«ВКонтакте» ўз университетини очади

«ВКонтакте» ўз университетини очади

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи «VK University» (https://vk.com/vku) таълим блокини ишга тушириш ва компанияда шу номдаги бўлим очишини эълон қилди. Ёш дастурчилар ўқувларини ташкил этиш, талабалар дастурлашини моддий ва бошқа жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, дастурчилар учун турли мусобақаларни ўтказиш унинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

«Гап алоҳида юридик шахс ташкил этиш ҳақида кетмаяпти. Биз кўпдан буён олимпиадавий дастурлаш ва иқтидорли ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз. Энди эса биз таълимий блокни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан машғул бўладиган мутахассислар гуруҳини жалб этган ҳолда мазкур йўналишга алоҳида диққат қаратамиз», – дейди «ВКонтакте» матбуот котиби Георгий Лобушкин.

Лойиҳа мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ва ихтисослашган олий таълим муассасалари талабалари учун мўлжалланган. Машғулотлар Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтади, бироқ компания маърузаларни интернетга ҳам жойлаштиришни режалаштирмоқда. Аксарият маъруза ва мастер-класслар ижтимоий тармоқ дастурчилари томонидан ўтказилади. Таълимий дастурларда қатнашиш бепул.

Хабарларга кўра, iOS дастурларини ишлаб чиқиш бўйича уч ойлик курс янги блок доирасида бўлиб ўтадиган биринчи йирик лойиҳа ҳисобланади. Шунингдек, «ВКонтаке» келгусида Android ва бошқа йўналишларда дастурий ишланмалар яратиш бўйича маърузалар туркумини ташкил этади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!