Snapdragon 8+ Gen1 чипли иккита ўйинбоп смартфон тақдим этилди

Snapdragon 8+ Gen1 чипли иккита ўйинбоп смартфон тақдим этилди

Шу йилнинг февраль ойида Red Magic 7 серияси тақдим этилган эди. Энди ZTE компанияси янги Qualcomm чипига эга бўлган Red Magic 7S ва 7S Pro моделларини тақдим этди. 

Иккала модель ҳам Snapdragon 8+ Gen1 чипи билан жиҳозланган. Шунингдек, чипни оптимал ҳароратда ушлаб туриш ҳамда қувватлаш вақтида қурилмани қизиб кетишини олдини олиш учун иккала смартфонга совутиш парраклари ўрнатилди. 

Red Magic 7S модели 8/12/16ГБ LPDDR5 тезкор хотира ва 128/256/512ГБ UFS 3.1 доимий хотирага эга бўлса, Pro модель 12/16/18ГБ тезкор ҳамда 256/512ГБ/1ТБ доимий хотирага эга. 

Оддий модель 120 ваттда қувват олувчи 4,500 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган. Қурилма қутисида 165 ваттлик қувватлаш адаптери бўлиб, у билан бошқа қурилмаларни қувватласа ҳам бўлади. Аммо смартфонни ўзи максимал 120 ваттда зарядланади.

Pro модель эса 5,000 мАс сиғимли аккумулятор эга бўлиб, у 135 ваттда қувват олади. Қурилма 5 дақиқада 50% гача қувват олади, тўлиқ қувватланиш учун эса 15 дақиқа вақт сарфлайди. Қуввлаш вақтида совутиш тизими смартфон ҳароратини назорат қилиб боради. 

Смартфонларни совутиш ҳақида гапирадиган бўлсак, Red Magic 7S модели 9 қатламли, 7S Pro эса 10 қатламли совутиш тизимига эга. Совутиш тизимига ҳаво босимини ошириб, шовқинни камайтирадиган паррак ҳам киради. 

Икки смартфон аввалги моделлар каби 1,080 х 2,400 резолюциядаги 6.8 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Оддий 7S моделининг дисплейи 165 гертс экран янгиланиш частотаси ҳамда 720 гертс сенсорли намуна олиш частотасини қўллаб-қувватлайди. 7S Pro моделида янгиланиш частота 120 гертс, сенсорли намуна олиш частота эса 960 гертс. 

Pro модель, шунингдек, янги технология саналадиган 8МП экраности селфи камера билан жиҳозланган. Оддий моделда эса селфи камера дисплей рамкасининг юқори қисмидан ўрин олган. Иккала моделнинг орқа панелида 64МП асосий, 8МП ультракенг ва 2МП макро камералар жойлашган. 

Red Magic 7S сериясида ўйин ишқибозлари кутган бир неча муҳим функциялар мавжуд. Бунга 3.5 мм аудио жек, триггерлар, RGB чироқларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан ташқари, Red Magic 7S'нинг шаффоф орқа панелга эга бўлган версияси сотувга чиқади. Pro моделнинг орқа панелида эса RGB чироқ элементлари мавжуд. 

Иккила моделга ҳам кечадан Хитойда олдиндан буюртма бериш бошланган. Смартфонлар 15 июлдан сотувга чиқади. Уларнинг нархи қуйидагича:

Red Magic 7S

8/128ГБ - 600 доллар

12/256ГБ - 715 доллар

12/256ГБ Deuterium Transparent версия - 730 доллар

16/512ГБ Deuterium Transparent версия - 820 доллар

Red Magic 7S моделининг 12/256ГБ версияси 775 доллар нархда сотувга қўйилган. Deuterium Transparent версия учун қўшимча 15 доллар тўлаш керак бўлади. 16/512ГБ хотирали версия фақат Deuterium Transparent версияда бўлади холос. 18ГБ/1ТБ хотирага эга модель эса кейинчалик сотувга чиқади. 

Red Magic 7 Pro тез орада халқаро бозорда ҳам сотувга чиқади. Оддий модель катта эҳтимол билан фақат Хитойда сотилади холос. Аввалроқ Red Magic 7 серияси ҳам Хитойда сотувга чиққандан бир неча ой ўтиб халқаро бозор учун тақдим этилган эди. 

ЎҚИНГ: Galaxy S23 серияси энди икки хил чипда тақдим этилмайди 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!