Тақдимотидан олдин Galaxy S22 Ultra'нинг жонли суратлари эълон қилинди

Тақдимотидан олдин Galaxy S22 Ultra'нинг жонли суратлари эълон қилинди

LetsGoDigital инсайдери Samsung Galaxy S22 Ultra флагманининг оқ, қора ва бронза рангли турларини эксклюзив фотосуратларда тақдим этди. Шунингдек, смартфон яшил рангда ҳам тақдим этилади. 

Фотосуратдан кўриниб турибдики, Galaxy S линиясининг янги топ-модели серия тарихида биринчи марта S Pen учун уяга эга бўлади.

Стилус кўп йиллар давомида Galaxy Note сериясининг ўзига хос хусусияти бўлиб келган. Энди Samsung ушбу Note сериясини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Шунинг учун янги флагманни Galaxy S21 Ultra ва Galaxy Note 20 Ultra моделларининг янги авлоди сифатида кўриш мумкин. 

Стилусга жой яратиш учун Samsung қўшимча дизайн ўзгаришларини амалга ошириши керак эди. Смартфон бошқа S22 моделларидан фарқли ўлароқ қиррали бурчакларга эга бўлган тўртбурчак шаклида бўлиб чиқди. 

Samsung Galaxy S22 Ultra'нинг Европадаги нархлари ҳам маълум: 

8/128 ГБ - 1250 евро; 

12/256 ГБ - 1350 евро; 

12/512 ГБ - 1450 евро. 

Galaxy S22 Ultra модели 6.8 дюймли HDR10+ QHD+ Dynamic AMOLED 2X панелига эга бўлиб, 120Hz адаптив частотада ишлайди. Унинг максимал ёрқинлиги 1750 нитни ташкил этади. Смартфоннинг ўлчамлари 163,3 х 77,9 х 8,9 мм. 

Олд томонда f/2.2 диафрагмадаги 40 мегапикселли камера жойлашган. Орқа панелдан эса f/1.8 диафрагмадаги 108МП асосий камера, f/2.2 диафрагмадаги 12МП ультракенг камера ҳамда иккита 10МП телефото камера ўрин олган. 

Қурилма 8K Super HDR форматда видео ёзиб олиш қўллаб-қувватлайди. 

Galaxy S22 серияси бугун Тошкент вақти билан 20:00 тақдим этилади. 

ЎҚИНГ: Samsung янги Galaxy S22 смартфонларини ишлаб чиқаришда океанларда ташлаб кетилган балиқ тўрларидан фойдаланади