Samsung илк "Galaxy On" арзон смартфонини тақдим қилди

Samsung илк

Samsung шу кунларда ўзининг ҳамёнбоп смартфон моделларини бошқатдан кўриб чиқмоқда. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан юзага келаётган бугунги рақобат компанияни нисбатан илғор технологияларга эга арзон смартфон ишлаб чиқаришга мажбур қилмоқда. Шу боис, Samsung компанияси "Galaxy On" туркумида янги ҳамёнбоп девайслар ишлаб чиқаришга қарор қилди. Илк модел бўлмиш Samsung Galaxy On8 (2018) бугун тақдим қилинди.

Янги смартфон кенг форматли бўлиб, унга 6 дюймли, Super AMOLED матрицали дисплей ўрнатилган. Томонларининг нисбати 18,5:9 ўлчамли бўлган бу экраннинг пикселлар сиғими соддагина - 1480х720, яъни HD!

Платформага масъул бўлган чипсет ҳам камтаргина, сийқаси чиққан ва кўплаб арзон девайсларга ўрнатилган Snapdragon 450. Бироқ, оператив хотира яхши - 4 гигабайтли, шунингдек 64 гигабайтли доимий хотирани қўшимча хотира картаси орқали 256 Гб.гача катталаштириш мумкин.

Samsung Galaxy On8 (2018) моделининг яна бир кучли жиҳати сифатида батарея имкониятларини айтиш мумкин — 3500 мА соат. Ҳарқалай арзон девайс учун шу ҳам кичик кўрсаткич эмас. Qualcomm чипи ва қувватни тежайдиган Super AMOLED экран тўлиқ қувват билан ишлаш вақтини янада оширади.

Samsung Galaxy On8 (2018) бош камераси ҳам диққатга сазовор: қўш датчикларнинг бири 16 Мп (f/1.7), бошқаси 5 Мп (f/1.9). Жуда ҳам яхши танлов! Олд камера ҳам чакки эмас - 16 мегапикселли (f/1.9)! Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, камералар "сунъий онг" технологияси билан таъмъинланган, шунингдек Live Focus, Portrait Dolly ҳамда Background Blur Shape (орқа фонни ғира-шира қилиш) функцияларини қўллаб-қувватлайди.

Samsung Galaxy On8 (2018) Android 8.0 Oreo операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Гаджет 6 августдан бошлаб $248 доллар баҳосида халқаро бозорда сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.