Тошкентдаги Инҳа университетидан «E-yoshlar» танловида ғолиб чиққан талаба Кореяга боради

Тошкентдаги Инҳа университетидан «E-yoshlar» танловида ғолиб чиққан талаба Кореяга боради

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети «E-yoshlar» танловида ғолиб чиққан университет талабасига махсус соврин — Корея Республикасига йўлланма тақдим этади. Бу ҳақда университет матбуот хизматига таяниб, «Infocom.uz» хабар қилмоқда.

Ғолиб бўлган университет талабаси Корея Республикасидаги Инҳа университетининг ёзги мактабида иштирок этади.

«E-yoshlar» танлови Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган.

Танловда барча қизиқувчилар иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга. Танлов уч тоифа — 5-15 ёшлилар, 15-25 ёшлилар ва 25-30 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар матн (шеър, мақола, ҳикоя, сценарий) ёки аудио-видео (қўшиқ, қисқаметражли фильм, ролик, мультфильм) маҳсулотлари, илмий тадқиқот натижалари ва бошқа ижод намуналари билан иштирок этиши мумкин.

Қабул қилинган ижод намуналари фойдаланувчилар томонидан 2016 йил 1 апрелдан 30 апрелгача баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.

Ҳар бир номинация бўйича совринли ўринларни эгаллаган ғолиблар диплом, пул маблағлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Манба: Daryo.uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.