Уяли алоқа операторларига тармоқ сифат кўрсаткичлари ёмонлашуви бўйича жарималар қўлланилди

  •   DiMaX
  •  1333
  •  13.06.2017 15:17

Уяли алоқа операторларига тармоқ сифат кўрсаткичлари ёмонлашуви бўйича жарималар қўлланилди

Ўзбекистонда уяли алоқа хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан операторларнинг ойлик маълумотлари ва тармоқ сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Бу ҳақда мазкур Инспекция сайти хабар бермоқда.

Ўтказилган таҳлил натижалари барча операторларнинг мобил алоқа тармоқлари қуйидаги сифат кўрсаткичларининг ёмонлашганлигини кўрсатди:

– радиоалоқа узатгичлари ишлашида корхонанинг айби билан узилишлар;

– муваффақиятсиз уланишлар сони;

– ўрнатилган уланишда абонент ташаббуси билан бўлмаган узилишлар сони;

– интернет тармоғига муваффақиятсиз уланишлар сони;

– интернет тармоғида ўрнатилган уланишларда абонент ташаббуси билан бўлмаган узилишлар сони.

Юқорида келтирилган сифат кўрсаткичлари таҳлили, лицензия шартномаси талаблари бажарилмаганлиги ва мобил алоқа тармоғи сифат кўрсаткичларнинг ёмонлашуви, шунингдек оператор айби билан юзага келган асосли мурожаатлар бўйича Инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Алоқа соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари талабларини, кўрсатилаётган хизматлар сифатини бузганлик учун молиявий санкциялар (жарималар) тўғрисида»ги 2000 йил 14 августдаги 318-сон қарорига асосан мобил алоқа операторларига молиявий санкциялар (жарималар) қўлланилди.

Лицензия шартномаси талабларини бажарилиши ва мобил алоқа хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча уяли алоқа операторларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!