Украина нега «ВКонтакте», «Одноклассники» ва «Яндекс»ни блоклади?

Украина нега «ВКонтакте», «Одноклассники» ва «Яндекс»ни блоклади?

Украина президенти Петр Порошенко 16 май куни 3 йил мобайнида Россиядаги бир қатор жисмоний ва юридик шахсларига, жумладан интернет-компанияларга қарши санкцияга имзо чекди.

Мазкур санкцияда Россиянинг «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқларидан фойдаланишни тақиқлаш ҳам кўзда тутилган. «Яндекс» масаласида эса, бу тармоқнинг барча интернет-хизматларини ҳамда бош қидирув саҳифасини, шунингдек украин тилидаги талқинини блокировка қилиш режа қилинган. Натижада, Украинада «Яндекс» почта хизмати, «Яндекс.Маблағ», «Яндекс.Такси», «Яндекс.Харита», «Яндекс.Директ», «Яндекс.Браузер», «Яндекс.Фото» каби хизмат кўрсатишга мўлжалланган сайтлардан фойдаланишга чек қўйилади. Буйруқ матни Украина давлати раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган.

Шу билан бирга, мамлакатда Mail.Ru Group компаниясига тегишли ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳам ёпиб қўилади. Провайдерлар Mail.ru сайтига киришга ҳам тақиқ қўйишлари керак бўлади. Қолаверса, «Касперский Лабораторияси» ҳамда Dr. Web каби антивирус ишлаб чиқарувчи компанияларнинг сайтлари ҳам блокировка қилинади.

Украина Россияга нисбатан иқтисодий санкцияларни Россиянинг «ТВ Центр», РБК, ВГТРК, «НТВ-Плюс», «Звезда», ТНТ, РЕН, ОТР каби йирик телекомпанияларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Жумладан, уларни эфирларини Украина ҳудудида олиб узатиш тақиқланади.

Петр Порошенко Россияни кибер-ҳарбийлашган давлат, деб билишини, Россиянинг АҚШ ва Европа давлатларидаги сайловларга кибер хуружлар орқали таъсир ўтказгани маълум бўлгач, ҳеч ким бу каби кўринмас ҳужамларнинг Украинага нисбатан ҳам амалга оширилмаслигига кафолат бермаслигини эълон қилган.

«Афсуски, Украина ҳукуматининг бу санкцияси фақат бизга эмас, балки украиналик 11 миллион нафар фойдаланувчиларимизга, хизматларимиздан фойдаланадиган минг-минглаб украиналик компанияларга ҳам қарши. Бу санкциянинг энг катта жабрланувчиси — биз эмас, бу —
украиналик фойдаланувчилар», дейди «Яндекс» компанияси ўз баёнотида.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!