UzCard барча пластик карта эгаларини Telegram’даги фирибгарликдан огоҳлантирмоқда

  •   DiMaX
  •  3126
  •  26.03.2018 15:10

UzCard барча пластик карта эгаларини Telegram’даги фирибгарликдан огоҳлантирмоқда

Бугунги кунда пул маблағларининг пластик карта орқали муомаласи ҳаётимизга чуқур кириб келган. Банк пластик картаси орқали онлайн режимида ўз ҳисобингизни бошқаришингиз, тўлов ва пул ўтказмаларини амалга оширишингиз, шунингдек, буларнинг барчасини мобил илова орқали қилишингиз ҳам мумкин.

Аммо шуниси ҳам борки, маблағларнинг нақд пулсиз айланмасида хавфсизлик масаласига ўзгача ёндашиш керак бўлади. Пластик картадаги маблағларингизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун, аввало, унинг дастлабки PIN-кодини мураккаброғига алмаштиришингиз, кейин бу кодни ҳеч кимга бермаслигингиз каби чоралар зарур. Булар ҳақида қуйидаги мақоламизда батафсил тўхталганмиз:

ЎҚИНГ: Фирибгарлар қармоғи. Пластик картадаги пулларингиз жойидами?

Бугун эса пластик картадан фойдаланиш билан боғлиқ яна бир турдаги фирибгарлик ҳақида огоҳлантирмоқчимиз. Аниқроғи, шундай ҳолатни UzCard компанияси пайқаб қолиб, барча пластик карта соҳиблари учун эълон қилган огоҳлантирув хабарининг мазмунини келтирмоқдамиз.

Гап шундаки, фирибгарлар энди Ўзбекистонда кенг оммалашган Telegram тармоғи орқали «фаолият» юрита бошлашган. UzCard компаниясининг аниқлашича, ушбу мессенжерда пластик карта эгаларининг пул тикишлари ортидан ноқонуний бизнес билан шуғулланувчи шубҳали каналлар мавжуд экан. Улар Telegram фойдаланувчиларидан ўз пластик картасидаги пул маблағларини бошқа карта ҳисобрақамига ўтказишларини таклиф этади ва маълум муддатдан сўнг шу маблағни 20 фоизлик фойда билан қайтаришни ваъда қилади.

Таъкидлаш ўринлики, бунда пулларнинг айтилган вақтда ва миқдорда қайтарилишига ҳеч қандай кафолат берилмайди, натижада соддадил кишилар тиккан пулларидан ажралиб қолишлари хавфи юқори.

ЎҚИНГ: OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз

Шу боис, UzCard компанияси барча пластик карта эгаларини огоҳлантириб, шу каби эълонларга дуч келган тақдирда Ягона умумреспублика процессинг марказига хабар қилишга чақиради. Бу каби шубҳали хизматларга ишонч билдириб, сиз интернет-фирибгарлик қопқонига тушишингиз мумкин, шунингдек, бундай усулларда амалга оширилган ўғирлик ҳолатлари учун ўзингиз масъул бўласиз, дейилади огоҳлантирув хабарида.

Фирибгарларга ишониб, банк пластик картангиздаги маблағларингиздан ажралиб қолманг! Шунингдек, бу каби ҳолатларда алданиб қолмасликлари учун, мазкур хабаримизни дўст ва яқинларингизга ҳам улашинг!

ЎҚИНГ: Click билан қилиқ қилган ҳисобчи қўлга олинди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!