Ўзбекистон Microsoft билан алоқаларни кучайтиради

Ўзбекистон Microsoft билан алоқаларни кучайтиради

20 июнда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Microsoft корпорациясининг МДҲ давлатларида бизнесни ривожлантириш бўйича директори Ирина Волк бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу тўғрида вазирлик Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Microsoft ахборот технологиялари соҳасида бой тажрибага эга жаҳондаги йирик муассасалардан бири экани қайд этилган. Жумладан, америкалик ишлаб чиқарувчи консалтинг хизматларини кўрсатиш, IT-архитектурасини лойиҳалаштириш ва АКТ маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади.

Ўз навбатида, Microsoft компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга оширилиши ҳар икки томон учун манфаатли.
Жумладан, учрашувда дастурий таъминотлар, АКТ-таълим, “ақлли шаҳар” технологиялари, маълумотларни “булутли” сақлаш тизимлари, АКТ хизматларида аутсорсингни ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва АКТ соҳасида интеллектуал мулк билан боғлиқ ҳуқуқларни таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттиришга хайрихоҳлик билдириб, тегишли йўналишларда англашув меморандумлари асосида биргаликда ишлашга келишиб олганлар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!