда.

Маълум бўлишича, компаниянинг янги букламафонлари қатори Razr 40 ва Razr 40 Ultra моделларини ўз ичига олади. Улар бир хил шаклда букланадиган, лекин техник ва дизайн хусусиятлари бошқа-бошқа бўлган смартфонлар бўлиб, Интернетда икковининг ҳам расмийга ўхшаш рендерлари тарқалди.

Razr 40

MySmartPrice веб-сайти Razr 40 букламафонининг юқори сифатли рендерларини улашилди (9To5Google орқали). Таъкидлаш жоизки, аввалроқ ушбу модел "Razr Lite" деб номланиши миш-миш қилинган эди.

Суратлардан маълумки, Razr 40 букламафони орқа томонида Samsung компаниясининг ҳозирги Galaxy Z Flip 4 стили ва ўлчамига ўхшаш қўшимча дисплейга эга бўлади, яъни у кичик орқа дисплей камералар ёнида жойлашган. Бу Motorola ҳозирги кунга қадар ўз букламафонларида фойдаланган энг кичик ўлчамдаги орқа экран бўлиб, ҳатто 2019-йилдаги Razr букламафони ҳам иловаларни тўлиқ ишга тушириш қобилятига эга қўшимча дисплейга эга эди.

Ушбу қўшимча дисплей нималарга қодир эканлигига келсак, у соат, об-ҳаво, мусиқа плеери, календар, тезкор созламалар ва албатта билдиришномаларни кўрсатиб туради.

Дизайн борасида эса букламафон металл рамка билан ўралган ва унинг тепа ва пастки қисмлари чарм билан қопланган. Қолаверса, баъзи суратлар букламафоннинг ён томонига ўрнатилган бармоқ изи сканери ва сувга чидамлилигини кўрсатади. Razr 40 қаймоқранг, сиёҳранг ва зайтун яшил рангларида таклиф қилинадиган кўринади.

Razr 40 Ultra

Таниқли ликстер, @evleaks номи билан танилган Эван Бласс ўзининг Twitter саҳифасида Razr 40 сериясидаги юқори моделнинг эҳтимолий расмий рендерларини улашди (GSMArena орқали) ва улар букламафоннинг аввал миш-миш қилиган "Razr 40 Ultra" номини ҳам тасдиқлайди.

Шубҳасиз, улашилган суратларда эътиборни тортадиган нарса бу букламафоннинг ташқи экранидир. Бу сафар у ҳар қачонги Razr, йўқ-йўқ, фақат Razr эмас, балки ҳозиргача чиқарилган исталган букламафоннинг орқа экранидан каттароқдир ёхуд у қурилманинг юқори букланадиган бир қисмидаги бор жойни камералар ва LED чироғини ўз ичига олган ҳолда эгаллаб олган.

Миш-мишларга кўра, Razr 40 Ultra букламафони 1080×2640 резолюцияда 120 герц ёки 144 герц янгиланиш тезлигига эга бўладиган асосий экран, капоти остида Snapdragon 8+ Gen 1 чипсети, ҳамда 512 GB хотира, 12 GB RAM ва 33 Вт тезликда зарядланадиган 3640 мА/соат батареяда билан чиқарилади. Суратларга қараганда қора, ҳаворанг ва магента рангларида таклиф қилинади.

Razr 40 серияси бир неча ҳафтадан сўнг, эҳтимол, июн ойида расман тақдим қилиниши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!