Смартфонларнинг «умри» узайтирилиши талаб қилинмоқда

Смартфонларнинг «умри» узайтирилиши талаб қилинмоқда

Яқин йиллар ичида Samsung ўз смартфонларига уч йил давомида дастур янгиланиши ва тўрт йил хавфсизлик патчларини жўнатишни ваъда қилиб, Android смартфонсозлар орасида етакчиликни қўлга олган эди. Бироқ, афтидан, Германия ҳукумати смартфон брендларидан бундан-да кўпини хоҳламоқда.

ЎҚИНГ: Оммабоп смартфонлар топ ўнталиги (35-ҳафта)

Android Authority сайтининг Heise Online нашри орқали хабар беришича, Гемания смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялардан қурилмаларга етти йил хавфсизлик патчи жўнатишни ва шунча муддат давомида эҳтиёт қисмларини таъминлаб беришни талаб қилмоқда. Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, мазкур эҳтиёт қисмлари ҳамёнбоп нархда бўлиши ҳам зарур. Хавфсизлик янгиланишлари борасида киритилган ушбу ўзгариш Европа Комиссиясининг кўрсатилган таклифидагидан икки йил кўпроқдир.

Айни дамда, аксарият брендлар фақат уч йил давомида хавфсизлик янгиланишларини таъминлаб беради. Шу боисдан, Еврокомиссиянинг беш йиллик талабининг ўзи ҳам компаниялар бўйнига катта юк бўлиши турган гап.

Heise Online'нинг қўшимча қилишича, Samsung, Huawei ва Apple каби компаниялар вакили бўлган DigitalEurope ассоциацияси Германиянинг талабига қарши чиқмоқда. Аниқроқ айтсак, ассоциация смартфонсозларнинг уч йил хавфсизлик патчи, икки йил дастур янгиланиши жўнатиши талаб қилинган стандартга айлантирилишини таклиф қилмоқда.

Агар Германия мазкур талабда қатъий турса ва уни амалга ошира олса, юқоридаги ўзгариш бошқа мамлакатлар ҳукуматлари томонидан ҳам талаб қилиниши мумкин.

ЎҚИНГ: Келаси йилдан барча Galaxy A серияси смартфонлари флагманларда бўладиган технология билан жиҳозланади