Samsung ўзининг Galaxy смартфонлари учун Android 14 синовларини бошлади

Samsung ўзининг Galaxy смартфонлари учун Android 14 синовларини бошлади

Бугун, 10 май куни Google ўзининг Android операцион тизимининг 14-авлодини тақдим қилишга тайёрланаётган бир вақтда Samsung унинг ўз Galaxy смартфонлари учун махсус версиясини ички синовдан ўтказишни бошлагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди – Жанубий Корея компанияси Android 14 га асосланган One UI 6 янгиланишини тест қилишни бошлаган.

Технологиялар ишқибози, Galaxy S23 Ultra фойдаланувчиси, Тарун Ватс ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Samsung Galaxy S23 серияси учун One UI 6 тест версиясини ички серверларда пайқаб қолганлигини маълум қилди. Унга кўра, Galaxy S23 ва Galaxy S23+ учун S918BOXM1BWE2 версиядаги, Galaxy S23 Ultra учун эса S918BXXU1BWE2 версиядаги прошивкалар ички синов серверларида пайдо бўлган.

Шунингдек, SamMobile веб-сайтидагилар ҳам Galaxy Z Fold 4 ва Galaxy Z Flip 4 учун One UI 6 янгиланишини мос равишда F936BXXU2DWE1 ва F721BXXU2DWD7 прошивка версиялари билан синовдан ўтказилаётганини аниқлашган. Бу шуни англатадики, Galaxy S23 сериясидаги смартфонлар ва ўтган йилги Galaxy З букламафонлари тез орада биринчилардан бўлиб Android 14 га асосланган янгиланишнинг бета синовларини қабул қилишади.

Ушбу прошивка версиялари нима учун айнан One UI 6 билан боғлиқлигига ишонилаётганига келсак, уларнинг охиридан тўртинчи белгисига қарашимиз керак. Масалан, Galaxy S23 учун S918BXXU1BWE2 прошивка версиясида охиридан тўртинчи белги "A" бўлиб, одатда оммавий прошивка версияларида бу "А" бўлади. Galaxy Z букламафонларида эса "C" ҳарфи оммавий прошивкаларида қўлланилса, "D" ҳарфидан ички синовлар учун фойдаланилади.

Таъкидлаш жоизки, Samsung ўзининг бу йилги катта Android янгиланиши устида ўтган йилга қараганда деярли икки ой аввал иш бошлади ёхуд биз ўтган йили One UI 5 версиясининг ички синовлари бошлагани ҳақида июн ойи охирида хабар топган эдик. Шундай экан, Galaxy смартфонлари эгалари бу йил Android 14 янгиланиши узоқ кутишмайди. One UI 6 қандай ўзгаришларни ўз ичига олганлиги ҳақидаги расмий янгиликларни эса тез орада бета синовлари бошлаганида билиб оламиз.