Samsung ва T-Mobile 5G тармоғини синовдан ўтказади

Samsung ва T-Mobile 5G тармоғини синовдан ўтказади

АҚШнинг йирик мобил операторларидан бири бўлган T-Mobile ва Жанубий Кореянинг Samsung компанияси 5G тармоғини лаборатория шароитларида синовдан ўтказишга келишиб олишди.

Ушбу синовлар муваффақиятли амалга оширилса, яқин келажакда АҚШда ўта тезкор 5G стандарти ишга туширилади.

Samsung синовлар кейинги йилнинг бошида ўтказилишини тасдиқлаган. Синовлар T-Mobile’га қарашли 28 ГГц частотадаги тармоқда 5G прототипида ташқи қурилмалар ёрдамида бажарилиши айтилган. 2017 йилнинг биринчи чорагида эса 5G стандартини қўллаб-қувватлайдиган гаджетлар орқали тармоқнинг тезлиги текширилади, синов остидаги тармоқ қоплами кенгайтирилади.

T-Mobile компаниясининг техник директори Невилл Рей Samsung билан бирга АҚШда ақл бовар қилмас тезликдаги мобил интернетни ишга тушириш режалаштирилганлиги тўғрисида гапириб ўтган. Жанубий Кореялик гигант эса мазкур стандартдаги тармоқ 2018 йилдан фойдаланишга топширилишини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 5G тармоғида 1 сонияда 4-10 гигабитгача трафик узатилиши мумкин. Бу айни вақтдаги 3G ва 4G cтандартидаги тезликдан бир неча юз маротаба кўпдир. Масалан, 5G тармоғида HD аниқлигидаги киноларни атиги бир неча сонияда юклаб олса бўлади.