ТераТавсиф: Samsung Galaxy S21 Ultra 5G (1-қисм)

ТераТавсиф: Samsung Galaxy S21 Ultra 5G (1-қисм)

Бу йил Galaxy S21 смартфонлари кутилганидан кўра эртароқ тақдим қилинди ва моделлар кўплаб ўзгаришларга эга бўлди. Galaxy S21 ва S21+ флагманлари пастроқ резолюцияли OLED панелга эга, microSD слоти ва қадоқ ичида қувватлагич мавжуд эмас.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S21'нинг техник жиҳатлари билан танишамиз

Айни дамда, Galaxy S21 Ultra қурилмаси Ultra смартфон қандай бўлиши кераклигининг ёрқин намунасидир. Смартфон юқори даражадаги техник жиҳатларга эга, ҳеч қандай таъбни хира қиладиган томони йўқ. Лекин барибир зарядчикни текинга олмайсиз.

Илк Ultra смартфони — Galaxy S20 Ultra ўз даврининг энг қудратли Galaxy'си бўлиши кўзланган эди, лекин, афсуски, бундай бўлмади. Қурилмада 120Hz янгиланиш частотасидан завқланишингиз мумкин, лекин экран резолюцияси 1080p холос. Samsung рекламада S20 Ultra'нинг телефото камераси 5х деб айтганди, лекин аслида 4х бўлиб чиқди. Space Zoom ҳақида гапирмай ҳам қўя қолайлик. Ультракенг бурчакли камера сенсори аъло даражада эди, лекин автофокус мавжуд эмаслиги боис бу линза билан макро тасвирлар олиш имкони йўқ эди. Аккумулятор сиғими катта эди, лекин автономлик мақташга арзирли эмасди. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Таъкидлаш керакки, Galaxy S21 Ultra'да юқоридаги камчиликларнинг барчаси бартараф этилган. Флагман 1440p экран ва 120Hz адаптив янгиланиш частотасига эга. Смартфонда иккита (3х ва 10х оптик зум) махсус телефото камера бор. Ультракенг камера автофокусга эга ва макро суратлар олиш имконини беради. Янги Ultra, шунингдек, S Pen стилусини ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳа, ҳа, Galaxy S21 Ultra'ни S Pen ручкаси билан ишлатса бўлади. Бу билан S21 Ultra стилусда ишловчи Galaxy Note бўлмаган илк Samsung смартфони сифатида тарих китобларидан жой олди.

Смартфонда S Pen учун махсус уя йўқ. Қадоқ ичидан ручкани қидириб ҳам ўтирманг. S21 Ultra'ни исталган S Pen билан ёки яқинда тақдим қилинажак S Pen Pro билан ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, Samsung учинчи томон компанияларига S Pen ишлаб чиқаришга рухсат ҳам берган. Бу эса олдингиздаги танловлар анчагина кўп бўлишини билдиради. Ручкани чўнтагингизда олиб юришингиз ёки ручка уясига эга чехол (ғилоф) сотиб олсангиз ҳам мумкин.

Олдинги авлод S моделларидан фарқли ўлароқ, Galaxy S21 Ultra ўз оиласининг 1440p OLED панелга эга ягона вакилидир. Девайс, шунингдек, 1440p резолюцияда 120Hz частотадан фойдаланиш имконини ҳам беради, демак, энди резолюция ёки частотадан бирини танлаш шарт эмас. Янги Ultra Адаптив янгиланиш частотасига ҳам эга бўлиб, экраннинг янгиланиши 10Hz — 120Hz орасида бўлади, худди Note20 Ultra'да бўлгани каби.

Энг сўнгги Galaxy энг сўнгги чипсет билан жиҳозланган. Барча глобал версия моделлар Exynos 2100 SoC'да ишласа, АҚШ ва Хитойдаги қурилмалар Snapdragon 888 билан таъминланган. Оператив хотира 12ГБ, чекланган миқдорда 16ГБлик талқин ҳам бор.

Камера борасида ҳам ижобий ўзгаришлар қилинган. Асосий кенг камералар деярли ўзгармаган — 108МП, f/1.8, 26 мм ва 12МП, f/2.2, 13 мм. Ультракенг камера автофокусга ҳам эга. Зум тизими ҳозирда бутунлай яхшиланган. Ушбу тизим таркибига иккита 10МП камера киради, уларнинг биринчиси 3х, иккинчиси эса 10х оптик зумга хизмат қилади. Бу камералар 240 мм перископ линзаси ёрдамида ишлайди.

Эътиборга молик бошқа юқори жиҳатлар қаторига автофокусли 40МП селфи камера, стерео карнайлар, Wi-Fi 6e, 5G алоқаси, ультракенг палосада қисқа масофали алоқа, тезкор симли ва симсиз қувватлаш, 5,000 мАс аккумулятор киради.

Лекин Samsung ҳашаматли қадоқлар ва «unboxing» амалиётини хушловчиларни хафа қилди. Apple ва Xiaomi каби Samsung ҳам қадоқ ичидан зарядчик ва қулоқчинларни олиб ташлади. Galaxy S21 қадоғи таркибида смартфон ва кабель бор холос. Келинг, энди техник жиҳатлар билан танишиб чиқамиз.

Samsung Galaxy S21 Ultra 5G'нинг техник жиҳатлари:

> Корпус: 165.1х75.6х8.9 мм, 227 г; олд ва орқа панеллар шишадан (Gorilla Glass Victus), ром алюминийдан ишланган; чанг ва сувдан ҳимоянинг IP68 даражаси (1.5 м да 30 дақиқагача), стилус қўллаб-қувватланилиши.

> Дисплей: 6.80" Dynamic AMOLED 2x, 120Hz, HDR10+, 1500 нит (макс.), 1440х3200p резолюция, 20:9 форма фактори, 515 пиксел/дюйм зичлик; Always-on display.

> Чипсет: Exynos 2100 (5 nm) - Глобал версия, Qualcomm SM8350 Snapdragon 888 (5 nm) - АҚШ/Хитой: саккиз ядроли (1x2.9 GHz Cortex-X1 & 3x2.80 GHz Cortex-A78 & 4x2.2 GHz Cortex-A55) - Глобал версия, саккиз ядроли (1x2.84 GHz Kryo 680 & 3x2.42 GHz Kryo 680 & 4x1.80 GHz Kryo 680 - АҚШ/Хитой; Mali-G78 MP14 - Глобал версия, Adreno 660 - АҚШ/Хитой.

> Хотира: 128/12ГБ, 256/12ГБ, 512/16ГБ; UFS 3.1.

> ОТ/Дастурий таъминот: Android 11, One UI 3.1.

> Орқа камера: •Кенг (асосий): 108 МП, f/1.8, 24 мм, 1/1.33", 0.8µм, PDAF, лазерли автофокус, OIS; •Ультракенг: 12 МП, f/2.2, 13 мм, 1/2.55", 1.4µм, қўш-пиксел PDAF, Super Steady video; •Телефото: 10 МП, f/2.4, 70 мм, 1/3.24“, 1.22µм, қўш-пиксел PDAF, OIS, 3х оптик зум; •Телефото: 10 МП, f/4.9, 240 мм, 1/3.24“, 1.22µм, қўш-пиксел PDAF, OIS, 10х оптик зум.

> Олд камера: 40 МП, f/2.2, 26 мм (кенг), 1/2.8", 0.7µм, PDAF.

> Видео ёзув: •Орқа камера: [email protected] кадр/сек., [email protected]/60 кадр/сек., [email protected]/60/240 кадр/сек., [email protected] кадр/сек., HDR10+, стерео товуш ёз., гиро-EIS; •Олд камера: [email protected]/60 кадр/сек., [email protected] кадр/сек.

> Аккумулятор: 5000 мАс; 25 Вт да тезкор қувватлаш, USB Power Delivery 3.0, 15 Вт да Qi/PMA тезкор симсиз қувватлаш, 5.5 Вт да симсиз тескари қувватлаш.

> Бошқа: бармоқ изи сканери (экран остида, ультратовушли); NFC; FM радио (фақат Snapdragon моделида); Samsung DeX, Samsung Wireless DeX (десктоп амалиёти қўллаб-қувватланиши), Samsung Pay (Visa, MasterCard), ANT+, Bixby овозли буйруқлари, Ультракенг палоса (UWB) қўллаб-қувватланилиши.

Note10'да аудио жек олиб ташланганди, Galaxy S21'ларда эса microSD слотидан воз кечишди. Буни қоплаш учун Samsung 128ГБ ва 256ГБлик моделлар нарх ўртасидаги тафовутни қисқартирган — €50.

Қадоқ ичидан ҳам олиб ташланган компонентлар бор.

Қадоқ таркиби
Қайтар дунё деганлари бор гап. Октябрда Samsung iPhone'ларни зарядчиксиз сотаётгани боис Apple'нинг устидан кулганди, лекин орадан икки ой ўтиб, бу масхараомуз постлар тармоқдан ўчириб ташланди. Нега дейсизми? Чунки Samsung'нинг ўзи ҳам янги флагманлари қадоғи таркибидан зарядчикларни олиб ташлаётганди.

Samsung бундай қилиқларни олдин ҳам қилган. Эсингиздами? Apple аудио жекни олиб ташлагани масхараланган постлар Galaxy Note10 тақдимотидан олдин тўсатдан ғойиб бўлганди. Шундай қилиб, Galaxy S21 Ultra зарядчик ва қулоқчинларсиз сотилаётган илк Samsung смартфони бўлди. Корейслар ҳам Apple ва Xiaomi'га қўшилиб, табиатни асрашга киришди. Лекин бу сиздан кичик қурбонлик талаб қилади. Агар USB-C зарядчигингиз бўлмаса, битта сотиб олиб, уни кўп йиллар авайлаб ишлатишингиз керак.

Ингичка ҳажмли Galaxy S21 Ultra қутиси ўзининг тор бағрига USB-C-2-USB-C кабели ва смартфонни сиғдирган. Бори шу!

Агар Ўзбекистонда туриб Galaxy S21'ларга олдиндан буюртма берсангиз, Samsung Узбекистан сизга Galaxy Buds Live ва SmartTag гаджетларини текинга беради.

Samsung Galaxy S21 Ultra'га заводда жуда юпқа экран протектори қопланган. Протектор пластикдан ишланган ва экранни тирналишлардан ҳимоялаб туради.

ЎҚИНГ: 108 МПлик Galaxy S21 Ultra ҳамда 12 МПлик iPhone 12 Pro Max камера жанги (видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!