Россияда Wi-Fi’дан 10 карра тезкор технологиядан фойдаланишга рухсат берилди

Россияда Wi-Fi’дан 10 карра тезкор технологиядан фойдаланишга рухсат берилди

Россия радиочастоталар бўйича давлат комиссияси мамлакат ҳудудида янги симсиз алоқа технологиясидан фойдаланилишига рухсат берди.

Ушбу янги технологиядан 57-66 ГГц частота диапозонида IEEE 802.11ad стандартидаги (WiGig) қурилмаларда фойдаланиш мумкин.

WiGig стандартидаги янги симсиз алоқа технологиясининг маълумотларни ўтказишдаги тезкорлиги ўзининг муқобили бўлган Wi-Fi технологиясидан 10 баробар юқори эканлиги айтилмоқда. Яъни, унинг ёрдамида секундига 7 гигабитгача ҳажмдаги маълумотни ўтказиш мумкин.

Мазкур алоқа технологияси ёрдамида оралиқ масофаси бир-биридан 10 метр бўлган электрон қурилмаларни бир-бири билан симсиз улаш мумкин. Қурилмалардаги WiGig чипи компьютер, ноутбук, принтер, проектор ва бошқа қурилмаларни ўзаро сим ва кабелсиз улаш имконини беради.

Бу технологиядан фойдаланиш учун электрон қурилма ва гаджетларда Intel ҳамда Qualcomm компаниялари томонидан ишлаб чиқилаётган махсус чиплар ўрнатилган бўлиши керак.

Ушбу симсиз алоқа технологиясининг оммалашиб кетиши WiGig чипига эга қурилмаларнинг кенг миқёсда фойдаланилишига боғлиқ. Боиси Wi-Fi технологияси ҳам уни қўллаб-қувватлайдиган технологияга эга ноутбук ва қурилмаларни ишлаб чиқариш бошланганидан сўнг оммалашган эди.
Шу сабабли, россиялик экспертлар электроника фойдаланувчиларига айнан ана шу стандартга эга қурилмаларни харид қилишни тавсия қилишмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!