Snapdragon 875'ли Galaxy S21 Geekbench'да синовдан ўтди

Snapdragon 875'ли Galaxy S21 Geekbench'да синовдан ўтди

Samsung ўзининг Galaxy S21 линейкасини январь ойида тақдим қилиши кутилмоқда. Ҳар галгидек, флагман смартфонлар минтақага қараб Snapdragon ёки Exynos чипида ишлайди.

Qualcomm'нинг чипсети ўрнатилган Galaxy S21 модели Geekbench'да кўриниш бериб, кўп ядроли синовда 3,319 балл йиғди. Бироқ инсайдерлар берган маълумотга кўра, Exynos 2100 бу синовда деярли 4,000 балл йиға олади.

Охирги бир неча йиллардан буён Хитой, Жанубий Корея ва АҚШда сотиладиган Snapdragon'ли Galaxy S флагманлари бошқа бозорларда сотувда бўлган Galaxy S'лардан кўра қувват бошқаруви борасида анчайин яхши натижа кўрсатиб келади. Бу эса, табиийки, Exynos вариантли Galaxy фойдаланувчиларни ғазаблантирган.

Бироқ ишончли инсядер Ice Universe'нинг сўзларига кўра, бу гал вазият бошқача бўлади. Сабаби, Exynos 2100'нинг CPU'си барча йўналишлар бўйича Snapdragon 875'ни ортда қолдиради. Ҳар иккала чипсет бир хил архитектуравий тузилмага эга, аммо Exynos 2100'даги асосий X1 ядроси 2.91 GHz'га етади, SD875'ники эса 2.84 GHz бўлади. Cortex-A78 ядролари триоси борасидаги тафовут ҳам анчайин сезиларли — Exynos'да 2.81 GHz, Snapdragon'да 2.42 GHz бўлади.

Тўртта энергия тежамкор Cortex-A55 ядролари SD875'да 1.8 GHz, Exynos 2100'да эса 2.21 GHz бўлади. Ice Universe ушбу тафовутлар Samsung'нинг ўзи ишлаб чиқарган чипсет йиғадиган баллни 4,000 га олиб чиқишини айтмоқда.

Юқорида фақат чипсетнинг бир қисми ҳақида маълумот берилди холос. График процессори ҳақида ҳозирча тафсилотлар мавжуд эмас. Масалан, Exynos'даги GPU'нинг видео кодлаш ва декодлаш имкониятлари аниқ эмас. Муҳими — смартфоннинг реал шароитда ишлаш унумдорлиги. Буни билиш учун эса яна икки ой кутишимизга тўғри келади.

Унга қадар, сиз Galaxy S21 моделларининг сифатли тасвирлари, линейка таркибидаги учала смартфоннинг ўхшаш ва фарқли томонлари, камеранинг жойлашув ўрни, тақдимот ва сотувлар бошланишининг аниқ санаси, шунингдек, серия ҳақидаги барча муҳим маълумотларни сайтимиздан ўқишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung беш йил аввалги тўрт хил смартфонини ҳам янгилаяпти – сабаби жиддий!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!