Смартфон харидида чалғитиши мумкин бўлган 9 та маркетинг уйдирмаси

Смартфон харидида чалғитиши мумкин бўлган 9 та маркетинг уйдирмаси

2016 йилга келиб илғор ғоялар билан такомиллашган смартфонлар фойдаланувчи турмуш тарзининг энг муҳим бўлаги, воситага айлангани аниқ. Смартфондан фойдаланиш, уни авайлаш юзасидан  2-3 йил олдинги қоидалар ҳам ўзгариб, уларга ҳожат қолмади. Шу билан бирга, харидорни алдаши мумкин бўлган турли маркетинг иборалар ҳам пайдо бўлди. Аммо буни кўпчилик ҳали ҳам билмайди. Ҳали ҳам, телефонни чала қувватлантиришни,иловаларни ўчириб, смартфонни тезроқ ишлатишни истаганларга энди бунинг нафсиз эканини эслатмоқчимиз. Қуйида замонавий смартфонлар ҳақида одамлар амал қилаётган умумий “афсоналар”, маркетинг алдовлар ҳақида маълумот тақдим этмоқчимиз.

 1-уйдирма. Қувватлашдан олдин смартфонни тўла қувватсизлантириш керакми?

Бу қоида темир-никель ва никель-металл гидридли аккумуляторларга тааллуқли қоида бўлган. Бундай аккумуляторли смартфонларни сотиб олгач, аввал тўла қувватсизлантириб кейин қувватлаш тавсия қилинарди. Акс ҳолда, кейинчалик уларда кимёвий ўзгаришлар содир бўларди. Мисол учун, аккумулятор 20 фоизга тўла бўлса-ю, уни зарядласангиз аккумулятор кейинчалик ҳам фақат 80 % қувват олишга ўрганиб қолади. Яъни, электр токи сиғими камайиб кетади.

Бугун фойдаланилаётган литий-ион батареяларда эса “хотира” таъсири йўқ. Унинг қувватини кутиб туриш шартмас. Аксинча, уларни тез-тез қувватлаб туриш уларнинг барқарор ва узоқ ишлашига ёрдам беради. Боиси литий-ион батареянинг ҳаёти унинг қуввати билан боғлиқ. Имкон қадар қувват даражасини 50 %дан туширманг. Шу билан бирга, асл қувватлантириш мосламасидан фойдаланинг.

2- уйдирма. Смартфонга антивирус ўрнатиш керак?  

Android операцион тизимига кириш, жараённи бошқариш ва тизимнинг тўғри ишлашини назорат қилиш Linux ядроси зиммасига тушади. Тизим хавфсизлиги учун ҳам Linux жавоб беради. Тизимга вирус кира олмайди, аммо илова кўринишидаги зарарли файллар тушган тақдирда ҳам, Linux ядроси смартфон тизимидаги ахборотни ҳимоя қилади. Аммо зарарли файл қўшимча хотира тизимидаги маълумотларни зарарлаши мумкин.

Яъни, Android’ни зарарлайдиган вируслар эмас, зарарли файллар мавжуд, холос. Шу туфайли ҳар бир иловани юклаш, ўрнатишдан аввал унинг хавфсиз эканига ишонч ҳосли қилинг, шартлари билан танишинг. Уларнинг шартлари орасида камера тизимига аралашиш, SMS тизимларини бузиб кириш каби шартлар ҳам бўлиши мумкин. Сиз билмаган ҳолда рухсат берсангиз, бунда зарарли илова смартфонни ишдан чиқаради. Дастур-иловаларни Google Play’дан олинг.

3- уйдирма. “Вазифалар менежери” (task manager)дан иловаларни ўчирса, телефон тезкроқ ишлайдими?

Бир неча йиллардан буён иловаларни ўчириш қувватни тежаши, телефонни тезроқ ишлашига хизмат қилиш ҳақида афсоналар юради.

Android дастурлари инжиниринги билан шуғулланувчи жамоа вице президенти Ҳироши Локҳеймернинг сўзларига кўра, иловалардан фойдаланишни тўхтатишнинг аккумулятор қувватини тежашга ҳеч қандай ёрдами тегмайди. Аксинча, бу одат қурилмани ишдан чиқариши мумкин.

Бу шунчаки ахборот эмас. Бу Android платформасини яратган экспертнинг маслаҳати. Иловаларни ўчириб ташлаш қандай қилиб телефонга таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш учун эса, уларда кўп функциялилик режими қандай ишлаши ҳақида билиб олиш керак бўлади.

Android ва iOS операцион тизимларида алгоритм хотира бошқаруви асосида ишлайди. Яъни, улар ўчириш зарур бўлган иловаларни, хусусан анча вақтдан буён ишлатилмай келинаётган, кўп жой эгаллаган ёки кўп қувват ейдиган иловаларни автоматик равишда ёпиб қўяди.

Баъзи истиснолар бор. Мисол учун, Facebook’нинг “қувват ейувчи” экани маълум. Бундай ҳаддан ташқари фаол иловаларни созламалар менюсидан кириб чеклаш мумкин.

Ҳар иккала операцион тизим фойдаланувчи эҳтиёж сезадиган, тез-тез мурожаат қиладиган, сиз янгилашни истайдиган маълумотларга оид статистикани автомат шакллантириб боради.

Агар қурилма қувватини тежашни истасангиз, бунинг бошқа усуллари ҳам бор. Бунинг учун экран ёруғлигини пасайтиринг, баъзи бир кўринмас иловаларнинг автоматик янгиланиш функциясини ўчиринг, iOS’да «паст қувват режими»ни, Android’да “Doze” тежамкор режимини ёқинг. Шу билан бирга, иловаларнинг манзилни аниқлаш функцияларини ўчириб қўйиш ҳам аккумуляторга катта ёрдам беради. Агар асабий ҳолатда бўлсангиз, тинчланиб олгунингизга қадар смартфонингиз «Airplane Mode» режимида тургани маъқул.

4- уйдирма. Процессорда ядро қанча кўп бўлса, смартфон шунча тез ишлайдими?

Ядро тоши кўплиги, частота тезлиги юқорилиги, экран ва камеранинг пиксель сиғими юқори бўлиши харидорни кўзини шамғалат қилади. Аммо булар доим ҳам ўзини оқламаган.

Мисол учун, 2015 йилда MediaTek компанияси илк 10 ядроли Helio X20 процессорини тақдим қилган эди. Унда 2 эмас, 3 турдаги (1,4, 2 ва 2,5 ГГц частота тезлигидаги) ядродан фойдаланилган. Шундай бўлса ҳам, Helio X20 электрон қурилмалар самарадорлигини баҳолаш бенчмаркида юқори натижа қайд эта олмади.

Ваҳоланки, 2 ядроли Apple процессорлари самарадорлик жиҳатдан доимо пешқадам. Яъни, дастурий ва аппарат таъминоти дастурларини оптималлаштиришга ҳам кўп нарса боғлиқ.

5- уйдирма. Мегапиксель қанча катта бўлса, камера шунча яхши сурат олиши ҳақида.

Айни пайтда смартфон камераларини баҳолашда унинг пиксель сиғимига эътибор қаратиш одатий ҳолга айланди. Буни маркетинг “қуроли” дейиш мумкин. Аслида пиксель сиғими бор-йўғи қурат ўлчамига таъсир ўтказади.

Аммо пиксель сифатига таъсир ўтказувчи омил камеранинг ёруғликни қанчалик кенг қамраб олишидир, яъни объективнинг диафрагма ўлчами. Диафрагма камерага ёруғлик тушиш майдонини назорат қилади. Камерага ёруғлик қанчалик кўп тушса, сурат шу қадар тиниқ, ортиқча хираликлардан ҳоли, динамик диапазон ҳам кенг бўлади.

Шу туфайли ҳам смартфон ҳақидаги реклама роликларида пиксель эмас, камера объективининг диафрагмаси эътироф этилади. Мисол учун, Samsung Galaxy S7’нинг  пиксели (12) Galaxy S6’дан (16) паст. Аммо, Galaxy S7 олган суратлар Galaxy S6’никидан анча-мунча сифатли.

Шу билан бирга, смартфонда сурат олишда камера эмас, суратни қайта ишлаш дастурининг алгоритми ҳам аҳамиятга эга. Яхши камера ҳам баъзида сифатли суратга ололмаслиги мумкин.

6- уйдирма. Тезкор қувватлантириш аккумулятор учун зарарли?

АҚШнинг SLAC National Acceleration Laboratory маркази 2014 йилда тадқиқот ўтказиб, батарея электродлари тезкор ёки одатий қувватлаган тақдирда ҳам қувватни тез ва аста-секин узатиш имконига эга эканлигини аниқлади. Бу эса тезкор қувваталаш аккумуляторни ишдан чиқаради деган тахминни рад этади.

7- уйдирма. Bluetooth ёқиқ қолса, смартфон кўп қувват ейди.

Назарий жиҳатдан бирор модулнинг ёқиқ қолиб кетиши смартфоннинг кўпроқ қувват ейишига сабаб бўлиши бор гап. Лекин замоанвий смартфонларга Bluetooth 4.0 ва Low Energy (паст қувват) протоколи татбиқ қилинган. Бу технологиялар татбиқ қилингани учун Bluetooth еган қувват сезилмайди ҳам.

8- уйдирма. Дисплей сиғими қанча юқори бўлса, у шунча сифатли бўлади.

Технология маркетологлари ўртасидаги пойгада компаниялар экран зичлигини мақтаб, харидор чақиришга киришиб кетишди. Улар ҳар дюймда 350-400 пиксель белги борлигини айтиб, бошқа жиҳатдан нозик гаджетларни ҳам “ўтказишмоқда”. Аслида инсон кўзининг пиксель ажрата олиш қобилияти чегараланган. Биз ҳар дюймда узоғи билан 300 пикселни ажрата олишимиз мумкин. Ундан ошиғининг эса сифатга дахли йўқ.

Унутманг, дисплей юқори пиксель зичлигига эга бўлиши баробарида смартфоннинг график-тасвир процессори ҳам шунга яраша кучли бўлиши керак. Бу эса смартфоннинг қувват истеъмолини ҳам оширади.

9- уйдирма. Смартфон тезкор ишлаши тезкор хотира сиғимига боғлиқ эмас.

RAM, яъни тезкор хотира сиғими юқори бўлса, смартфон ҳам тезкор ишлайди деган уйдирма ҳам маълум маънода маркетингчилар найранги. Бугун 6 ГБ тезкор хотирага эга смартфонлар чиқиб кетди. Аммо уларнинг ишлаш тезлиги 2-3 ГБ тезкор хотирали гаджетларники билан деярли бир хил.

Смартфон учун 2 ГБ тезкор хотира етиб ортади. Фильм кўриш, интернетга кириш ёки мусиқа тинглаш учун шунинг ўзи кифоя. Агар ҳаддан зиёд электрон ўйинлар шайдоси бўлсангиз, унда 3-4 ГБ етади. Ортиғи учун тўлаш нафсиз ва чўнтакка зарар.