Хитойлик LeEco АҚШга “юришни” бошлади

Хитойлик LeEco АҚШга “юришни” бошлади

Замонавий ва нисбатан ҳамёнбоп маҳсулот ҳамда сервислар билан танилган Хитойнинг LeEco компанияси АҚШ бозорига шиддат билан кириб келишни бошламоқда. TechCrunch нашри берган хабарга кўра, хитойлик бренд 19 октябрда АҚШда жуда ҳам йирик тақдимотни ўтказиб, ўзига қарашли хизмат ва қурилмаларни намойиш этди.

Турли техника воситаларидан ташқари, LeEco фирмаси EcoPass номли Netflix аналогидаги онлайн кинотеатр хизмати, LeMusic онлайн мусиқа плеери каби сервисларга ҳам эгалик қилади. Мазкур сервислардан компаниянинг флагман қурилмаларида қўшимча чегирма билан фойдаланиш мумкин.

Хитой бренди юқори форматли ва кенг дисплейга эга телевизорлар, LeEco Le S3 ва  LeEco Le Pro 3 смартфонлари, VR-шлемлар каби қурилмаларни ҳам АҚШ ҳудудида сотувга чиқаради. Ҳали бу ҳаммаси эмас! Хитойлик шоввоз, шу билан бирга, велоципед, лазерли маркерлар, GPS технологиялари, мусиқа плеерлари ва турли хавфсизлик тизимларини ҳам мижозлар эътиборига ҳавола этган. Бундан ташқари, компания LeSee маркасидаги электромобилларни ҳам сотишни режалаштирган. Фирманинг ижрочи директори Юетинг Джианинг тақдимотда айтишича, айни пайтда LeSee электромобили Лондонда бўлиб ўтаётган машҳур “Трансформерлар” фильмида суратга олинмоқда. Компания раҳбарининг таъкидлашича, хитойлик бренднинг барча маҳсулотлари ўзаро боғланадиган ягона экотизимга эга бўлади.

LeEco фирмасига 2004 йилда асос солинган бўлиб, у биринчи онлайн видеолар тижорати билан шуғулланган. 2014 йилда компания қарийб 4 млн смартфон сотишга муваффақ бўлган. Баъзи прогнозларга кўра, компания 2016 йилда жами 25 млн дона смартфонни сотишга улгуриши мумкин экан.

Эслатиб ўтамиз, LeEco компанияси бундан бир неча кун аввал Россиянинг Москва шаҳрида ҳам ўз фирма дўконини очган эди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.