Triton: сув остида нафас олишга имкон берадиган сунъий жабралар

Triton: сув остида нафас олишга имкон берадиган сунъий жабралар

2014 йилда интернетда сув остида нафас олишга имкон берадиган ихчам Triton нафас олиш ускунаси концепти ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган эди. Бу каби сунъий жабралар 1965 йилда тасвирга олинган Жеймс Бонд ҳақидаги Thunderball фильмида намойиш этилган. Ушбу ғояни амалга ошириш учун ишлаб чиқарувчилар IndieGoGo ресурсида 50 минг доллар тўплашни мақсад қилиб, 850 минг доллар жамғаришга муваффақ бўлишди.

Муҳандисларнинг тасдиқлашларича, Triton қурилмаси сув остида акваланг сингари ёрдамчи қурилмаларсиз 45 дақиқа давомида нафас олишга имкон беради. Triton 29х12 см ўлчамдаги қурилмани ўз ичига олади. Унинг ичида литий-ионли аккумулятор, ёруғлик диодли модуль ва сигналлар учун вибромотор, ҳавони чиқариш учун клапан, кичик ҳаво камераси ҳамда ҳавони ҳайдайдиган микрокомпрессор жойлашган. Ён трубкаларига эса микротешикли мембраналар ўрнатилган бўлиб, уларнинг тешиклари сув молекуласидан ҳам кичик. Шу сабабли кислород бевосита сувдан ажратиб олинади.

Шунингдек, махсус кимёвий таркибли модуль жойлашган. Унинг вазифаси тоза кислородни нафас олишга яроқли ҳолатга айлантириб беришдан иборат. Кўпчиликка маълумки, организмда кислород концентрациясининг ортиб кетиши кислород билан заҳарланишни келтириб чиқаради.

Triton сунъий жабралари 4,5 метргача чуқурликдаги сув остида 45 дақиқа (аккумуляторининг ишлаш вақти) нафас олишга хизмат қилади. Белгиланган чуқурлик ортиши билан огоҳлантирувчи сигнал берилади, нафас олиш ҳам қийинлашади.

Triton`га 300 доллар тўлаган ҳолда олдиндан буюртма бериш мумкин. чакана савдо нархи эса 400 доллар бўлиб, шу йилнинг декабрь ойидан харидорларга етказиб бериш режалаштирилган.

Манба: Triton

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!