ТераТавсиф: Samsung Galaxy A72

ТераТавсиф: Samsung Galaxy A72

Ўтган йилги Galaxy А71 қурилмаси А сериясининг энг яхши смартфонларидан бири бўлган. Galaxy А71 смартфонининг энг катта ютуғи бу — Galaxy А51'га қараганда техник кўрсаткичлари яхшироқ эди. Мисол учун, Galaxy А71 қурилмаси А51'га қараганда юқори резолюцияли камера, каттароқ дисплей, кучлироқ чипга эга эканлиги эди.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy A52 5G

2021 йилда эса Galaxy А52 аввалги авлодга қараганда анчагина такомиллашган. Бунинг мисоли деб 90Hz AMOLED дисплейи, Snapdragon 720G чипи, 64МП асосий камера, 25 ватт тезкор қувватланиш имкониятини айтиш мумкин.

Фото: GSMArena

Galaxy А72'нинг техник жиҳатлари, жумладан, унинг чипи Galaxy А52 билан бир хил. Шундай бўлса-да, Galaxy А72 смартфонига каттароқ бўлган 6.7 дюймли дисплей, каттароқ ҳажмдаги 5,000 мАс аккумулятор ҳамда Galaxy А52'да мавжуд бўлмаган телефото камера ўрнатилган.

Фото: GSMArena

Galaxy А52'дан фарқли равишда, А72'нинг 5G талқини ҳали сотувга чиқмаган.

Ўтган йилги Galaxy А71 билан таққослаганда, А72 смартфонини анчагина такомиллашганини кўриш мумкин. Келинг, яхшиси смартфон билан яқиндан танишиб чиқамиз.

Дизайн ва дисплей

Galaxy А72'нинг дизайни олдинги авлодларникидан бироз фарқ қилади. Қурилма орқа панели одатдагидек пластикдан ишланган. Бироқ панель матовый қопламага эга бўлиб, бармоқ изларини ўзида ушлаб қолмайди.

Фото: GSMArena

Орқа панелдаги камералар модули Galaxy S21 сериясидаги камералар модулига жуда ўхшаш.

Фото: GSMArena

Овозни созлаш ҳамда қувват тугмаси қурилманинг ўнг ромида, SIM карта уяси эса юқори ромда, 3.5 мм аудио жек, асосий карнай ҳамда USB-C порти пастки ромда жойлашган.

Фото: GSMArena
Фото: GSMArena

Қурилма иккита SIM картани қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, иккинчи SIM карта ўрнидан microSD учун уя сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Смартфоннинг оғирлиги 203 граммни ташкил қилади.

Умумий олганда, Galaxy А72 дизайни жуда чиройли. Уни Galaxy А52'нинг каттароқ талқини десак ҳам бўлади. А72 матовый қопламага эгалиги, унинг дизайнини Galaxy А70 ҳамда А71 смартфонларидан ажратиб туради. Агар сизга градиент ранглар ёқмаса, Galaxy А72 айнан сиз учун яхши танловдир.

Смартфондаги энг катта ўзгариш деб 90Hz экран янгиланиш частотасида ишловчи AMOLED дисплейини айтиш мумкин. Samsung доимо А серия смартфонларига сифатли AMOLED дисплейларини ўрнатади. Агар ҳозирги смартфонингиз 60Hz экран янгиланиш частотасида ишласа, 90Hz частотага ўтсангиз ушбу ўзгаришни дарҳол сезасиз.

Galaxy А72'га 6.7 дюймли дисплей ўрнатилган бўлиб, унинг резолюцияси FHD+ (2400 х 1080) ни ташкил қилади. Максимал ёрқинлик эса 800 нитни ташкил қилади. Қурилмада икки хил: Vivid ва Natural ранглар режими мавжуд. Дисплей Gorilla Glass 5 шишаси билан ҳимояланган. Дисплейнинг юқори ўрта қисмида юмалоқ кичиқ тирқишли селфи камера жойлашган.

Фото: GSMArena
Фото: GSMArena

 

Унумдорлик ва аккумулятор

Ўтган йилги Galaxy А71 смартфони Qualcomm Snapdragon 730G чипида ишлар эди. Бу йилги А72 эса Snapdragon 720G чипида ишлайди. Буни камчилик деса бўлади. Бироқ иккала чипнинг унумдорлги ўртасидаги фарқ унчалик сезилмайди.

Техник кўрсаткичлар:

> Операцион тизим: Android 11, OneUI 3.1

> Дисплей: 6.7 дюймли AMOLED дисплейи, 90Hz экран янгиланиш частотаси, 1080х2400 резолюция

> Чипсет: Snapdragon 720G, Adreno 618

> Хотира: 6/128ГБ, 6/256ГБ, 8/256ГБ

> Камера: 64МП ƒ/1.8 (асосий), 12МП ƒ/2.2 (ультракенг), 8МП ƒ/2.4 (телефото), 5МП ƒ/2.4 (макро)

> Селфи камера: 32МП ƒ/2.2

> Аккумулятор: 5,000 мАс, 25 ватт тезкор қувватланиш имконияти

> Ўлчам: 165 х 77.4 х 8.4 мм

> Оғирлиги: 203 грамм

> Ранглар: Awesome Blue, Awesome Black, Awesome White, Awesome Violet

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy S21 Ultra 5G (1-қисм)

Кунлик фойдаланишда смартфон қотишларсиз ишлайди. Агар юқори унумдорликни талаб қилувчи ўйинлар ўйналса, смартфон бироз секинроқ ишлаши мумкин. Агар сиз ушбу турдаги ўйинларни ўйнасангиз, кучлироқ чипсетга эга бўлган смартфонни харид қилишингиз керак.

Смартфондаги бармоқ изи сканери экран остида жойлашган. Сканер бироз секин ишлайди. Шунингдек, бармоқ изини ўрнатиш ҳам кўп вақт олади. Қурилмани Face ID орқали ҳам блокдан чиқариш мумкин.

Фото: GSMArena

Galaxy А72 сув ва чангдан ҳимоялайдиган IP67 стандартига эга. Смартфон бир метрлик чуқурликда ярим соатгача сув ўтказмайди.

Қурилманинг аккумулятор сиғими 5,000 мАс ни ташкил қилади. Аккумулятор автономлиги эса ажойиб даражада. Ҳатто 90Hz экран янгиланиш частотасида ҳам смартфон қуввати бир кундан ортиқ вақтгача етади. Смартфон 25 ваттда заряд олади. Galaxy А72 50% қувватланиш учун 35 дақиқа, тўлиқ қувватланиш учун эса 90 дақиқа вақт сарфлайди. Афсуски, қурилмада симсиз қувватланиш имконияти мавжуд эмас.

Фото: GSMArena

Камера

Galaxy А52 сингари А72'га ҳам 64МП асосий камера, 12МП ультракенг камера ҳамда 5МП макро камера ўрнатилган. А52'дан фарқли ўлароқ, А72'га 3х оптик 30х гибрид зумни қўллаб-қувватловчи телефото камера ўрнатилган.

Видео ёзув ҳақида сўз борса, афсуски, Galaxy А72 4K 60 кадр/секунд форматда видео олишга қодир эмас. Ушбу кўрсатгич 4K 30 кадр/секунд билан чекланган. Бироқ 1080p 60 кадр/секунд форматда видео олиш имконияти мавжуд. Камера интерфейси эса ўзгаришсиз қолган. Барча режимлар ўтган йилги Galaxy А71 смартфонида бўлгани билан бир хил.

Кундузги вақтда А72 ажойиб суратларни олишга қодир. Суратларда ранглар аниқ, динамик диапазон яхши даражада. Телефото камера ҳам 3х зумда тасвир сифатини сақлаган ҳолатда суратга олади. Ҳатто 10х гибрид зумда ҳам яхши суратларни олиш мумкин.

...

Тунги вақтда эса смартфонда олинган суратларда шовқин камроқ. Бироқ сурат етарли даражада ёритилмаганлиги сабаб, суратдаги бази объектлар яхши кўринмайди.

...

Дастурий таъминот

Galaxy S21 серияси каби А72 ҳам  OneUI 3.1 график қобиғида ишлайди. Samsung смартфоннинг уч йиллик Android тизим янгиланиши ҳамда тўрт йиллик хавфсизлик патч янгиланишини кафолатлайди.

OneUI 3.1 ўтган йилги OneUI 2.1 тизимидан катта фарқ қилмаса-да, янги тизимга бир нечта янги функциялар қўшилган.

Фото: GSMArena

Муқобиллар

Galaxy А72'нинг техник жиҳатлари деярли Galaxy А52 билан бир хил. Иккала смартфон ҳам 90Hz AMOLED дисплейи, Snapdragon 720G, 64МП асосий камера, 32МП селфи камера, ҳамда 25 ватт тезкор қувватланиш имкониятига эга. Фарқ қилувчи томонлари эса Galaxy А72 каттароқ дисплей, каттароқ ҳажмдаги аккумулятор ҳамда телефото камерага эга. Агар ушбу кўрсаткичлар 100 долларга арзиса Galaxy А72'ни танлашингиз мумкин. Агар буни акси бўлса, А52 танловини амалга ошириш мумкин.

Galaxy А72'га муқобил деб Redmi Note 10 Pro смартфонини ҳам айтиш мумкин. Унинг нархи А72'дан кўра арзонроқ. Бироқ Redmi Note 10 Pro 120Hz AMOLED дисплейи ҳамда 108МП асосий камерага эга. Аккумулятор сиғими эса деярли Galaxy А72'ники билан бир хил - 5,020 мАс.

Galaxy А72'га яна бир муқобил вариант деб OnePlus Nord'ни айтиш мумкин. Унинг нархи тахминан 470 доллар атрофида. Ушбу нархга эса 90Hz AMOLED дисплей, Snapdragon 765G, 5G алоқаси ҳамда 30 ватт тезкор қувватланиш имкониятига эга бўласиз.

Google Pixel 4a 5G ҳам А72'га яхши муқобил вариант. Қурилма 90Hz дисплей, Snapdragon 765G чипи ҳамда сифатли камраларга эга.

...

Хулоса

NOTEBOOKCHECK

9.1балл

«Samsung оммабоп бўлган ўрта тоифадаги смартфонини янгилади. Galaxy A72 олдинги авлодига қараганда кучлироқ техник жиҳатлар, жумладан, A72 каттароқ ҳажмли аккумулятор ҳамда яхшироқ камераларга эга».

Дизайн

Дисплей

Камера

Функциявийлик

Aлоқа

Унумдорлик

Aккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Texnomart.uz 4 899 000 сўм Сотиб олиш
Olcha.uz 5 564 000 сўм Сотиб олиш
Openshop.uz 5 136 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Aжойиб дизайн ҳамда IP67 стандарти
  • 90Hz AMOLED дисплейи
  • Стерео карнай
  • Барча камераларда 4K форматда видеога олиш мумкин
  • 3х телефото камера

 Камчилиги

  • Бармоқ изи сканери секин ишлайди
  • Дисплей HDR видео имкониятини қўллаб-қувватламайди
  • 4К видео форматда стабилизация мавжуд емас
  • Snapdragon 720G'дан кучлироқ чип ўрнатса бўлар еди
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.