«UZ» доменидаги сайтлар сони 26 мингга етди

«UZ» доменидаги сайтлар сони 26 мингга етди

Жорий йилнинг 11 февраль куни миллий «UZ» доменида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар сони 26 мингтага етган. Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда миллий доменнинг ўсиш суръати 130 фоиздан юқори. Бу ҳақида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларинини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

www.uz миллий қидирув тизими каталогида рўйхатдан ўтган электрон ахборот ресурслари сони эса 10 минг атрофида бўлиб, уларга ташриф буюрувчи ойлик интернет фойдаланувчилари сони 31 миллиондан ошади.

Биринчи даражали «UZ» миллий домени илк маротаба 1995 йилнинг 29 апрель куни рўйхатга олинган. 2010 йил 25 февраль ҳолатида миллий интернет ҳудудида 11 мингта веб-сайт фаолият кўрсатган бўлса, 2014 йилга қадар улар сони 20 мингдан ошган.

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур кўрсаткич ва рақамлар «UZ» доменидаги 2 даражали веб-сайтларга тааллуқли. Миллий домен ҳудудидаги 3 даражали веб-сайтлар (мисол учун: domennomi.for.uz, www.maktab.zn.uz ) бепул тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги 3080-сонли “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ICANN халқаро ташкилоти билан тузилган келишувга кўра, миллий доменни бошқариш ҳуқуқи UZINFOCOM марказига берилган. Айни кунда ушбу марказ «UZ» доменининг администратори ҳисобланади.

Бугун Ўзбекистонда миллий доменни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланадиган 18 та муассаса бўлиб, уларнинг 9 нафари вилоят компьютерлаштириш марказлари ҳисобланади. Веб-сайтни рўйхатга олиш хизмати ўртача 25-50 минг сўмни, йиллик узайтириш нархи 25 минг сўмни ташкил этади. Миллий доменда веб-сайт ташкил қилиш истагида бўлган хоҳловчилар рўйхатга олувчиларга фуқаролик паспортларини тақдим этишлари керак бўлади. Батафсил бу ерда билиб олинг.

Бу йўналишда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, доменларни рўйхатга олишда соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида, UZINFOCOM маркази томонидан доменларни рўйхатга олувчилар ва маъмурларнинг вазифалари тақсимлаб берилган.

The Atlantic нашрининг ёзишича, 1994 йилда халқаро интернет тармоғидаги веб-сайтлар сони 3 минг атрофида бўлган. 2014 йил охирига қадар “жаҳон ўргимчак тўри”да фаолият кўрсатаётган сайтлар сони 1 миллиардга яқинлашгани аниқланган. 20 йилдаги ўсиш суръати – 33 миллион фоизни ташкил қилади. Ҳар куни ер юзида 12 мингта веб-саҳифа фаолияти йўлга қўйилар экан.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.