Хитойнинг “дисплей маликаси” дунёнинг энг меҳнаткаш миллиардерига айланди

Хитойнинг “дисплей маликаси” дунёнинг энг меҳнаткаш миллиардерига айланди

 

Forbes журнали анъанавий равишда “Дунёнинг энг бой кишилари рўйхати”ни эълон қилди. Унда Хитой 25 нафар миллиардерлари билан  АҚШдан кейин дунёнинг энг кўп миллиардерлари истиқомат қиладиган давлатга айланди.

Хусусан, Apple ва Samsung компанияларига сенсорли экран етказиб бериш билан шуғулланувчи Lens Technology компаниясининг асосчиси Чжоу Цюньфэй хоним ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган.

У жаҳон миқёсида ўз меҳнати билан давлат тўплаган энг бой аёл деб эътироф этилди. Хитойлик бой хоним 5.9 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағи билан дунёнинг энг бой кишилари рўйхатида 205 ўринни эгаллаб турибди.

Чжоу хоним Марказий Хитойнинг Ҳунан қишлоғида улғайган ва оиласига ёрдам бериш мақсадида, 15 ёшида Шэньчжэн шаҳрига кўчиб, соат учун линзалар ишлаб чиқарадиган фабрикага ишга киради.

Қаттиқ меҳнат ва ҳаракати туфайли 3 минг АҚШ доллари маблағ тўплаб, 1993 йил 23 ёшида ўзининг олий навли шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган шахсий бизнесини йўлга қўйган.

Айни кунда Чжоу Цюньфэйнинг компаниясида 75 мингдан зиёд ходим фаолият юритади. Уни хитойликлар ҳурмат билан “дисплей маликаси” деб ҳам аташади.