Siri ва бошқа виртуал ёрдамчилар нима учун ҳаётимизни енгил қилмайди?

Siri ва бошқа виртуал ёрдамчилар нима учун ҳаётимизни енгил қилмайди?

Жаҳоннинг йирик IT-компаниялари бизни виртуал ёрдамчилардан фойдаланишга ундамоқда. Apple телефонлардаги Siri’ни чақиришни соддалаштирди ва уни компьютерларга ҳам ўрнатди; Google ичида аввалдан ўрнатилган бот-ёрдамчиси бор мессенжер чиқарди; Microsoft ва Amazon компаниялари ҳам бу борада ўз ечимларини таклиф қилган. Бироқ нима учун биз эрталабдан кечгача ўз телефонларимиз, компьютерларимиз ва карнайларимиз билан гап сотмаяпмиз? Meduza нашри виртуал ассистентларнинг энг асосий камчиликларини санаб ўтди.

1. Улар бизни эшитмайди

Бунда гап, табиийки, овозли ёрдамчилар ҳақида бормоқда — бу Apple қурилмаларидаги Siri, Android телефонлардаги Google ассистенти ёки бўлмаса Amazon Echo “ақлли карнайи” бўлиши мумкин. Ҳар сафар қандайдир керакли тугмани босавериш заруратидан қутилиш учун, ишлаб чиқарувчилар бу ёрдамчиларга, мисол учун, “Окей, Гугл” кўринишидаги маълум бир буйруқ берилган вақтда “уйғониш”ни ўргатган.

Бироқ, амалиётда бу буйруқлар ҳар доим ҳам биринчи уринишдаёқ керакли натижани бераверайди. Шу сабабли фойдаланувчи бир гапни ҳар хил оҳангда тинмай такрорлаётган тўтиқушга ўхшаб қолади (бу ҳаракатларнинг ҳаммаси телефон инсонни тушуниши учун!): “Окей, Гугл. Окэй, Гугл. Оу-кей, Гугл. О-о-окей, Гу-угл”. Агар бу жараён бирор гавжум жойда содир бўлса, фойдаланувчи овозли ёрдамчини ёқишдан аввал юз марта ўйлаб кўради.

2. Улар бизни тушунмайди

Бунда гап нафақат буйруқларни тўғри тушуниш ҳақида бормоқда — баъзан телефонлар (ва уларда созланган нейротармоқлар) одам зўрға англайдиган гап-сўзларни ҳам аниқ баён қилади. Бироқ кейин, кўпинча, биз кутганимиздан анча узоқ жавобни оламиз.

Ишлаб чиқарувчиларнинг ишонтиришича, “ақлли ёрдамчилар” шу қадар ақллики, улар билан инсоний мулоқот қилиш мумкин, яъни, гапларингизни сўзлашув услубида тузишингиз ва ҳатто кейинги гапингиз аввалгисига боғлиқ бўлгани ҳолда суҳбатлашишингиз ҳам мумкин. Бироқ амалдаги мулоқот, одатда, бир буйруқни қайта-қайта турли кўринишда беришдан нарига ўтмайди (“Тошкентда бугунги об-ҳаво”, “бугун об-ҳаво қандай бўлади?”, “бугун ёмғир ёғадими?”). Бу кетма-кетликни эса сифат борасида ўсиш дейишга тил бормайди, албатта — фойдаланувчи ўзи хоҳлаган жавобни олиши учун барибир аниқ, англаш доираси имкон қадар қатъий чекланган буйруқларни бериши керак.

3. Улар нима қила олишини биз билмаймиз

Реклама роликларида одатда виртуал ёрдамчига турли буйруқлар бераётган бахтли одамларни кўрамиз, унда ёрдамчилар ҳам буйруқлар сўзсиз бажаради. Муаммо шундаки, бу видеоларнинг қаҳрамонлари уларнинг қўлидаги қурилма нималарни қила олади-ю, нималарни қилолмаслигини аниқ билади.

Ҳаётда эса ҳаммаси бошқача. Фойдаланувчилар виртуал ёрдамчи у ёки бу — аксарият ҳолларда жуда содда — нарсаларни бажара олмаслигига дуч келади ҳамда кутилган жавоб ўрнига бефойда қидирув сўровини олади. Айни вақтда, виртуал ёрдамчилар кўп, ҳар бири турли-турли имкониятлар билан тўлдирилган, шу сабабли қай бири нимага қодирлиги эслаб қолиш ҳам бир муаммо.

Энг ёмони, турфа хиллилик битта экотизим ичида ҳам кузатилаётгани. Масалан, Android қурилмалага ўрнатилган Google Keep қайдномалар менежери харитадаги маълум бир нуқтага боғланган эслатмаларни ярата олади, бироқ Google томонидан яқинда чиқарилган Allo мессенжерига созланган “ақлли” бот бу вазифани уддалай олмайди. Худди “менга бу ҳақда икки соатдан сўнг эслат” деган ва аввалги буйруқ билан боғлиқ оддий кўрсатмани тушунмаганидек.

Бу каби муаммолар Siri фойдаланувчиларига ҳам таниш. Фарқ шундаки, маркетинг мақсадларини кўзлаб Apple ассистентига бир қатор қизиқарли буйруқлар (масалан, “қўшиқ куйлаб бер” ёки “0 ни 0 га бўлса неча бўлади?” қабилидаги) киритилган, шу сабабли ҳам у бироз ақллироқдек тасаввур беради.

4. Улар бизни ёзиб олади

Овозли ёрдамчилар қуйидаги тартибда ишлайди: улар овозли буйруғингизни ёзиб олади, уни серверга юборади, у ерда овозингиз расшифровка қилинади ва ундан келиб чиқиб жавоб йўлланади. Бироқ ёзиб олинган овозингиз серверларда сақланиб қолади.

Google ўз фойдаланувчиларига ўзи сақлаб қўйган буйруқларни эшитиш имконини ҳам беради ва бу жуда қўрқинчли. Бир вақтнинг ўзида корпорация ихтиёрида сизнинг нафақат матнли сўровларингиз (бу ҳолатда ўзингизни: “Уларни мен киритмаганман, мушук клавиатуранинг устига чиқиб олганида шундай бўлган”, деб оқлашингиз мумкин), балки ўз овозингиз билан айтган гапларингиз ҳам бўлади.

Хулоса: улардан фақат жуда содда нарсалар учун фойдаланиш мумкин

Агар икки-учта жуда оддий вазифаларни ҳал қилиш: об-ҳаво ҳақида маълумот олиш, мусиқа қўйиш, онангизга қўнғироқ қилиш кабилар учун ишлатсангиз, овозли ёрдамчилар билан кўп муаммо келиб чиқмайди (айтмоқчи, ёрдамчи онангизга қўнғироқ қила олиши учун, алоқаларингиз рўйхатида онангизнинг маълумотлари ҳақиқатан ҳам фақат битта “Она” контактига ёзилган бўлиши керак). Қолган барча нарса учун бу ёрдамчилар ҳозирча жуда ноқулай.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!